May 19, 2020

Маъмурий-ҳудудий тузилишга оид асосий таомиллар белгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 19 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қизғин муҳокама этилди.

Мазкур қонун Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 августдаги 13498-хҳ-сон топшириғига асосан ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси маъмурий-ҳудудий тузилишининг бугунги кундаги ҳолати: Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят, Тошкент шаҳри, 171 та туман, 31 та шаҳар 1 094та шаҳарча ҳамда 11 119 та қишлоқ ва овуллардан иборат.

Янги тайёрланган Қонун лойиҳаси 8 боб 47 моддадан иборат бўлиб, ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Шунингдек, “Қорақалпоғистон Республикаси бўйсунувидаги туман ва шаҳарларнинг чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги, вилоятлар бўйича туман ва шаҳарларнинг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги нормалар лойиҳага киритилмоқда.

“Шаҳарларни республика бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисида”ги норма алоҳида моддада акс этаётгани бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 июндаги Фармони билан республика бўйсунувидаги шаҳарлар тоифаси белгиланган. Қонун лойиҳасида эса бу туркумдаги шаҳарлар бўйича норма аввалги қонунда мавжуд эмас эди.

Маъмурий-ҳудудий масалаларни ҳал қилишда сайлов округларининг чегараларини ўзгартиришга оид модда қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Депутатларнинг фикрича, сайлов округлари чегараларининг ўзгариши натижасида сайланган депутатларнинг ҳам ҳудуди қисман ўзгаради. Амалиётдан келиб чиқиб ҳамда бошқа ҳужжатларда ушбу норма акс эттрилмаганлиги сабабли ушбу қонун лойиҳасида тегишли модда келтирилмоқда.

Муҳокамаларда ушбу ҳужжат Қонунчилик палатасининг фракциялари, қўмиталари ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан кўриб чиқилиб, таклиф ва тавсияларлар олингани қайд этилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, тортишувлардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.