Судлар мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда...
Мамлакатимизда юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил
7 февраль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон фармон билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”даги иккинчи йўналиш бевосита қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, ушбу йўналишда белгилаб берилган асосий вазифаларни изчил амалга ошириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Айтиш мумкинки, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган энг долзарб ва устувор вазифалар ҳар йили Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига йўлланаётган Мурожаатномада, қолаверса унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармон асосида қабул қилинадиган Давлат дастурида белгилаб берилмоқда ҳамда изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармон соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.
Хусусан, фармоннинг кириш қисмида судлар томонидан одил судловни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққанлиги, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланганлиги, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилганлиги, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилганлиги эътироф этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинган:
→ вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
→ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;
→ маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;
→ Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;
→ фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;
→ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш.
Бундан ташқари, юқоридаги Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи таклифлари маъқулланмоқда:
а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи “дастлабки эшитув” босқичини киритиш;
в) қуйидаги тартибларни жорий этиш:
→ туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
→ апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
→ Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;
→ давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
→ прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
→ қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича Судлов таркиби тузилиши ҳақидаги таклиф маъқулланди.
Мазкур Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар, яъни йирик инвесторлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилиши, бунда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги назарда тутилган.
Ҳудди шунингдек, фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозимининг жорий этилиши, қолаверса Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматларининг ташкил этилганлиги судларнинг одил судловни таъминлаш борасидаги фаолиятларини такомиллаштириши билан бирга, соҳага оид қонунчиликни таҳлил қилган ҳолда, мавжуд муаммоларни барвақт аниқлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни ва фуқароларни доимий равишда тезкорлик билан хабардор қилиб бориш имконини беради.
Фармоннинг 7-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига 2020 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суди, қуйи суд тизими судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари иш ҳақлари ва қўшимча тўловларини тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилишини ҳамда иш ҳақлари миқдорларини оширилишини назарда тутувчи таклифлар киритиш вазифаси юклатилганлиги судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбир бўлиб ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқоридаги фармоннинг қабул қилиниши Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 30 июнь куни ўтказилган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида юртбошимиз томонидан илгари сурилган “бир суд – бир инстанция” тамойилини амалиётга жорий этишга қаратилган бўлиб, унинг амалга оширилиши ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, судларнинг ҳамда судьяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва пировардида юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кучли ҳимоясини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Асқар Мамараимов
Шеробод туманлараро
иқтисодий судининг судьяси