June 9, 2020

Ўзбек блогерлари. Хушнудбек Худойбердиев

Хушнудбек блогер сифатида менда икки хил таассурот қолдиради. Рақамлар, сўровлар, рейтинг кўрсаткичларига қарасанг, унга етадигани йўқдек.

Бошқа томондан, унинг икки шахсий саҳифаси

  • xushnudbek.blogspot.com;
  • xushnudbek.uz
  • шу номдагителеграм каналидаги ҳар бир постни диққат билан ўқиб чиққан инсон сифатида ҳуқуқшунос ва блогернинг якуний қиёфасини шакллантиролмай ҳалакман (бошқа блогерлар билан бундай ҳолат бўлмади).

Ҳамма билган маълумотларни ўртага ташласак, уёғи бир гап бўлар.


Блогернинг туғилиши

Хушнудбек, ўзи ёзган пост ва ўзбек википедиясидаги маълумотларга қараганда, блогинг оламига 2012 йили кириб келган. Унга Санжар Ризаев ва Ҳамза Фозилжонов туртки беришган (аммо Санжар Ризаевнинг “Сиз блог очинг бир” тарихий луқмаси муҳрланган сатрлар ҳозир интернетда мавжуд эмас (кешма кеш изғигим келмади).

Шунингдек, "Дарё.уз" асосчиси Фарҳод Файзуллаевнинг блогер учун "хушнудбек.уз сайтини яратиб, барча техник масалаларни бепул ҳал қилиб берганини ҳам унутмаслик керак. (Бугунда Канадада яшаётган Фарҳод Файзуллаев "Замбаракнинг ўқи" телеграм каналини ҳам юритади; кейинги постлардан бирида унга ҳам бир-икки атаганларим бор).

(Хуллас, Хушнудбек исмли блогерни ёқтирмаганлар, бунинг учун ана шу уч инсондан ранжиса бўлаверади).

Орадан ўтган саккиз йил давомида Хушнудбек Ўзбекистоннинг машҳур блогерларидан бири сифатида шуҳрат қозонди.

2018 йилнинг 3 апрелида очилган ва биринчи пост 8 май куни жойлаштирилган телеграм канали атрофида 260 мингдан ортиқ ўқувчини бирлаштира олди (лекин бу масалада бироз дилхираликка ўхшаш нимадир бор – қуйироқда гаплашамиз).

Лекин блогерликдаги ғалабалари ва бунчалар тез тилга тушишида унинг қалами ўткирлиги эмас, қуйидаги бир неча омиллар муҳимроқ роль ўйнаган.

Блогерни "одам" қилган омиллар

Биринчиси, ва асосийси. Обуначилари сонининг кўплигига унинг 2004 йилдан буён “Заковат” интеллектуал ўйинида иштирок этиб келаётгани, яъниким мунтазам равишда телевидение орқали кўриниб тургани сабаб бўлган.

Бу масалада ортиқ ҳеч нима деёлмайман, чунки мен 15-16 йилдирки, онгли равишда умуман телевизор кўрмайман (бундан жуда хурсандман). “Заковат” каби лойиҳалар менинг қизиқишларим доирасига кирмайди ҳам.

Иккинчидан, Хушнудбек мантиқан бўлмаса, беихтиёр равишда йўналишни аниқ танлади. У ўзини қизиқтирган мавзуларда ёзишга, бошқа манбалардаги маълумотлар билан канали орқали бўлишишга киришди.

У

·        ўқишга кириш;

·        тест синовларига оид янгиликлар;

·        тест ўтказилаётган ОТМлардаги камералар;

·        тест жараёнидан абитуриентлар, уларнинг ота-оналарини жалб қилган ҳолда уюштирилган тезкор халқона репортажлар;

·        аҳолини қийнаган ҳуқуқий масалалар бўйича қилган таҳлилий постлари;

·        прописка каби масалалар эвазига обуначилари сонини кескин кўпайтириб олди.

Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Чунки бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон учун булар ўлмайдиган мавзудир. Ҳар қалай, бирон бир мамлакатда таълим олиш, ўқишга кириш, контракт, прописка муаммолари миллионлар хаёлини ўнлаб йиллар давомида буткул маҳв этишга қодир бўлмаса керак.

Таъкидлаш ўринли, бу мавзуларда ёзиш Хушнудбекнинг ўзига ҳам ёқиши сезилиб туради. Бу ҳам блогер учун муваффақият омилларидан бири аслида.

Учинчидан, Хушнудбекнинг долзарб мавзулардаги мақолалари, постлари Ўзбекистоннинг йирик оммавий ахборот воситалари, масалан, кун.уз, дарё.уз ва узларда да чоп этилди. Бу эса Хушнудбекнинг шахсий саҳифасига келаётган трафикни кескин оширди.

Бу муаллифнинг ўз ташаббуси билан бўлдими ёки таҳририятнинг таклифи биланми, билмадиму, аммо интернет маркетинг ҳақидаги дарсликларда бу усул, яъни йирик сайтлар билан “мендан мақола, сендан фаол (нофаол) ҳавола” қабилидаги ҳамкорлик блогни ривожлантиришнинг энг самарали йўли сифатида эътироф қилинади.