ТАДБИРКОР ТАШАББУСЛАРИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

by @123321123
ТАДБИРКОР ТАШАББУСЛАРИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Online Axborot 24

Гулистон шаҳрида ташкил этилган “Тадбиркорлик ташаббуслари ва инновацион лойиҳалар” ярмаркасида тадбиркорлик истагида бўлган ишбилармон аҳолининг кенг қатлами, ҳорижликлар ва кўплаб ёшлар иштирок этишди.

Вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев тадбирни очиб бераркан, давлат раҳбарининг 2018 йил 11 сентябрдаги “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва мазкур қарор асосида вилоятда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузилиб, жойларга чиққан ҳолда тадбиркорларнинг бугунги кундаги мавжуд муаммоларини ўрганиб, тезкор бартараф этиш чоралари кўрилаётгналигини таъкидлади.

Айни пайтда вилоятда жами 1376 та бўш турган бинолар мавжуд бўлиб, уларда 4298 мбино ва ер майдонлари бўш турганлиги аниқланган. Бугунги кунда 399 та бўш турган бинолар негизида 622,4 млрд. сўмликинвестицион лойиҳалар шакллантирилган. Булардан ташқари ҳудудларда жами 857 гектар 553 та бўш турган ер майдонлари аниқланган бўлиб, уларни тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ташаббускорларга белгиланган тартибда ажратиб берилиши кўзда тутилган. Мазкур тадбирда жами 198 та бўш бино ва иншоотлар негизида амалга оширилиши режалаштирилган 424,4 млрд. сўмлик лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Тадбир иштирокчиси бўлган хитойлик ишбилармон Му Кинг Янгиер ЭИЗсида жорий йилда иш бошлаган “Zhong Ya” (Ўрта Осиё) электрмопед ишлаб чиқарувчи корхона маҳсулотларига лицензия олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Масала тадбир ташкилотчилари томонидан ижобий ҳал этилди.

Хорижлик тадбиркорнинг она тилимизда бурро-бурро гапиришига қоил қолмай илож йўқ. Айни пайтда корхонада 10 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Маҳсулотлар ички ва ташқи бозорларга олиб чиқилади.

Сайхунобод туманидаги 23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Гавҳар Хусанова “Мумтоз” номида маданий ва маиший хизмат кўрсатиш биноси ташкил этишни бошлаган.

– Шахсий кутубхона очиш ниятим бор эди. Оила аъзоларим ёрдамида тадбиркорликни бошлашга муваффақ бўлдим. 10 минг дона китоблар билан бирга ZiyoNET тармоғига уланган ҳолда электрон китоблар ўқиш имконияти эга 30 ўринли ўқув залига эга шинамгина кутубхона бунёд этиш ниятидаман.Аҳоли билан суҳбатлашиб, туман ҳудудига нималар зарурлигини аниқладим. Эндиликда аёллар ва эркаклар сартарошхонаси, поябзал устахонаси каби маиший хизмат турлари ҳам кўрсатилишини эътиборга олдик, – дейди Г.Хусанова. – Лойиҳа режасига кўра 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ лозим. Шахсий даромадимдан қурилиш ишларини бошлаб юбордик. Зарур бўлган 1 миллиард сўм кридет олишда муаммо пайдо бўлган эди. Ярмарка тадбири давомида ижобий ҳал қилинди.

Тадбирда шунингдек, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, Марказий ва тижорат банклари, Ҳунарманд уюшмаси вакиллари иштирок этишиб тадбиркорлик истагида бўлганларга қонуний ҳуқуқлари ва хизмат турлари бўйича маълумотлар беришди.

Вилоятдаги самарали фаолият юритувчи саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ўз маҳсулотлари билан кўргазмалар ташкил қилишди.

Озода МАМАДАЛИЕВА

September 18, 2018
by Admin