“Bugatti” нега Гиннес рекордлар китобига киритилган?
“Bugatti” — бу пойгага мослаштирилган ва ҳашаматли автомобиллар ишлаб чиқарадиган француз компанияси. Эксклюзив “Bugatti” автоуловлари кўргазмаларда ҳар доим алоҳида ўрин тутади. Бир вақтлар компания асосчиси автомобилсозлик саноатига олиб кирган янгиликлари билан жамоатчиликни шу қадар ҳайратда қолдирган эдики, шу кунгача унинг муваффақиятини ҳеч ким такрорлай олгани йўқ.
“Bugatti”га 1909 йилда муҳандис ва рассом Этторе Бугатти томонидан асос солинган. Илғор технологияларни кенг оммалаштириш даврида “Bugatti” максимал даражада механик самарадорликни ошириш йўлини танлади. Изланишлар натижасида бозорга 100 км/соат тезликни оширишга қодир бўлган автомобиллар кира бошлади. Шундай қилиб, компаниянинг бош муҳандиси Эрнест Фредерик таклиф этган “Type 13" 1911 йил июль ойининг охирида “French Grand Prix” (автопойга бўйича Формула-1 Жаҳон чемпионати босқичларидан бири )да иккинчи ўринни эгаллади. Аслида бу машина Биринчи жаҳон уруши арафасида бренднинг энг катта ютуғи эди.
1920-йилларда автомашинанинг “Type 35 GP” тури француз брендини бутун дунёга машҳур қилди. Унинг иштирокида автопойгаларда бир ярим мингдан ортиқ ғалаба кубоги қўлга киритилди ва ҳатто “French Grand Prix”нинг энг муваффақиятли модели деб тан олинди. Бу эса янги “Bugatti” автомашиналарига бўлган талабни янада оширди.
Ушбу машинада ҳамма нарса битта мақсадга — юқори тезликка хизмат қилди. Модель магистраль йўлларда жуда яхши юриши билан характерланади ва ўзига хос техник нафислиги билан ажралиб туради. Ўша даврнинг яна бир муваффақиятли спорт автомобили 1922 йилда чиқарилган “Bugattiʼs Morris Cowley” лақабли “Type 40” версияси эди.
“Bugatti” автомобилларини техник жиҳатдан такомиллаштиришнинг яна бир босқичи маҳсули сифатида 1927 йилда “Type 41” чиқарилди. Автомобиль шаҳарда ва магистраль йўлларда юқори тезкорлиги билан ажаблантирарди. Мисли кўрилмаган даражада ишлов берилган ғилдираклар ҳақиқий санъат асарига ўхшарди.
“Bugatti” учун спортдаги асосий ютуқ 24 соатлик “Le MANs” пойгасида 30-йилларда ишлаб чиқарилган иккита машинанинг дебюти билан боғлиқ эди. “Type 40” турига хос дизайн асосида яратилган автомашиналар пойгада барчанинг диққатини тортди.
Кейинги йил бренд учун янада самаралироқ бўлди: “Type 50” тури чиқди, бу 24 соатлик пойга мусобақасидан мутлақо фарқ қилди. Бошқа ишлаб чиқарувчилар фақат кучли двигателларга эътибор қаратган бўлса, “Bugatti” аллақачон 5 литрлик 8 цилиндрли двигателга ва 250 от кучига эга, мутлақо эксклюзив спорт автоуловни тақдим этди.
Бундай ютуқларга қарамай, кейинги олти йил “Bugatti” учун муваффақиятсиз бўлди. Бир қатор омадсизликлардан сўнг 24 соатлик Le MANs” пойгасида “Type 57” ғалаба чизиғини босиб ўтди.
Ўша йилларнинг энг замонавий ҳашаматли автомобили “Mini-Royale” эди. Кейинчалик Этторе Бугаттининг ўғли Жан Бугатти бошчилигида “Type 57” типидаги “Bugatti Atlantic” машинаси ишлаб чиқарилди. Бир неча йиллар давомида ушбу модель компаниянинг барча каталогларига киритилди. Шунга қарамай, машина уч нусхадан кам тиражда сотилди. Бу фантазия каби туюлиши мумкин, аммо ҳар бир эксклюзив “Bugatti Type 57SC” бугунги кунгача сақланиб қолди!
1939 йилда компания асосчиси вафотидан сўнг ва Иккинчи Жаҳон уруши даврида “Bugatti” спорт соҳасидаги карьерасини деярли тўхтатди. Аммо Этторе Бугатти номи “Le MANs” пойга йилномасида олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйилган.
Урушдан кейин жаҳон бозорида ҳашаматли машиналарга талаб ошди ва бу “Bugatti” учун молиявий ҳалокатга олиб келди. Фақат 1947 йилда компания Париж автосалонида “Type73” моделини тақдим этди, у ўртача 1,5 литрли 4 цилиндрли двигателга эга эди. Аммо Этторе Бугаттининг ўлимидан сўнг унинг оиласи ишлаб чиқаришдаги ўзига хос анъанани давом эттира олмади. “Bugatti” 1950 йилда бир нечта “Type 101” турларини ишлаб чиқарган бўлсада, “Type 57" га ўхшаб қолаверди ва бозорда бошқа транспорт воситалари билан рақобатлаша олмади. Автомобиль унчалик қизиқ бўлмаган дизайни ва эскирган техник ечимларга эга эди. Бу эса “Bugatti” компаниясининг «қуёши ботиши» эди.
Бренднинг қайта туғилиши 80-йилларнинг охирига тўғри келади. Шундан бошлаб "Bugatti” яна ўз номини шарафлай бошлайди. Бу йиллар давомида суперкарлар соатига 222 км тезлик тўсиғини енгиб ўтишдаги чемпионлик учун курашаётган эди. “Bugatti” ноёб “EB110” русумли автомобилни ишлаб чиқарди.
Муваффақиятнинг энг шиддатлиси 1993 йилда Женева автосалонида тақдим этилган, “Bugatti EB110” платформасига асосланган «ЕВ112» русумли автоулов билан боғлиқ.
1999 йилда “Bugatti" бренди “VW Group” томонидан сотиб олинди. Шундан сўнг немис концерни Фабрицио Жуджаронинг энг яхши лойиҳаси бўлган «ЕВ118» шиша толали купесини ишлаб чиқишга киришди. Худди шу йили “Bugatti” Женевага альюминий корпусли «ЕВ218» седани билан келади. Автомобиль “Audi – ASF” технологиясидан фойдаланди.
“Bugatti” серияли ишлаб чиқаришни жонлантиришнинг навбатдаги босқичи 1999 йилда Франкфуртда тақдим этилган "EB 18/3 Chiron” прототипи билан давом этади. Машина машҳур пойгачи Луи Чирон шарафига “Chiron” префиксини олди. “Lamborghini Diablo VT”дан тўлиқ ғилдиракли платформани мерос қилиб олган суперкар автосалонда энг катта сенсация бўлди. Машина соатига 300 км тезликда ҳаракатланарди.
Бир ой ўтгач “Bugatti” Токио автосалонида пайдо бўлди. У ерда “VW Group” стенди остидаги “EB 18/4 Veyron” суперкарини намойиш этди. Бу сафар янгилик дизайни “Volkswagen”нинг ўзига хос дизайн марказида амалга оширилди ва бутун лойиҳани Хармут Варкусс бошқарди. Қизиғи шундаки, “Bugatti Veyron” конвейерга фақат 2006 йилнинг кузига қадар етиб боришга муваффақ бўлди!
“Bugatti” суперкарларининг авлодлари турли номларда “Veyron” префикси билан бугунги кунгача ишлаб чиқарилмоқда. Автомобиль бир неча бор дунё бўйлаб энг кучли деб тан олинган ва ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига энг тез оммавий ишлаб чиқарилган йўл транспорт воситаси сифатида кирди.
“Bugatti Veyron” 2000-йиллардаги суперкарлар тарихи билан узвий боғлиқдир. “Bugatti Galibier 16c” — бу “Bugatti”нинг сўнгги йирик лойиҳаси, унинг сотувга чиқарилиши бутун дунёда автомобиль ишқибозлари томонидан катта қизиқиш билан кутилган. Ушбу модель 2010 йили Женева автосалонида ғолиб бўлган. Тахминан бир миллион еврога тенг тўрт эшикли ва ҳашаматли седан максимал 350 км / соат тезликка эриша олади ва унинг серияли ишлаб чиқарилиши 2013-йил охирига қадар интиқлик билан кутилди.
Ҳозирда компания бор кучини Bugatti "Chiron" ва унинг базасида яртилган автомобилларни ишлаб чиқарилишига йўналтирмоқда. 1500 от кучига эга "Chiron"нинг максимал тезлиги 420 км/соатни ташкил этади. 8.0 литр ҳажмли двигатель билан жиҳозланган автомобиль 100 км/соат тезликка 2,5 секундда чиқади.