Руҳий беморларга музейга бориш тавсия этилди

Бугундан Канаданинг Монреаль шаҳрида асаб касалликларига йўлиққан беморларни музейларга юбориш бўйича тажриба бошланади. Улар ушбу ҳудуддаги нафис санъат музейига ташриф буюришади. Даволашнинг бундай ноодатий усулида иштирок этиш учун қарийб юз нафар шифокор рози бўлган, деб ёзади The Daily Mail.

Тажриба бир йил давом эттирилиши режалаштирилмоқда. Шу давр ичида шифокорлар беморларнинг музейларга боришлари учун рухсатнома ёзиб беради. Йўлланма бепул. Беморлар музейга ўз оила аъзолари ёки дўстларини ҳам олиб келишлари мумкин. Ҳар бир шифокор шу бўйича 50 тагача рухсатнома тақдим эта олади.

Канада Франкофония шифокорлар уюшмаси томонидан ташкил этилган мазкур лойиҳа давомида музейга бориш беморлар саломатлиги, руҳиятига қандай таъсир кўрсатаётгани ўрганиб борилади.

“XX асрда жисмоний фаоллик саломатликка қандай хизмат қилган бўлса, XXI асрда маданият шундай хизмат қилишига ишончим комил, - деди Монреал нафис санъат музейи директори Натали Бондиль. — Спорт танага қандай фойда келтирса, маданий кечинмалар қалбга шундай фойда беради”.

Канада Франкофония шифокорлар уюшмаси раҳбари Николь Парентнинг қайд этишича, санъат асарларини томоша қилаётганда спорт билан шуғулланган пайтдаги каби лаззатланиш гормонлари ишлаб чиқарилади. Бу эса кайфиятни кўтариб, аҳволни яхшилайди. Парент келажакда ушбу лойиҳага бошқа музейлар ҳам қўшилишига умид билдирди.