June 28, 2021

Fўза майдонларидаги бегона ўтларга қарши курашнинг самарадор усуллари

Бугунги кунда фермерларимиз томонидан ғўза майдонларидаги экинларни турли усуллар билан парваришлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур мақола орқали энгсарадор усуллар хақида сўз юритамиз.

Fўза майдонларида бегона ўтларга қарши гербицидлар кенг кўламда қўлланилмоқда. Ўзбекистон Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ва бошқа илмий муассасалар томонидан қатор янги гербицидлар синалиб, яхши натижа берганлари ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда. Чигит экишдан аввал бир йиллик икки паллалик ва ғалласимон бегона ўтларга қарши «Трефлон», «Нитран» гербицидлари пуркалгандан сўнг зудлик билан тупроққа чизель-бороналар ёрдамида аралаштирилади. Акс ҳолда гербицид қуёш нури ва шамолнинг таъсирида бегона ўтларга самарадорлиги пасайиб кетади.

Чигит экиш билан бир вақтда «Алкенза», «Которан», «Котонекс», «Стомп», «Гезегард», «Самурай», «Амир» каби гербицидлар бир йиллик, икки паллалик ва ғалласимон бегона ўтларга қарши ишлатилади. Улар сепилгач бегона ўтлар уруғларига таъсир этиб, униб чиқиши билан сарғаяди. 5–7 кундан кейин ёш ниҳоллар нобуд бўлади. Гербицидларнинг бегона ўтларга таъсир этиш кучи 1,5–2 ой давом этади ва бир чопиқ ўрнини қоплаш имконини беради. Fўзанинг ўсув (шоналаш) даврида бир ва кўп йиллик ғалласимон бегона ўтларга қарши «Фюзилад-супер», «Далзлак-супер», «Набу пантера», «Фюзелад форте», «Шогун» каби гербицидлар ишлатилмоқда. Ўтлар униб чиққан муддатда ишлатилганда гербицидларнинг самарадорлиги юқори бўлади.

Пахта ҳосилининг асосий теримидан сўнг бегона ўтларга қарши ишлатиладиган «Дафосат», «Раундап», «Ураган-форте» гербицидларининг таъсири 3–5 кун ўтгач сезилади. Бегона ўтларнинг асосий ўсув нуқтаси ўсишдан тўхтайди ҳамда улар 7–15 кун ўтгач нобуд бўлади. Натижада ғўза ўсимлиги тупроқдаги сув ва озуқа моддаларни ўзига ўзлаштириш имкони вужудга келади. Ҳаво ҳарорати ва намликнинг етарли бўлиши гербицидларнинг бегона ўтларга таъсир этишини тезлаштиради. Шу билан бир вақтда гербицидларни ишлатиш вақтида ҳаво ва тупроқ ҳароратининг паст, шамолнинг тезлиги 2–3 м/сек. дан юқори бўлиши эса самарадорлигига салбий таъсир этади.

Гербицидлардан фойдаланилганда уларнинг сарфлаш миқдорини ҳаддан зиёд кўпайтириб юбориш эса ғўза ниҳолларининг туп сонларини камайишига олиб келади. Уларнинг сарф-миқдори иқлим-тупроқ шароити ҳисобга олиниб, бегона ўтларнинг турига қараб аниқланади. Гербицидлар бегона ўтларнинг асосий қисми униб чиққандан сўнг ҳамда 2–6 барг чиқаргач бир йиллик бегона ўтларнинг баландлиги ўртача 12–15, кўп йиллик бегона ўтларники эса 8–12 см бўлган муддатларда пуркаш мақсадга мувофиқ.

Д.Абдувохидов, А.Жабборов, Ж.Ҳусанов

Андижон вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари