Ер назорати Қибрай туманида
Қибрай тумани Тузел қишлоғи, “Арғин” маҳалласида ер майдонларини мониторинг қилиш жараёнида Каттабоғ кўчасида жойлашган “TUZEL-QAHRAMONOV VAHOB” фермер хўжалигига ижарага фойдаланишига берилган 311а-контуридаги унумдорлиги бўйича балл бонитети 60,8 баллни ташкил этувчи ернинг 0,28 гектар майдони 3 нафар фуқаролар томондан ўзбошимчалик билан ўраб олиниб қурилиш ишлари амалга оширилган.
Туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ходимлари томонидан январ ойидаги хатлов ишлари давомида мазкур ҳолат аниқланган ва қурувчиларга қурилишни давом эттирмаслик, бу қонунга хилофлиги тушунтирилган. Бироқ қурилиш ишлари давом эттирилаверган.
Шундан сўнг ер назоратчилари ушбу масалани туман комиссиясига маълум қилган ва комиссия томонидан қурилишни бартараф этиш бўйича чоралар кўришга кўрсатма берилган.
Бугун ноқонуний қурилишни бартараф этиб экин ерини фермерга қайтариб бериш мақсадида Қибрай туманининг барча мутасадди раҳбарлари билан бирга Фермер, маҳалла раиси келишди бироқ иморатни қурган фуқаролар кўриниш бермади.