September 16, 2018

Ер ажратишда кадастр ходими 30 млн. сўм, ҳоким ўринбосари 100 доллар билан ушланди

Online Axborot 24  

Департаментнинг Бойсун туман бўлими ходимлари томонидан фуқаролар Ж.С ва Х.П.ларнинг мурожаати юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда, туман кадастр бўлими мутахассиси С.А., фуқаро Ж.С.дан, унинг қариндоши Х.П.нинг номига 0,30 га лалми ер участкаси ажратиб бериш эвазига 30 млн. сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тадбир давомида С.А. ер ажратиш бўйича ҳужжатларни туман ҳокимига имзолатиши учун ҳокимнинг ўринбосари М.Ш.га 100 АҚШ доллари бериши кераклигини, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, мазкур жиноятни фош этишда фаол иштирок этишини маълум қилган.

Шунга асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Бойсун туман ҳокимининг ўринбосари М.Ш., туман кадастр бўлими мутахассиси С.А.дан 100 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

"OA24" matbuot xizmati