May 12, 2020

НАМАНГАНДАГИ ЕР БИЛАН БОҒЛИҚ ФИРИБГАРЛИККА КАДАСТР ХОДИМЛАРИНИНГ АЛОҚАСИ ЙЎҚ!

Бугун ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларда “Наманганда тадбиркордан
5 000 АҚШ доллари талаб қилган фирибгар ушланди”, дея хабар берилмоқда. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов, маълум қилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Наманган вилоят бошқармасига якка тартибдаги тадбиркор А.Х. мурожаат қилиб, “М.” исмли шахс Наманган шаҳар, “Машад” мавзесидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун 0,3 га ер майдони олиб бериш масаласини ҳал қилиш эвазига ундан 5 000 АҚШ доллари талаб қилиб, аванс тариқасида олдиндан 500 АҚШ доллари беришини сўраётганлигини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Тадбиркорнинг ушбу мурожаатида келтирилган важларни текшириш мақсадида, Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда,фуқаро М.Ш. ЯТТ А.Х.дан юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали юқоридаги манзилдан 0,3 га ер майдони ажратиб бериш эвазига 300 АҚШ доллари ва 1,9 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан М.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мазкур ҳолат бўйича Наманган вилояти Ер ресурлари ва давлат кадастри бошқармаси ва вилоят “Ермулккадастр” ДК тизимида ишловчи ходимларининг бу ишга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва ҳозирда барча ходимлар ўз иш жойларида хизмат вазифасини бажараётганлиги маълум қиламиз.

Шу билан биргаликда Давергеодезкадастр қўмитасининг 2020 йил 9 апрелдаги 176-08-сонли буйруғи билан Қўмита тизимида одоб-ахлоқ қоидалари ўрнатилганлигини, унга асосан Одоб-ахлоқ комиссияси таркиби тасдиқланиб ҳар ойда камида бир марта комиссия йиғилишини тизимли равишда ўтказиб, унда ходимларни одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари, қўмита тизимида коррупцияни олдини олиш масалаларини муҳокама қилиб борилиши белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.

Шунингдек, ушбу буйруқ билан белгилаб қўйилдики, ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий ёки бошқа жавобгарликка тортиш учун асос бўлиб хизмат килади.

Ҳурматли фуқаролар ҳамда тадбиркорлар!

Давергеодезкадастр қўмитаси ва жойлардаги бошқарма ва корхоналар томонидан ер муносибатларида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш учун бир қатор ўта муҳим қарорлар қабул қилинди. Агарда сиз ер олиб бериш ёки кадастр ҳужжатларини таниш-билишлари орқали расмийлаштириб бериш каби ваъдаларни бериб юрган фирибгарлар тўғрисида маълумотга эга бўлсангиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки қўмитанинг 1097 ишонч рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.