August 1, 2020

"Ferrero Group": қандолатчиликда оилавий анъанага содиқлик, миллиардлаб долларлар ортидаги махфийлик

Жованни Ферреро Италиянинг энг бой одами ва "Ferrero Group" ортидаги миллиардер шахслардан. "Ferrero Group" Европадаги йирик қандолат компанияси, Nutella, Ferrero Rocher, Tik Tak, Kinder каби шоколадлари билан машҳур. Жованни, шунингдек, бир қанча романлар муаллифидир.

Ферреронинг соф бойлиги 2019 йилда 32 миллиард долларга етди.

1964 йилда Ферреронинг отаси Микеле Nutella'ни ихтиро қилди ва Италияда катта шуҳрат қозонган, оилавий шоколад дўконларидан иборат, миллиардлаб долларга тенг бизнесга асос солди.

55 ёшли Жованни Ферреро — Nutella ихтирочиси Микеле Ферреронинг энг кенжа ўғли. У 1964 йил апрель ойида Италияда туғилган. Жованни Бельгия мактаб-интернатида ўқиган.

Ферреро Пенсилвания штатининг Аннвил шаҳридаги Ливан водийси коллежида маркетинг бўйича ўқишни давом эттирди. Сўнг отаси ва акаси сафига, оилавий бизнесда қўшилди.

«Forbes» маълумотларига кўра, Ferrero оилавий компаниясининг биринчи иши Бельгиядаги Tik Tak бренди билан алоқадор.

“Ferrero Group" нинг тарихи 1946- йилда Жованнининг бобоси Италиянинг Альба шаҳрида шоколад дўконини очгани билан бошланади. Дўконнинг асосий маҳсулоти уруш даврида шоколад танқислигини камайтириш учун яратилган фундукли «Supercrema» эди.

Бор-йўғи 70 йилдан кейин “Ferrero Group” қандолат ишлаб чиқариш бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Компания 2018 йил август ойида 11,9 миллиард долларлик ширинликлар сотди, дея хабар беради «Bloomberg».

“Ferrero Group” компаниясининг маҳсулотлари турфа хил, мазаси ҳам бетакрор. Tik Tak, Kinder, Baby Rut, Butterfinger, Crunch, Kibler, Amos... Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Жованни ва акаси Пиетро 1997 йилда компаниянинг СEО директорларига айланишган.

Пиетро бизнес-логистика ва маҳсулотни ишлаб чиқаришни назорат қилди, Жиованни эса ижодий ишларга эътибор қаратди. Бироқ, Пиетро 2011 йилда Жанубий Африкада содир бўлган автоҳалокатдан вафот этгач, ҳаммаси ўзгарди. Кейин Жованни "Ferrero Group"нинг ягона бош директорига айланди, отаси Микеле эса ижрочи директор бўлди.

Микеле Ферреро 2015 йилда вафот этди ва компания Жованни қўлига тўлиқ ўтди.

Жованни компаниянинг ягона етакчисига айланса ҳам, оиланинг ўн йиллик анъаналарига содиқ қолди. Шу билан бирга илк бор бизнес танишувларни амалга оширди.

"Ferrero Group" 2015 йилда Британиянинг «Thorntons» шоколад ишлаб чиқарувчисини 170 миллион долларга, “Butterfinger” ва «BabyRuth» ишлаб чиқарувчиси Nestle'нинг АҚШ қандолат бизнесини 2,8 миллиард долларга ва 2019 йилда «Kellogg»ни сотиб олди. Бу амалиёт Ферреро отасининг ички савдо маркаларини яратишга қаратилган бизнес-режасидан кескин фарқ қиларди.

Лекин компания ҳаётидаги бу янгиликлар ўзини оқламоқда. Миллиардер 2019 йилда ўз бойлигига 9,63 миллиард доллар қўшишга муваффақ бўлди.

"Bloomberg Billionaires Index" маълумотларига кўра, Ферреро молиявий ҳолати 32 миллиард долларга баҳоланмоқда, бу 2019- йилнинг бошидан 43,1 фоизга кўпдир. Шу боис у ўтган йили дунёнинг 27чи энг бой одамга айланди.

Унинг акцияси 23 миллиард доллардан ошади.

Жованни ҳамма вақтини ишга сарфламайди. Бўш пайтларида ижод билан шуғулланади- романлар ёзади. Ҳозиргача саккизта роман ёзган, уларнинг бир нечтаси Африкада нашр этилган.

Энг сўнгги китоби- лейкемия ташхиси қўйилган африкалик рассом ҳаиидаги "Ёруғ овчи” романи 2016- йилда "Amazon"да чоп қилинган.

Ферреро Европа Комиссиясининг расмий вакили Паола Росси билан турмуш қурган. «Forbes» ва «Reuters» агентликлари таъкидлашича, уларнинг икки фарзанди бор. Оила Бельгиянинг Брюссел шаҳрида яшайди. Бироқ Ферреро компанияни Люксембургдан бошқаради.

"The Washington Post" нашрига кўра Ферреронинг отаси Микеле Монте-Карлода яшаган ва Италияда ишлаган. Иккала ҳудуд ўртасида вертолёт билан қатнаган.

"Ferrero Group” — бу дунёдаги энг махфий фирмалардан бири, деб ёзади "Тhe Guardian".

Шоколад ишлаб чиқарувчи Италиянинг Алба шаҳридаги заводига 2011 йилда компаниянинг 65 йиллик тарихида биринчи марта ОАВ вакилларига ташриф буюришга рухсат берди ва илк бор интервью берди.

"Ferrero Group" илгари “саноат жосуслиги” қўрқуви билан ўз фабрикаларига бегоналар киришини тақиқлаган, чунки унинг жиҳозлари ва Нутелла рецепти сир сақланади. Ҳатто компаниянинг хавфсизлик чоралари NASA'никига қиёсланган. Жованнининг отаси Микеле ҳам ҳаёти ва фаолиятини матбуотдан яшириб яшаган ва ҳар доим жамоат олдида пайдо бўлганида қора кўзойнак таққан, деб ёзади "The Washington Post".