Янги кадастр паспорти – бу янги дунёқараш
Короновирус пандемияси чекина бошлади. Қурувчилар янги уйларни битиришмоқда. Прописка бекор бўлди. Нотариуслар ва Давлат хизматлари марказларига мижозлар ташрифи тобора кўпаймоқда. Уй-жой олди-сотдисини расмийлаштириш жараёни ҳам яқин орада авжига чиқиши кутилаяпти.
Ниҳоят уй-жойли бўлиш насиб этди. Риэлтор таклиф қилган вариант маъқул келди. Уй эгаси ҳам нархдан яхшигина ўтиб берди. Тинч маҳалла. Ҳаммаси биб-бинойидек. Лекин кўнгил хотиржам эмас. Сабаби таниш-билишлар орасида уй оламан деб чув тушганлар йўқ эмас. Шуларни ўйлаб, кўнгил хижил бўлмоқда. Бош қотган. Нима қилиш керак?
Смарт карта шаклидаги кадастр паспортининг янги намунаси
Бу - уй хариди вақтида ишонч комил бўлиши учун хавфсиз ва замонавий ечим. Бугунги кунда ҳар қандай соҳада технология ўз сўзини айтмоқда. Энди кадастр соҳаси ҳам бундан мустасно эмас. Соҳада замонавий инновацион ечимлар жорий этилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли - махсус НФС технологияли микрочипга эга “смарт” яъни ақлли карта шаклидаги кадастр паспортидир. Янги намунадаги кадастр паспорти қуйидаги афзалликларга эга:
1. Барча кадастр маълумотлари бир жойда ягона маълумотлар базасида сақланади. Смарт карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади.
2. Барча кадастр маълумотлари бир жойда, тартибли, қулай шаклда, тўлиқ равишда жой олади.
3. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон қайд этиб борилади ва электрон кадастр тарихи вужудга келади.
4. Ахборот-коммуникация технологиялари хавфсизлиги юқори савияда ташкил қилинади.
5. Нотариал идораларда уй-жойни расмийлаштириш вақтида ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни сезиларли равишда енгиллашади.
6. Смарт карта йўқолиб қолган ёки яроқсиз ҳолга келганда, масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади.
7. Геопортал билан интеграция натижасида уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисида ўта аниқ маълумот смарт картадан жой олади.
8. Махсус мобил илова орқали кадастр паспорти маълумотларини кўриш имкони яратилади. Бунинг учун смарт картани телефонга яқинлаштириш кифоя.
9. Махсус НФС технологиясига эга микрочипли смарт карта кенг имкониятларга эга. Тез орада уй-жой билан узвий боғлиқ бўлган коммунал, солиқ, ипотека ва суғурта хизматларини смарт карта орқали ишлатишни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.