July 27, 2020

Иш берувчининг зўравонлиги қимматга тушди!

Ҳар бир инсон ўз меҳнатининг самарасини кўриши, ишлаган жойидан иш ҳақини олиши оддий ҳолат ҳисобланади!

Аммо айрим ҳолларда иш берувчиларнинг бунга амал қилмаслиги ҳолатлари учраб туради.

Меҳнат кодексининг 6-моддасида барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгалиги, жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмаслиги ва булар камситиш деб ҳисобланиши қайд этилган.

Яқинда Жарқўрғон туман адлия бўлимига фуқаро Н.Абдимуротов туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида ишлаган даври учун иш ҳақи ва етказилган маънавий зиённи ундириш масаласида мурожаат қилди.

Туман адлия бўлими томонидан ҳолат батафсил ўрганилганда, корхона томонидан фуқарога 2019 йил 2-июлдан унинг меҳнат вазифаларини бажаришга маъмурий тўсиқ яратиб келинганлиги, у билан мехнат шартномасини бекор қилиш чоралари кўрилмаганлиги ва ишга асоссиз қўйилмаганлиги, натижада у 2019 йил август ойидан декабрь ойига қадар ва 2020 йил январь ойлари давомида иш ҳақи олиш ёки бошқа ишга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлиги аниқланди.

Меҳнат кодексининг 188-моддасида ходим меҳнат қилиш имкониятидан ғайриқонуний равишда маҳрум этилган барча ҳолларда (меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилганлиги, ҳар қандай йўллар билан ходимнинг шаънига доғ туширувчи маълумотлар тарқатилганлиги натижасида, башарти бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса)ололмай қолган иш ҳақини иш берувчи унга тўлаши шартлиги қайд этилган.

Адлия бўлими томонидан фуқаронинг манфаатида 9.252.513 сўм иш ҳақи ва 2 000 000 сўм маънавий зарар ундириш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Қумқурғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Суд ишни батафсил кўриб чиқиб 2020 йилнинг 17 июн куни фуқаро Н.Абдимуротовга Жарқўрғон туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ҳисобидан 9.252.513 сўм иш ҳақи, 2.000.000 сўмлик маънавий зарар ундириб бериш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.

Адлия ва суднинг аралашуви билан фуқаронинг камситилган ҳуқуқлари тикланди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, қонунчилигимизда иш берувчининг ҳам ҳодимнинг ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор, уларни бажармаслик жойи келганда икки тараф учун ҳам қимматга тушиши мумкин!

У.Арипов

Жарқўрғон туман адлия бўлими бошлиғи