Судралувчи Какра ўсимлигининг қандай заралари бор?
Судралувчи какра (Acroptilon Repens (L) D.C.)Asteraceae оиласига мансуб кўп йиллик карантин бегона ўт ҳисобланади. Бу турдаги ўтнинг келиб чиқиши Марказий Осиё ҳисобланса-да, бу карантин ўсимлик Африкадан ташқари барча ҳудудларда учрайди.
Судралувчи какранинг пояси шохланган бўлиб, унинг баландлиги 20 см. дан 40 см. гача тик ўсади. Илдизи ўқ илдизли, яхши ривожланган. Ўсимликнинг гуллаши ва мева ҳосил қилиши май, июнь ойларидан бошланиб, уруғи июль ойларида пишиб етилади.
Судралувчи какра кўп йиллик ўсимлик бўлиб, 30-80 минг дона уруғ ҳосил қилади. Уруғидан, илдиз бачкиларидан ва илдизпояларидан кўпаяди. Аксарият кўп йиллик ўсимликлар сингари уруғидан кўпайиш какра учун ҳам катта аҳамият касб этади. Какра уруғларининг унувчанлиги 3-4 йил мобайнида сақланади.
Судралувчи какра енгил ва оғир лойли тупроқларда яхши ўсади, тупроқ шўрланишига ҳам чидай олади. У қурғоқчилик иқлимда ва ёғин миқдори 200-375 мм.ни ташкил этувчи ярим чўл минтақаларида ҳам ривожлана олади. Судралувчи какра юқори рақобатбардош ўсимлик, шу боис фитоценозда у одатда доминантлик қилади, шунингдек илдиз бачкили кўп йиллик бегона ўт ҳисобланади.
У экинларнинг ҳосилдорлиги ва сифатини, паст текисликларнинг маҳсулдорлигини пасайтирувчи ҳаддан ташқари зарарли бегона ўтдир. Судралувчи какра уруғи билан ифлосланган дон қайта ишланганда у аччиқ таъмли бўлиб қолади. Бу ўсимликда кўплаб алколоидлар тўпланади, шу боис у билан ифлосланган пичан билан боқилган қишлоқ хўжалиги ҳайвонларида заҳарланишлар юзага келади. Какрали пичан, айниқса отлар учун хавфлидир. У сигир сутининг таъмини ҳам кескин бузади.
Судралувчи какра тупроқдаги сув ва унда эриган минерал моддаларни яхши ўзлаштиради. У озуқа моддаларни маданий ўсимликларга нисбатан тупроқдан 2-5 марта кўпроқ сўриб олади. Бундан ташқари, ўзидан бошқа ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини тўхтатиб (секинлаштириб) қўювчи модда ҳам ажратиб чиқаради.
Далаларни ушбу бегона ўтдан тозалашда қуйидаги агротехник чоралар муҳим аҳамият касб этади:
тупроққа сифатли ишлов бериш;
алмашлаб экиш қоидаларига қатъий амал қилиш;
экинларни парваришлашда карантин ўсимликнинг қайта кўпайишига барҳам берувчи тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш.
Б.Нишонов, И.Абдуқаюмов,
Андижон вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси агроном инспекторлари