August 29, 2020

Майкл Блумберг муваффақият тарихи

Майкл Рубенс Блумберг (Michael Rubens Bloomberg) ​— америкалик тадбиркор ва Нью-Йоркнинг 108-мери (2002-2013). “Forbes”​ маълумотларига кўра, у дунёдаги энг бой одамлардан бири бўлиб, 2018 йил 5 май ҳолатига кўра 50,4 миллиард доллар бойлик билан 11-ўринни, 2019 йилда “Forbes 400”​ рейтингида 8-ўринни эгаллади. Ҳозирда эса “Billioners 2020”​ рўйхатига биноан, 54.9 миллиард доллар билан 16-ўринда турибди.

  • Майкл Блумберг 1981 йилда “Bloomberg LP”​ молиявий маълумот ва медиа компаниясини тузди.
  • У компанияни нолдан молиялаштирди ва ҳозирда бизнеснинг 88 фоизига эгалик қилади, унинг даромади 10 миллиард долларга тенг.
  • Блумберг 1966 йилда Уолл Стритда “Salomonbrothers”​ инвестиция банкида иш бошлаган. 15 йилдан кейин уни ишдан бўшатишди.
  • У қурол назорати, иқлим ўзгариши ва бошқа долзарб мақсадларга 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ хайрия қилган.
  • Миллиардер 2019 йил ноябрь ойида мамлакат президентлигига номзодини қўйди ва 2020 йилда Дональд Трампни мағлуб этиш учун миллионлаб доллар сарфлади.
  • Блумберг Нью-Йорк шаҳрининг мери сифатида 12 йил фаолият кўрсатган тўрт кишидан биридир.

Дунёдаги энг йирик молиявий ва иқтисодий янгиликларни тақдим этадиган агентликлардан бири “Bloomberg”​ни кўпчиликка яхши таниш. Лекин бу ном унинг асосчиси Майкл Блумбергнинг фамилиясидан келиб чиққанини ҳамма ҳам билмаса керак. Бир пайтлар камбағал оиланинг ўғли бўлган бу инсон Американинг молиявий фаровонлиги тимсолларидан бирига айланди. У бунга қандай эришди? Келинг, шу ўринда унинг муваффақият сирларини билиб олайлик.

Миллиардернинг болалиги

Бўлажак миллиардер 1942 йилда Мадфорд шаҳри (Бостон)да туғилган. Отаси яқин атрофдаги сут фермасида бухгалтер бўлиб ишларди. Онаси эса уй бекаси эди, шунинг учун оилада кўплаб етишмовчиликлар бўлиб турарди. Бола мактабдаги дарсликларни жуда яхши ўзлаштирди ва жуда фаол ўқувчи бўлди.

У мактабда таълим олиш билан бирга Жонс Хопкинс университетидаги илмий маърузаларга қатнаша бошлади. Мактабни битирганидан сўнг шу университетга ўқишга кирди.

Таълимдаги кейинги қадам Гарвард эди. Кейинчалик Майкл магистрлик дипломини олишга қарор қилган дўстларининг таъсири остида шу ишга бел боғлаганини тан олди. Майкл қуруқ билимдан кўра кўпроқ ўша даврнинг таниқли одамлари билан мулоқот қилишни хуш кўрарди. Шу орқали билимини мустаҳкамларди.

Бизнес соҳасига кириш

Гарвардни битиришдан олдин Блумберг Вьетнамга урушга кетмоқчи эди. Аммо армия учун у соғлиқ тарафдан «яроқсиз» деб топилди. Шундан сўнг, у дўстининг маслаҳати билан ўша пайтда унчалик машҳур бўлмаган “GoldmanSachs”​ компаниясига резюмени юборди. Гарчи “GoldmanSachs”​ компанияси анча катта маош таклиф қилса-да, у “SalomonBrothers”да ишлаш учун кетди. Гап шундаки, ишга кириш учун интервью бераётганида, у бошқарувчи Вильям Саломон билан суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди. Блумбергга у инсон жуда ҳам ёқиб қолган эди, улар бир соатдан ошиқ суҳбатлашди ва ўзаро ёқимли таассурот қолдирдилар.

Ушбу компаниядаги фаолияти Блумберг учун келажакдаги муваффақиятининг асосини яратди. Брокерлик компаниясини икки шерик — таниқли Вильям Саломон ва Жон Гутфройнд бошқарган. Блумберг Вильям Саломон билан суҳбатлашиш учун эрталаб соат 7 да ишга келарди.

Бу алоқа туфайли у аста-секин мартаба зинапояларини босиб ўтди. Аммо уни бошқа тақдир кутиб турарди.

Кутилмаган бурилиш

Блумберг 39 ёшида, тўсатдан компаниядан ҳайдалди. Гап шундаки, ушбу компанияни бошқа бир компания —“Phibro”​ сотиб олди ва янги раҳбарият Майкл Блумберг билан қизиқмади. Аммо унга одиллик билан 10 миллион доллар иш ҳақи тўлашди, бу пулга у ўз компаниясини яратишга қарор қилди.

У ўз компаниясини ахборот соҳасида ташкил қилди. Бундан ташқари ўша кунларда савдогарлар қоғозга маълумотларни ёзишни электрон кўринишга ўтказишни бошлаган эдилар. Блумберг ғояси трейдерлар учун ноёб иш жойини яратиш эди. Айтганча, бу ғоя унинг учун янгилик эмас эди, “Salomonbrothers”​ компаниясида ишлаган давридаёқ шу ҳақида ўйлар эди. Энди у буни амалда қўллашга муваффақ бўлди ва компанияни “Bloomberg News​" деб номлади.

Вақт ўтиши билан агентлик ўзининг радиостанциясини, телеканалини, веб-сайтини очди. Майкл Блумберг муҳтожларга керакли маълумотларни тақдим этиш учун барча имкониятлардан фойдаланган.

Янги ютуқлар

Шундай қилиб, Майкл Блумберг “Salomonbrothers”​дан кейинги 15 йилини ўзининг ахборот империясини яратишга бағишлади. У ўз даромадининг катта қисмини хайрия ишларига йўналтирган, шунинг учун у молия соҳасидан ташқарида ҳам танилди.

Ўша пайтда у Демократик партиясининг аъзоси эди. Аммо 2001 йилда бўлиб ўтган сайловларда Нью-Йорк шаҳар ҳокими номзоди бўлишни истаб, республикачилар сафига қўшилди. Бу тўғри қадам бўлиб чиқди ва у сайловда ғолиб бўлди.

Ушбу лавозимда сарфланган вақт самарали ўтди. Ўзининг пуллари эвазига у мактабларни реконструкция қилиб малакали ўқитувчилар билан таъминлади. Нью-Йорк кўчаларида чекиш билан курашиш, ишсизлик даражасини пасайтириш ҳаракатларини амалга оширди. Бундан ташқари унинг раҳбарлиги остида шаҳар мувозанатли бюджетга эга бўлди.

Бугунги натижалар

Майкл Блумбергнинг мер сифатида эришган энг муҳим ютуқларидан бири бу глобал молиявий инқироз даврида шаҳар ҳаёти барқарорлигини сақлаганидир. Бундан миннатдор шаҳар аҳолиси уни учинчи маротаба ҳокимликка қайта сайладилар. Блумбергдан аввал бундай ҳолат ҳеч кимда кузатилмаган эди. Бу яна бир бор оддий ҳақиқатни исботлади — мавжуд вазиятдан нолимаслик зарур, уни ўз фойдангиз учун ишлатганингиз маъқул.