Ҳуқуқ
September 24, 2020

Дунёнинг энг қадимий қонунлари

Дунёнинг бизгача етиб келган энг қадимий қонунлари Бобил подшоси Хаммурапи (мил.ав. 1792 – 1750) томонидан тузилган. Хаммурапи қонунлари қулдорлик тузуми ҳуқуқининг характерли белгиларини ўзида акс эттирган бўлиб, Қадимги Шарқ ҳуқуқининг қимматли ёдгорлиги саналади. Xаммурапи қонунлари 282 моддадан иборат бўлиб, ҳуқуқнинг айрим соҳаларига тегишли суд процесси, мулк ҳуқуқи, мулкнинг турли кўринишлари, ерга эгалик, никоҳ ва оила, мерос ҳуқуки ва бошқа масалаларни ўз ичига олади. Унда хусусий мулкчилик, айниқса, қулдорлик қаттиқ ҳимоя қилинган Қуйида ушбу қонунлардан айрим мисолларни ўқишингиз мумкин.

• Қулни ўғирлаганлик, қочган қулни яширганлик учун ўлим жазоси белгиланади.

• Кимнидир қотилликда айблаб, буни исбот қилолмаган одамнинг ўзи ўлимга ҳукм қилинади;

• Бирор жиноят учун судда гувоҳлик берган одам ўз сўзини исботлаб беролмаса, ўлимга ҳукм қилинади;

• Агар судья асоссиз равишда ўзи чиқарган ҳукмни бекор қилса ёки ўзгартирса, ўз лавозимидан озод қилинади ва жарима тўлайди;

• Агар сотувчи ўз молини харидорга топширмасдан вафот этса, харидор ўша маҳсулотнинг беш баравар қийматини марҳумнинг яқинларидан ундириб олишга ҳақли;

• Агар кимдир бировнинг қочиб кетган қули ёки канизагини тутиб, эгасига қайтарса, эгаси унга икки сикль (тахминан 23 грамм) кумуш бериши керак;

• Агар қурувчи қурган уй қулаб тушиб, уй эгасини ҳалок қилса, қурувчи қатл этилади;

• Агар фарзанд ўз отасини урса, унинг қўли кесилади;

• Агар кимдир бошқа бировнинг кўзини ўйиб олса, унинг ҳам кўзи шу тарзда ўйилади;

• Агар кимдир бошқа бировнинг қўлини синдирса, унинг ҳам худди ўша қўли синдирилади;

• Агар кимдир ўзидан мартабаси юқори бўлган кишининг бўйнига урса, ҳамманинг олдида 60 қамчи билан саваланади;

• Агар кимдир ўз хотинига мохов касалини юқтирса, бу аёлидан воз кечиши мумкин эмас. Аксинча, бир умр шу аёли билан бирга яшашга ва уни боқишга мажбур.