July 11, 2020

“Fanta”​ брендининг муваффақият йўли

“Fanta”​ ҳақида нималарни биласиз?

Fanta ​ ҳақида эшитмаган биронта ҳам одам йўқ. У ҳақида кўп нарса билмайман, деган одам ҳам ҳеч бўлмаганда уни бир марта бўлса ҳам татиб кўрган. Бугунги мақоламизда биз сизга Fanta ​ бренди, унинг тарихи ва муваффақият йўли ҳақида баъзи қизиқарли маълумотларни айтиб берамиз.

Бу машҳур ичимлик 1940 йил (Иккинчи жаҳон уруши пайтлари) Германиянинг Coca-Cola​ заводида ихтиро қилинган. Гитлерга қарши коалиция томонидан киритилган эмбарго туфайли Coca-Cola​ ишлаб чиқариш учун зарур бўлган моддаларни чет элдаги ҳамкорлар Германияга етказиб беришни тўхтатишган. Ўшанда немис мулкдорлар ишлаб чиқаришни бутунлай қисқартириш ёки бирон бир янги ичимликни ихтиро қилишлари керак эди. Чунки завод бутунлай ишсиз қолаётганди.

Германиядаги Coca-Cola​ ишига масъул бўлган Макс Кайт мамлакатда мавжуд бўлган ингредиентлар асосида бошқа ичимлик тайёрлашга қарор қилди. Янги ичимликнинг асосий таркибий қисмлари олма кунжараси ва зардобдан иборат эди.

Ичимликнинг асосини ташкил этувчи формулани ишлаб чиқарувчилар ҳазил билан «фантастик» (хаёлий) деб аташди. Формула инсон тасаввурига кўра туғилди ва маҳаллий бизнесни харобадан сақлашга ёрдам берди. Шу тарзда машҳур – “Fanta” ​ номи туғилди («фантастик»нинг қисқа номи).

Биз ҳозир истеъмол қиладиган Fanta ​ дастлабки ихтиро қилинган намуналардан анча фарқ қилган, сабаби уруш йилларида бор ресурслар эвазига ишлаб чиқилган ичимлик у қадар яхши бўлмаган. Ҳозирги Orange Fanta​ Италияда ихтиро қилинган.

Хурсандчилик фалсафаси

Fanta​ дастлаб одамлар ҳаётини янада ёрқинроқ қиладиган ичимлик деб ўйланган ва бугунги кунда ушбу концепцияга содиқ қолинган.

Йиллар давомидаги энг катта ижобий ўзгариш – қадоқлаш

1955 йилда шиша идишининг дизайнини ўзгартиришга қарор қилиниб, унга янги кўриниш берилди. Дизайнер Раймонд Лови 30 га яқин қадоқлаш вариантларини таклиф қилди. Якунда «ҳалқали» кўринишдаги шиша танланди. Унинг гофрировка қилинган юзаси ичимликни эндигина музлаткичдан олингандек таассурот қолдирди.

2004 йилга келиб Fanta​ ўз қиёфасини яна ўзгартирди. Лондондаги дизайнер Заки Элия томонидан таклиф этилган кўплаб вариантлардан ғайриоддий ғоя танланди. Шишанинг юқори қисми тўқ сариқ рангга ўхшарди. Ушбу дизайн ҳозирги кунга қадар Fantaʼ​да қолди.

Fantaʼ​нинг СССРга кириб келиши

Fanta ​ СССРда «темир тўсиқлар»ни мўжизавий равишда синдириб ташлаган саноқли хорижий ичимликлардан бири бўлди. Москвадаги илк Олимпия ўйинларида ва Совет Иттифоқининг еттинчи спартакиадасида Coca-Cola​ ҳамда Fanta​ расмий ҳомий сифатида иштирок этган.

Америка Қўшма Штатлари 1980 йилдаги Москва Олимпиадасини бойкот қилишга қарамай, Coca-Cola​ раҳбарияти Совет ҳукумати билан шартнома тузишга муваффақ бўлган. Компаниялар ўз маҳсулотларини бир нечта пойтахт фабрикаларида ишлаб чиқаришни бошлади ва бундан кейин минглаб совет халқлари Fanta​'нинг ёрқин апельсин таъмини тан олишди.

Олимпиада давомида тетиклантирувчи ичимлик Олимпия белгилари акс этган бир марталик стаканларга қуйилди. Кўпгина одамлар учун ўша пайтларда бир мартали ишлатиладиган идишлар деярли экзотик эди. Ичимлик сотилган махсус чодирлар Германиядан олиб келинган, чунки ўша пайтда СССРда бундай бўлмаган. Ўйинлар тугаганидан сўнг, махсус дўкончалар Совет ҳукумати ихтиёрига топширилган. Бу билан компания руслар давлатида кенг палак ёзишни мақсад қилган.

Дунё бозорларини янги таъмлар билан эгаллаш

Бугунги кунда Fanta​ бутун дунё бўйлаб супермаркетларнинг олд жавонларини эгаллайди. У Coca-Cola​ ва Pepsiʼ​дан кейин энг кўп сотиб олинган газланган ичимликдир.

2003 йил март ойида Таиландда биринчи кўк ичимлик — Fanta Blueberry Splash ​тақдимоти бўлиб ўтди. Ўша йилнинг август ойига келиб Руминияда шафтоли хушбўйлиги билан Fanta Latina​, ноябрда Fanta Neo Trio​ ва 2004 йил март ойида Fanta Mango Magenta​ пайдо бўла бошлади.

Қозоғистонда “Fanta”​ савдо белгиси остида буратино, дюшес, шунингдек лимонад каби ичимликлар ишлаб чиқарилади. 2015 йил Fanta​'нинг 75 йиллиги муносабати билан Германияда махсус Fanta​ ишлаб чиқарилган. У 1940 йилдаги таркиб – зардоб ва кунжара аралашмасидан қилиниб, махсус шиша идишларга қадоқланган.

Айни пайтга келиб Fanta​ дунёнинг барча давлатида сотилади. Компания ҳали-ҳануз Coca-Cola​ тасарруфида ҳисобланади. Шунда ҳам Fanta​ брендининг қиймати 1 миллиард долларни ташкил этади.