July 10, 2020

Соитиро Ҳонда (Soichiro Honda): оддий чилангарликдан буюк империя сари

“Ҳар бир муваффақиятсизлик янги имкониятларни келтиради”.

Ушбу сўзлар бугун бутун дунёга маълум ва машҳур, жаҳон бизнес оламининг кўзга кўринган вакилларидан бири — Соитиро Ҳонда ҳаёт йўлига жуда мос келади.

Кичик бир япон қишлоғидан пойтахтга келган саводсиз бир чилангарнинг ўю хаёлини бир орзу банд этган эди – у ўз бизнесини юритишни астойдил хоҳларди. Ана шу истак кучи билан у барча пулларини йиғиб, ҳаттоки хотинининг заргарлик буюмларини ҳам сотиб, “Тоyotа” автомобиль компаниясига пистон ҳалқаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Рости, унинг ҳамқишлоқлари, таниган-билганлар қандай қилиб саводсиз одам ўз бизнесини очиши мумкинлигидан ҳайратга тушишарди. Бунга парво ҳам қилмаган Ҳонда пистон ҳалқаларини ишлаб чиқаришга қўшимча равишда ўзининг техник ихтиролари устида ҳам иш олиб борди. Аммо у кутган муваффақият ҳали яна узоқ вақт машаққатли меҳнатни, сабр ва иштиёқни талаб қилишини у жуда яхши биларди.

Ҳамкасблари унга кулиб қарашарди, улар ҳалқа ишлаб чиқариш билан кифояланишни маслаҳат бериб, ихтиро қилиш саводсиз инсоннинг иши эмаслигига, ортиқча чиранмасликка ишора қилишарди. Баъзан Соитирони масхара ҳам қилардилар. Аслида бу табиий ҳол. Чунки одатда ўзлари бирон бир янгилик яратишдан, таваккалчиликдан қўрққан оддий кишилар катта қадам ташлашга ботина олишмайди ва ўзгаларнинг бу йўлдаги мағлубиятларини мамнунлик билан қабул қилишади. Айнан шундай мағлубиятлар уларнинг рангсиз, зерикарли ва қайсидир маънода бахтсиз ҳаёти учун баҳона бўлиб асқотади.

Хуллас, теварагидаги бундай маcҳаромуз таъналар, киноялар Соитиро Ҳондага қандай таъсир қилганини тасаввур этиш мумкин. Бироқ ўшандай кунларнинг бирида ҳақиқий мўъжиза юз берди.

Соитиро энергия сарф қилмасдан велосипедни қандай ҳайдаш йўлини ўйлаб топди. У хотинининг велосипедига кичкина моторни ўрнатиб, биринчи мопед ясади. Агар ўша пайтда Соитиро атрофдагиларнинг гап-сўзларига, маслаҳатларига қулоқ тутганида ва ихтиро қилишдан тўхтаганида, эҳтимол, у “Тоyotа” автомобиль компанияси буюртмаларини бажарувчи юзлаб ишчиларнинг бири бўлиб қолаверар эди. Ҳеч ким танимайдиган, лекин яхши ишлайдиган оддий одам.

Ҳозирда Ҳонда бизнесда буюк империяга эгалик қилади. У дунёдаги барча мотоциклларнинг 75 фоизини ва маиший техникаларни ишлаб чиқарадиган бешинчи гигант компания асосчисидир.

Соитиро Ҳонданинг муваффақият формуласини эсда сақланг: “99 мағлубият битта ғалаба келтиради!”