МАЪНАВИЙ ХАВФСИЗЛИК – МИЛЛИЙ БАРҚАРОРЛИК ОМИЛИ
Бугунги кунда халқаро муносабатлар глобаллашув жараёнларининг ниҳоятда чуқурлашиб кетаётгани билан характерланади. Маданий интеграцион жараёнлар шиддати бир томондан ривожланиш омили сифатида қаралса, иккинчи тарафдан “оммавий маданият” унсурлари билан зиддиятли тўқнашлар ташвишли ва таҳдидли ҳолатдир. Инчинун, жаҳоннинг айрим давлатлари ва минтақаларида содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг кескинлашуви, турли ижтимоий инқирозларнинг вужудга келиши халқларнинг маънавий қадриятларини турли таҳдидлардан сақлашга доир ёндашувларни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Бинобарин, жамиятда маънавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги дунё тажрибаси давлат ва жамият бошқарув тизимида миллий қадриятларга маърифий куч сифатида қараш ва уларнинг таъсирчан технологияларини яратишга қаратилган илмий тадқиқотларни мунтазам татбиқ этиб бориш билан мустаҳкамланади. Президент Шавкат Мирзиёев мазкур муаммоларга баҳо берар экан, “ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб, одамзот асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, оилавий қадриятларга путур етказмоқда. Мана шундай таҳдидлар инсоният ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани айни ҳақиқат”, дея таъкидлайди. Демак, маънавий хавфсизликни таъминлашга доир илмий ёндашувларни такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Жорий йил 26 март куни эълон қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмаслиги, халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаётгани, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмай келаётгани билан боғлиқ бир қанча камчиликлар таъкидлаб ўтилди.
Дарҳақиқат, маънавият фақат тадбирлар мажмуидан иборат эмас. Бу ёндашувлардан аллақачон воз кечиш вақти келган. Жамиятнинг маънавий хавфсизлик тизими, бу – миллат руҳияти, салоҳияти ва иродасини ифода қилиб, унинг маданияти, тарихи, ўзбек давлатчилиги асослари тўғрисидаги тушунча ва қадриятлар тасаввури йиғиндисидир. Маънавият инсон руҳияти, миллий мансублик коди, унинг имон-эътиқоди, мақсад-муддаолари иродаси, садоқат туйғуси, адолатли жамият тўғрисидаги қарашлар ифодаси. Маънавий хавфсизлик масаласи миллатнинг мавжудлигини белгиловчи вазифалар қаторига киради. У ахлоқий қадриятлар орқали жамият ва унинг маданиятини сақлашга қаратилган яхлит ижтимоий тизимлар фаолиятини намоён этади. Бу соҳа мунтазам равишда муолажага муҳтож. Шундай экан, мазкур жараёнларни илмий нуқтаи-назардан ўрганмасдан, унинг назарий услубларини татбиқ этмасдан мудом шаклланиб келаётган жамият қарашлари ва ислоҳотлар яхлитлигини таъминлашга эришиб бўлмайди. Ва бу қарор, шу жиҳатдан, муҳим аҳамият касб этади.
Бугун фуқаролик жамиятида ижтимоий ўзгаришлар янги таҳдидларни вужудга келтираётгани маълум. Халқаро терроризм, мафкуравий хуружлар, диний ақидапарастлик, турли ОАВ таъсири ижтимоий-психологик кўринишдаги таҳдидлар сирасига киради. Ташқи таҳдидлар таъсири одамларнинг ўзаро алоқаларида, ижтимоий фаолияти ва кайфиятида, хатти-ҳаракати, эътиқоди, маслак ва дунёқарашида муайян ижтимоий-маънавий муносабатлар билан боғлиқ ички таҳдидларни пайдо қилмоқда. Шунга кўра, биринчи ҳолатда ташқи таҳдидлардан сақланиш ҳарбий мудофаага асосланилган бўлса, иккинчи ҳолатда давлатнинг ижтимоий-маънавий муносабатлар тизимини ривожлантириш жамият барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу пайтгача жамият хавфсизлиги дейилганда, ташқи ҳарбий таҳдид ёки жамият ҳаётини издан чиқариши мумкин бўлган табиий офатлар тушунилган. Бугунги кунда хавфсизлик турлари иқтисодий, ижтимоий, экологик, ҳарбий, сиёсий, информацион, гуманитар соҳаларга бўлинган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ҳозирда гуманитар хавфсизликнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Гуманитар хавфсизлик аҳоли саломатлиги, инсон ҳаёти муҳофазаси, демографик, этник, диний, конфессионал, миллатнинг маънавий салоҳияти, айниқса, ёшлар тарбиясини қамраб олади. Ушбу соҳаларнинг изчил ва давр даъватларига ҳамоҳанг ривожлантирилиши гуманитар хавфсизлик ва ўз ўрнида давлат яхлитлигини таъминлаш имкониятларини кенгайтириб боради.
Сўнгги йилларда миллий хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил маънавий тизимга айланаётганини таъкидлаш лозим. Мазкур тадбирлар барқарор ижтимоий муносабатлар ривожини таъминловчи барометр сифатида ёшлар фаолиятини янада жонлантириш вазифаларини ўз ичига қамраб олгани билан самарали натижаларни бермоқда. Аҳамиятлиси шундаки, жамиятнинг аксарият қисмини ташкил этувчи ушбу қатламнинг ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатларига жалб этилиши, ҳаётда ўз ўрни ва мавқеларини топа олишлари ривожланиш имкониятларимизни жадаллаштиришга хизмат қилади. Зотан, давлатнинг мавжуд интеллектуал ресурсларидан оқилона фойдаланиши, уни рағбатлантирувчи мотивларини ташкил этиши ва ислоҳотлар самарадорлиги шу кучга суяниши жамиятда рози-ризолик кайфиятининг мустаҳкамланишига олиб келувчи муҳим омиллар қаторига киради.
“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун асосида йигит-қизларга белгиланган тартибда мукофотлар, стипендиялар, таълим грантларини тақдим этиш, иқтидорли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш мақсадида танловлар, олимпиадалар, кўргазмалар ташкил этиш, уларни хорижий мамлакатларда ўқитиш, қайта тайёрлаш ва амалиётни ўташ дастурларидан танлов асосида фойдаланишини таъминлашнинг бугун уч босқичли тизими вужудга келди. Бундан ташқари, амалдаги маънавий тизимнинг замонавий эҳтиёжларини ифода этувчи “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор”, “Ёшлар кичик саноат зоналари”, “Лойиҳалар фабрикаси”, “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастури, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси, “Беш ташаббус”, “Ёшлар келажаги” жамғармаси, “Бир тадбиркор + бир ёш”, “Ёшлар дафтари” каби рағбатлантирувчи технологиялар амалда самарали натижаларини бериб келаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ёшларга оид давлат сиёсатининг бош мақсади – ёшларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирок этишини кенгайтириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш, ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш белгиланган марраларни кафолатлашга қаратилган. Бинобарин, ёшлар табиатан янгиликни илғовчи, янгиликка интилувчи, янгиликни бунёд этувчи, турғунликка муросасиз фазилат сифатларига эга бўлади. Айнан ана шундай маънавий куч жамиятни ривожлантиришга қодир ва умуммиллий ҳаракатнинг етакловчи лакомотивга айлантиради. Давлат раҳбарининг шу кучга ишониши ва суяниши стратегик ҳаракатларнинг тактик вазифаларига ҳамоҳанг эканлигидан далолат беради.
Маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал қилишнинг ечимларидан бири, бу – баркамол шахсни вояга етказишга қаратилган ташкилий ва бошқарув вазифаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалардир. Белгиланган тадбирлар, аввало, инсон ўз фаолияти ва қарорига масъул, эркин, ташаббускор етакчи, ишлаб чиқарувчи субъект сифатидаги ролини оширишга хизмат қилади. Бу инсоннинг ҳис-туйғулари, манфаатлари, эҳтиёжлари, билимлари, эътиқоди, фаолият мотивлари, интилишлари, ахлоқий тарбияси, характерини шакллантириш орқали маънавий жасоратга йўл очади.
Бу борада таълим-тарбия тизими самарадорлигини ошириш, унинг узвий ва уйғунлигини таъминлаш, ноанъанавий тажрибаларни жорий этиш кун тартибида турибди. Қарорда белгиланган вазифалар қаторида мазкур йўналишдаги ишлар кўламини оила, маҳалла, ишлаб чиқариш ташкилотлари ҳамкорлигини кенгайтириш, айни пайтда, лаёқатли мутахассислар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бундай вазифа таълим тизимида нафақат ғоявий ва молиявий, балки замонавий ташкилий-структуравий тузилмаларни ўзгартиришни талаб этади.
Замонавий геосиёсий шароитларда Ўзбекистон жамиятининг маънавий салоҳиятини ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги ва дин эркинлигига бўлган ҳуқуқини амалга ошириш учун ижтимоий-сиёсий, иқтисодий шароитларни яратиш борасида сўнгги йилларда муболағасиз улкан ишлар амалга оширилди. Халқимизнинг тарихий меросини, миллий маданият ёдгорликларини муҳофаза қилишнинг амалий чора-тадбирлари белгиланмоқда. Ислоҳотларнинг амалий натижалари сифатида айтиш лозимки, аксарият ёшларимиз кечаги кунга нисбатан бугун анча фаол, мустақил фикрлашга, масъулият мажбуриятларини ўз зиммасига олишдан чўчимайдиган, илмий ва амалий таклифлари билан жамият ҳаётида иштирок этишга ташна, баъзида қизиққон, шартта бетга айтиб қўядиган феъли билан шижоатини намоён қилади.
Улар жаҳонда мавжуд бўлган деярли барча техника, технология ва фан сирларини эгаллаб келмоқдалар. Компьютер ва бошқа техника дастгоҳлари улар учун кундалик эҳтиёжга айланган. Кеча коллежни тамомлаган ёшлар замонавий ишлаб чиқариш технология ва ускуналарида кўзни қувонтирадиган машиналар ҳамда турли-туман маиший анжомлар ишлаб чиқаришмоқда. Очиғини айтсам, улардан орқада қолмаслик, замон талабларига мос қадам ташлаш учун яқинроқ бўлишга интиламан. Уларнинг дунёқараши замон ва макон билан ҳамнафас. Шиддат билан ўзгариб бораётган жараёнлар соҳиби, гўёки отга миниб жиловлаб олгандай сергак, ишонч билан истаган маданият ва тилдаги одамлар билан хоҳлаган мавзуда суҳбат олиб борадилар. Ҳа, аслида, ёшларнинг шундай шижоатга тўлаётган иштиёқи юксалаётган миллатнинг ривожидан далолат.
Жамиятда маънавий хавфсизликни таъминлаш ва унинг самарадорлигини ошириш давлатнинг сиёсий-иқтисодий ислоҳотларидаги муайян тизимлар орқали амалга оширилади. Зеро, сиёсат ҳам, иқтисод ҳам мазмун-моҳияти билан маънавий-ахлоқий қадриятлар негизида амалда таъминланади. Маънавиятни иқтисоддан, иқтисодни маънавиятдан айро қараб бўлмайди. Ижтимоий-иқтисодий йўналишларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, биринчи галда бозор муносабатларига ўтиш жараёнларининг мураккаблиги, аҳолининг мулкий табақаланиши, янги ижтимоий талаб ва эҳтиёжларнинг ўсиб бориши мувозанатга олинмас экан, у ёки бу даражада маънавий қадриятларга путур етказилиши билан ишлаб чиқариш муносабатларига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Жамиятда маънавий руҳият ўзгаради, ижтимоий босим ортади, бағрикенглик ўрнини ғазаб, аламзадалик, бегоналашув туйғулари эгаллайди, носоғлом рақобат юзага келади. Мавжуд қадрият ва манфаатларнинг ўзгариши, эскилик ва янгилик ўртасидаги зиддият, тасаввур ва қарашларнинг емирилиши, ўзликни англаш, миллий мерос ва маданиятларни тиклаш, жамият онгига сингдириш, ўтмишдан мерос догматик кайфиятлар ўртасида қарама-қаршиликлар мавжуд бўладики, улар изчил маънавий тизим фаолияти билан бартараф этиб борилади. Яъни маънавият ишлаб чиқариш муносабатларининг таркибига айланмоғи, барча соҳаларда ишлаб чиқариш меъёрлари маънавий қадриятлар негизида қурилмоғи ва унда инсон қадр-қиммати устуворлиги таъминланмоғи лозим.
Бугун жамият хавфсизлигини таъминлаш борасидаги давлат ролининг ошиб бориши қаторида жамият институтлари, турли ижтимоий гуруҳлар, қатламлари нафақат ҳимояга муҳтож объект, балки хафвсизликни таъминловчи субъект бўлиб ҳам майдонга чиқишлари лозим. Фуқароларни ягона мақсад атрофида жипслаштириш, умумманфаат йўлида сафарбар этиш жамоат ташкилотларининг устувор вазифалари бўлиб ҳисобланади. Айни пайтда, бундай ёндашув жамоат ташкилотлари билан давлат органлари ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш миллатнинг маънавий негизини ҳосил қилади. Шу яхлитликка интилиш барча фуқароларнинг бурчига айланади ва масъулият туйғусини шакллантиради.
Мазкур вазифалар кўлами жорий йилнинг 4 мартида қабул қилинган Президентнинг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси“ни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилди. Жамиятда сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, фуқаролар хавфсизлиги, соғлом рақобат муҳити, жавобгарлик масъулияти сиёсий институтларнинг қонунлар асосидаги фаолияти билан таъминланади. Иккинчи тарафдан, аҳолининг реал эҳтиёжларини қондиришга қаратилган миллий таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва ижтимоий соҳаларнинг самарадорлиги маънавий хавфсизликнинг рақобатбардош омилларидандир.
Бу йўналишларда давлат маънавий-ахлоқий қадриятлар орқали фуқароларнинг истиқболли мақсадларига йўл очади. Модомики, шундай экан, давлат яхлитлигини сақлаш, унинг фаолиятини такомиллаштириш, кези келса айтиш жоиз, қусур-балолардан ҳимоялаш миллий хавфсизликнинг кафолати. Давлатчилик ва унинг қонуний ваколатларини асраш ҳам фуқаролик мажбуриятларимиз қаторига киради. Шукроналик туйғуси, ўтиш даври қийинчиликларига сабр-тоқатли бўлиш, ҳар қандай ҳолатда ватаннинг муқаддас эканлигига шак келтирмаслик, давлат мустақиллиги ва унинг дахлсизлигини асраб-авайлаш Ўзбекистон фуқароларининг муқаддас бурчи эканлиги тарбиявий мақсадларимизнинг асосига айланмоғи лозим.
Атамуратов Мурат Утепбергенович, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори