Пойтахтда ёш экологлар конфренцияси
Жорий йилнинг 30-март куни Тошкент шаҳар Ёшлар маркази мажлислар залида Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар партия ташкилоти ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Муҳандислик технологиялари факультети Экология ва атроф муҳит муҳофазаси кафедраси билан ҳамкорликда “Сиёсий майдонда ёшларнинг ўрни” мавзуида давра суҳбати ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши Ижроия қўмитаси “Ёшлар қаноти" етакчисини сайлаш конференцияси ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари, “Ёшлар парламенти” аъзолари, университет ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз сўзида бу йилги сайловда сиёсий майдонда ёшларнинг ўрни ва вазифалари бўйича маълумот берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси С.Файзиева ҳам сўзга чиқди ва тадбир иштирокчиларига партия қошида “Ёшлар қаноти” фаолиятини йўлга кўйиш ва ушбу ишларни амалга ошириш юзасидан етакчи ёшлар орасидан номзодларини шакллантириш ҳамда, Тошкент шаҳар партия ташкилоти қошида “Ёшлар қаноти” етакчисини сайлаб олиш кераклиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Ёшлар орасидан Муҳриддин Жовлиев, Зилола Зокирова ва Самойил Пайзуллаевлар номзодлари “Ёшлар қаноти” етакчилигига илгари сурилди ва очиқ овоз йўли билан номзодларни ичидан З.Зокирова Тошкент шаҳар Кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси, Муҳриддин Жовлиев ва Самойил Пайзуллаевлар “Ёшлар қаноти” етакчиси ўринбосари этиб сайланди.
Албатта, юртимизда ҳали кашф қилинмаган, ўз иқтидорини юрт равнақи йўлида сафарбар қилишга тайёр миллионлаб ёшларимиз бор. Уларни катта куч сифатида бирлаштиришдек эзгу мақсад, бизни юқоридаги каби ташаббусларни амалга оширишга ундайди.
Тадбир сўнгида партия сафига ихтиёрий равишда 40 га яқин талабалар партия сафига аъзоликка қабул қилинди.
З.Зокирова, ТДТУ Муҳандислик технологиялари факультети Ёшлар етакчиси