Қовун пашшаси ҳар бир деҳқонни ташвишга солмоқда
Мамлакатизнинг жанубий ҳудудлари Сурҳондарё, Қашқадарё, Жиззах вилоятлари ҳамда водий вилоятларида полиз экинларини экиш бўйича миришкор деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Улар қовун ва тарвузнинг сифатли уруғларини экадилар, аммо, ўсимлик хосилга кирганда "Қовун пашшаси" номини олган хашорат маҳсулотларга хавф солади. Шу боис кўплаб деҳқонлар, бу зараркунандадан ташвишга тушиб, уларни йўқ қилиш чораларини излайди.
Бу борада Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг вилоятлардаги ҳудудий инспекциянинг агроном инспекторлари ўсимликларда учрайдиган турли касалликлар ва зараркунандаларни йўқ қилишда деҳқонлар, фермерлар ҳамда тадбиркорларга елкадош бўлиб келмоқда.
Мазкур мақолада "Қовун пашшаси"га қарши кураш тадбирлари бўйича маълумот берилади.
Таъкидлаш лозимки, юртимизда полиз экинларини камайиб кетиш сабабларидан бири – бу полиз экинларида зараркунанда-ю, касалликларнинг кенг миқёсда пайдо бўлишидир. Жумладан, 2001 йилдан кейин кенг миқёсда қовун пашшасининг кўпайиши, зарари максимал миқдорга етиши ва бундай зараркунандаларга қарши кураш тадбирлари ўз вақтида фермер хўжаликлари далаларида жорий этилмаслигидадир.
Кузатув натижаларига қараганда, қовун пашшаси тарқалиши ва зиёнини бошқа турларга нисбатан фарқ этади. Қишловдан чиққан етук зоти май ойида қовун даласида пайдо бўлиши, август ойига қадар ҳосилнинг 90–95% нобуд бўлишига олиб келади ва бошқа полиз далаларига ҳам тез суръатда тарқалади.
Далада пайдо бўлган етук зотига қарши полиз экинларида қўллаш учун тавсия этилган кимёвий препаратлар эрталаб соат 5–8 оралиғида, махсус агрегатлар ёрдамида ишлов берилиб зараркунанда йўқ этилиши керак. Тадбирларни далада бир вақтда олиб бориш тавсия этилади. Демак, қовун пашшаси ривожланиши кузатувлари бўйича зараркунанданинг биринчи авлоди 30 % меваларда пайдо бўлишини ҳисобга олиб, қурти ва ғумбагини йўқ этадиган ускуна «Феромон тутқич» ёрдамида кураш тадбирларини олиб боришни ишлаб чиқаришга жорий этиш зарур.
Зараркунанда етук зоти меваларга тухум қўйган жойларида қизил-жигарранг чиқиндилар пайдо бўлиб, кўзга кўринганини ажратиб олиб, тагига махсус ускуна қўйиб биринчи авлодининг қурт ва ғумбакларини 100 % йўқотиш талаб этилади. Шундай қилиб, қовун пашшаси ғумбагини кузда тупроқни ҳайдаш, биринчи авлоди етук зотини кимёвий кураш, қурти ва ғумбагини махсус ускуна ёрдамида йўқ этиш орқали тарқалишининг олди олинади.
Юқорида келтирилган тавсияларга ўз вақтида амал қилиш мўл хосил олишга замин ҳозирлайди.
Х.Собиров, А.Хамидов, Б.Ниёзов, Б.Ахмадалиев,
Андижон вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари