“Сиддиқжонобод оқ олтин хирмони” фермер хўжалиги раҳбари Н.Шамсиддиновнинг мурожаати ўрганилди
Интернетнинг “Human.uz” ижтимоий тармоғининг ахборот порталида 2020 йил 21 апрель куни Бувайда туманидаги “Сиддиқжонобод оқ олтин хирмони” фермер хўжалиги раҳбари Шамсиддинов Набижон Судуржонович томонидан “Бувайдали фермер фарёдига ким қулоқ тутади” мазмунидаги мурожаат ёритилган.
“Сиддиқжонобод оқ олтин хирмони” фермер хўжалиги раҳбари Н.Шамсиддиновнинг мурожаати ўрганилганида, қуйидагилар маълум бўлди.
Жумладан, туман ҳокимининг 15.12.2015 йилдаги 1456-сонли қарори билан Н.Шамсиддинов бошчилигида пахта-ғаллачилик йўналишида фермер ҳўжалиги ташкил этиш учун 80.89 га ер майдони ажратилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 09.01.2019 йилдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 14-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида фермер хўжаликлари ер майдонларини мақбуллаштириш ишлари амалга оширилган.
Шунга кўра, туман ҳокимининг 28.01.2019 йилдаги 275-сонли қарори билан “Сиддиқжонобод оқ олтин хирмони” фермер хўжалигининг ер майдони туман давлат захира ерлари ҳисобига қайтарилган.
Хўжалик раҳбари Н.Шамсиддиновнинг туман прокурори номига 31.01.2020 йил кунги мурожаатига кўра, туман ҳокимининг 28.01.2019 йилдаги 275-сонли қарори ўрганилганида, мазкур қарор қонун талабларига зид бўлганлиги сабабли, уни бекор қилиш ҳақида 20.02.2020 йилда протест келтирилган.
Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан 26.02.2020 йилдаги 88-сонли қарори билан туман ҳокимининг 28.01.2019 йилдаги 275-сонли қарори бекор қилиниб, фермер хўжалиги фаолияти қайта тикланган.
Бундан ташқари, туман ҳокимининг 26.03.2020 йилдаги 166-сонли қарори билан хўжаликнинг ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси давлат рўйхатидан ўтмаганлиги сабабли, “Сиддиқжонобод оқ олтин хирмони” фермер хўжалигининг ижарага берилган ер майдонларига бўлган ҳуқуқи вужудга келмаганлиги асос қилиниб, хўжаликни ер майдонлари қайта туман захирасига олинган.
Шунингдек, хўжаликни ер майдонлари қайта туман захирасига олишда қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалигига оид эҳтиёжлар учун ер майдонларини танлаш ва ажратиш масалалари билан шуғулланувчи доимий ҳаракатдаги ишчи гуруҳнинг 25.03.2020 йилдаги хўжаликнинг 3 йиллик фаолиятини ўрганиш юзасидан тузилган хулосаси ҳам асос қилиб олинган бўлиб, ишчи гуруҳнинг мазкур хулосасида “Сиддиқжонобод оқ олтин хирмони” фермер хўжалиги ер участкасидан самарали ва оқилона фойдаланмаганлиги, 2018 йилда бошоқли дон ҳосилидан бўшаган майдонларга белгиланган режадаги такрорий экинларни экмаганлиги, режалаштирилмаган бошқа экинларни экиб олганлиги, ер участкаларини сақлаш шартларига ва сувдан фойдаланиш тартибига риоя этилмаганлиги, ички суғориш ариқлари мунтазам тозалаб келинмаганлиги оқибатида суғориш ариқларини бегона ўтлар босганлиги, сув олиш қулоқлари жиҳозланмаганлиги, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича етарли чоралар кўрилмаганлиги, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширмаганлиги оқибатида фермер хўжалигига бириктириб берилган 70.8 гектар экин ерларининг 15 гектари бегона ўтлар билан зарарланганлиги, 2019 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонлари атрофини чорва ҳайвонларидан ҳимоя қилиш мақсадида четан тўсиқлари билан ўралмаганлиги, шарбат ховузлари етарлича ва сифатли ковланмаганлиги, шарбат усулида суғориш ишлари ташкил этилмаганлиги, шартномавий мажбуриятларни бажарилиши бўйича 2016 йилда 60 фоиз, 2017 йилда 103 фоиз, 2018 йилда 59 фоизга давлатга пахта сотиш контрактация шартномаларини, 2016 йилда 68 фоиз, 2017 йилда 78 фоиз, 2018 йилда 92 фоизга давлатга ғалла сотиш контрактация шартномаларини бажарганлиги, натижада 3 йил давомида пахта сотишда ўртача 74 фоиз, ғалла сотишда 79 фоизга режа бажарилганлиги, фермер хўжалигининг 01.01.2019 йил ҳолатига музлатилган қарздорлиги 83.77 млн сўм, (шундан ПҚ- 3574-сонли қарорга асосан музлатилган 22.04 сўм), ғалла имтиёзли кредитидан 44.0 млн. сўм, Қўқондон маҳсулотлари комбинатидан 12.1 мл. сўм, ягона ер солиғидан 8.5 млн. сўм, электр энергиядан 19.18 млн сўм қарздорлиги мавжудлиги, фермер хўжалиги 3 йиллик фаолияти даврида янги замонавий техникалар ва қишлоқ хўжалиги агрегатлари сотиб олмаганлиги, туман фермер, дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига 450.0 минг сўм аъзолик бадаллари тўланмаганлиги, фермер хўжалигини иқтисодий имкониятлари чегараланганлиги қайд этилган.