Нима сабабдан немис автомашиналарига талаб юқори: Германиядаги йирик автосаноатлар
Германия давлати қайси соҳа ривожи билан барқарор даромад манбаига эга бўлди, дейилса, ҳеч иккиланмасдан немис автосаноатини кўрсатиш мумкин. Ҳеч кимга сир эмаски, Германияда ишлаб чиқилган автомобиллар бутун дунёда маълум ва машҳур, уларга талаб юқори. Ер шарининг исталган нуқтасида Volkswagen, Audi, Porsche, Mercedes-Benz, Opel вa BMW компаниялари ишлаб чиқарган турли автомашиналарни учратиш мумкин.
Автомобилсозлик асоси
Германия автомобилсозлиги муваффақиятининг сири шундаки, бу ерда ишлаб чиқилган машиналар ҳақиқий немис машиналаридир. Дунёдаги илк ички ёнув двигатели ҳам айнан шу ерда Карл Бентс ва Николас Отто томонидан бир-биридан мустақил равишда ихтиро қилинди. Ғилдиракли кажавага мотор ўрнатилиши натижасида биринчи машина ҳам шу ерда пайдо бўлди. ХХ аср остонасида Германия кўчаларида 900та автомобил ҳаракатланар эди. Бундан юз йиллар аввал асос солинган компаниялар бугунги кунда йирик концернларга айланиб улгурган. Улар миллий иқтисодиётнинг ишончли пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Германия Европа автомобилсозлари орасида етакчи бўлса-да, жаҳон миқёсида Хитой, АҚШ ва Япониядан кейинги ўринда туради. бироқ германиялик автосаноатчилар сифатга кўпроқ урғу беришгани учун ҳам сонга камроқ эътибор қаратишади. Шу боисдан ҳам бу мамлакат машиналари энг ишончли транспорт воситалари ҳисобланади.
Мослашувчанлик
Германия автомобил саноати жаҳон бозоридаги енг арзимас ўзгаришга ҳам тезда эътибор қаратади, шу билан бирга ўзининг мустаҳкам пойдеворга эгалигини намойиш этади. Дунёнинг аксар автомобил ишлаб чиқарувчилари савдо кўрсаткичлари тушишидан бонг ураётган бир вақтда, харидорлар немис машиналарини ўзлари қидириб топишади. Немис автоконцернлари ўз фаолиятини маълум бир автомобил ишлаб чиқариш билан чекламайди. Конвейерлардан нафақат енгил машиналар, балки тижорат мақсадидаги ва юк машиналар, қулай автобуслар ҳам чиқади.
Германия автосаноатининг яна бир устунлиги шундаки, у автоҳаваскор ёки харидор нимани истаётганини ўз вақтида англаб, шунга тезда мослаша олишидадир. Бугунги кунда тежамкор ва экологик машиналар ишлаб чиқиш долзарб бўлмоқда. Германия айни шу тенденциядан фойдаланган ҳолда, электромобиллар ишлаб чиқиш бўйича илмий изланишларга бир йилда 20 млрд евро маблағ сарфламоқда. Шунга кўра, айтиш мумкинки, яқин орада Германия электромобиллар ишлаб чиқариш борасида дунёнинг етакчи мамлакатига айланса, ажабланмаса ҳам бўлади. 2020 йилга келиб, ҳукумат тахминича, Германия йўлларида камида 1 млн электромобил ҳаракатланади. 2030 йилда бу рақам 6 млн донага етиши мумкин.
Немис автосаноати тарихи қандай?
Германия замонавий тушунчада ҳақли равишда автомобил ватани ҳисобланади. 1870 йилларда Карл Бентс ва Николас Отто бир-биридан мустақил равишда ички ёнув двигателини барпо қила олди. 1887 йилда эса Бентс двигателни 4 ғилдиракли кажавага ўрнатиб, автомобил қандай бўлишини белгилаб берди.
1901 йили Германия 900га яқин автомобил ишлаб чиққан. 1926 йилга келиб, Карл Бентс ва Готлиб Даймлер ўз компанияларини бирлаштириб, дунёга машҳур Daimler-Benz компаниясига асос солишган. У Mercedes-Benz брэнди остида автомобиллар ишлаб чиқади. Бавария федерал ерлиги фахри бўлмиш BMW 1916 йилда ташкил этилган, бироқ 1928 йилдан маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Энг машҳур ва узоқ муддат (оз эмас, кўп эмас, нақ 65 йил мобайнида 10 лаб миллион нусхада) ишлаб чиқилган Volkswagen Käfe'ни ишлаб чиққан Volkswagen ва Porsche бирмунча кейинроқ, учинчи рейх даврида пайдо бўлди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин 2га бўлиниб кетган Германия то 1990 йилда — қайта бирлашгунларига қадар мустақил равишда иккита автосаноат фаолият юритган. ГФР йилига 4 млн донагача автомобил ишлаб чиққан бўлса, ГДР бир йилда 260 минг атрофида машина етказиб берган. Германия федератив республикаси 1956-1966 йилларда автомобил ишлаб чиқариш бўйича АҚШдан кейинги ўринни эгаллаган бўлса, 1967-1990 йилларда АҚШ ва Япониядан кейин учинчи ўринда бўлган.
Йирик концернлар даври
Бугунги бирлашган Германияда 5та автомобил ишлаб чиқарувчи компания бўлиб, Германия автомобилсозлик саноатининг асосини ташкил этади. Булар Audi AG, Volkswagen AG, BMW AG, Daimler AG, Opel (Peugout-Citroen) вa Ford Germany фирмаларидир. Германиянинг Volkswagen AG концерни жаҳон компаниялари орасида Toyota вa General Motors фирмаларидан кейинги учинчи ўринда туради. Немис автосаноати Германия ЯИМнинг 3 фоизга яқинини таъминлайди, мамлакат аҳолисининг 2,5 фоизга яқини ушбу соҳада меҳнат қилади.
Юқорида келтирилган маълумотлар ва фикрлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Германияда ҳам бир неча йиллар ичида бир нечта автомобил ишлаб чиқарувчилар фаолият юритгани, саноатнинг ривожланишига катта туртки бўлган. Шунга биноан, бемалол айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ҳам автосаноат соҳаси касодга учраш эҳтимолидан келиб чиқиб, ваҳоланки касодга учраш ҳам бозор иқтисодиёти шароитида нормал ҳолат ҳисобланади, рақобат муҳитини барпо қилмаслик, бундан чўчишлик мақсадга мувофиқ бўлмайди. Бу ҳолатда бир неча қисқа йилларда ривожланиши мумкин бўлган соҳа бир неча ўн йиллар давомида ҳам оқсаб қолиши таъминланади.