“Inditex” — тўқимачилик саноати гиганти ёхуд нега Zara бу қадар машҳур?
Испаниялик тадбиркор ва миллиардер Амансио Ортега эгалик қилувчи “Inditex” савдо гуруҳи “Massimo Dutti”, “Pull and Bear”, “Oysho”, “Uterqüe”, “Stradivarius”, “Bershka” брендлари билан танилган. Аммо гуруҳнинг энг машҳур бренди — “Zara” (кейинги ўринларда қўштирноқсиз берилади).
Келинг, испан компанияси бутун дунё бўйлаб шон-шарафга эришишига нима ёрдам берганини ва нима учун Zara мижозлар томонидан жуда ардоқланиши сабабларини билиб олайлик.
“Inditex” асосчиси Амансио Ортеганинг асосий иштиёқи ҳар доим мижозларга хоҳлаган нарсаларини талабларига жавоб берадиган даражада тез ва ёқимли нархда тақдим этишдир.
“Inditex” тўқимачилик бизнесида пайдо бўлишидан олдин мутлақо бошқача ёндашув устун эди: тўпламлар бир йил олдин режалаштирилар ва тузилар, 3-4 ой давомида товарлар ишлаб чиқарилар, кейин эса товарлар етказиб бериш вазифаси бўлган дистрибюторларнинг қўлига топширилар эди. Маҳсулотлар дўконларга мавсумда бир ёки икки марта жўнатилган. Ушбу ёндашувда учта жиддий хавф мавжуд эди: кўп миқдордаги маҳсулотларнинг тўпланиши, бозорда муваффақиятсиз бўлиши мумкин бўлган тўпламларга сармоя киритиш ва занжирнинг кейинги ҳар бир босқичида кўтариладиган рақобатбардош бўлмаган нархлар.
Ортега узоқ ва назоратсиз ишлаб чиқариш жараёнида «бош қаҳрамон» — харидорга жуда кам эътибор берилаётганини анча аввал пайқади. У бутун занжир ўз дўконларида тарқатиш ва сотиш билан якунланиши учун дизайн ҳамда ишлаб чиқаришни бирлаштиришга қарор қилди. Ортега мижозлар нимани талаб қилаётганини аниқлади ва бутун ишлаб чиқариш жараёнини талабларга мослаштиришга интилди.
“Inditex”нинг асосий «ўйинчиси» — Zaraʼнинг муваффақияти рақобат жуда юқори бўлган секторда истеъмолчиларга хоҳлаган нарсаларини беришга асосланганидадир.
Бу доимий равишда янгиланиб турадиган, оқилона пул сарфини талаб қиладиган, шунингдек, биринчи даражали имиджга эга ва савдо нуқталари энг яхши ҳудудларда жойлашган модани яратишни англатади. Бунга қўшимча равишда «Хавотир олманг, хато қилган бўлсангиз, пулингизни қайтариб берамиз» ёки «Бирор кийимни ушлаб кўринг, ўлчаб кўринг, юриб кўринг, роҳат олинг» ёки оддийгина: «Сиз дўкон хўжайинисиз» каби мурожаатлар брендга янада устунлик бағишлайди.
Zaraʼнинг жозибали муҳитида сиз ёқимли мусиқа тинглашингиз, ёш ва замонавий кийинган маслаҳатчиларнинг ёрдамидан фойдаланишингиз мумкин. Бу занжирлар анъанавий дўконлардан фарқ қилади.
Интеграциялашган замонда дунёнинг энг яхши бизнес мактабларида, шу жумладан, Гарвард ва Стенфордда Zara бизнес моделидан ўрганиш керак деб таъкидланади. Ушбу модель «харидор – қирол/қиролича» динамикасига асосланади.
Zara гуруҳи бутун дунё бўйлаб ўз дўконларига 2-3 ҳафта ичида янги нарсаларни етказиб бериши мумкин, бундай фаолият бошқа “Inditex” тармоқларида кузатилмайди. Қандай бўлмасин, янги маҳсулот линиялари ва сўнгги йиллардаги таъсирчан жўғрофий кенгайиш билан гуруҳ мақсадли аудиторияни кўпайтириб, моданинг глобаллашишига ва ўз хатарларини минималлаштиришга эришди.
Гуруҳ турли маданиятларга эга бешта қитъада жойлашган мамлакатлар дўконларига бир хил тўпламларни етказиб бериш қобилиятига эга. Zara дўконларининг энг фойдали нуқталарда, асосан йирик шаҳарларнинг асосий кўчаларида жойлашганлиги унинг реклама соҳасидаги муваффақиятидир.
Таҳлилчилар брендларни диверсификация қилиш борасида турлича қарашларни илгари суришига қарамай, бир нечта алоҳида тармоқларга бўлиниш барқарорликнинг юқори даражасига олиб келади. Ахир ҳамма олмаларни битта саватга солмаслик — яхши стратегия.
Испания ва Португалия каби энг ривожланган мамлакатлар бозорларида янги дўконлар очиш жуда қийин, шунинг учун компания ҳозирги вақтда халқаро миқёсда кенгаймоқда, айниқса, Шарқий Европа, Осиё ва Тинч океани минтақасида. 45 миллион аҳолига эга ва аҳоли жон бошига ўртача даромади 27,914 еврони ташкил қиладиган Испанияда тахминан 1300 та “Inditex” дўконлари мавжуд, Германияда атиги 100 та дўкон бўлсада, Испанияга қараганда мамлакат аҳолиси 80 миллионни ташкил этади ва аҳоли жон бошига ўртача даромад ҳам юқорироқ.
“Inditex” қоидалари
Дизайн ва моделлаштириш
Ушбу жараённинг биринчи босқичи тенденцияларни аниқлашдан иборат. Бунинг уч усули мавжуд.
- Биринчи усул – чекланган. Бунга Барселонадаги кичкина офисни мисол қилиш мумкин. У ерда дизайнерлар иложи борича ҳозиржавоб бўлиш учун мода янгиликларини кузатадилар. Ходимлар дунё бўйлаб саёҳат қилишади, одамлар дўконларда нима кийиб кўришларини ва кўчада қандай кийинаётганларини ўрганади. Уларнинг кузатувлари бир нечта тўпламларнинг эскизларига айланади, кейинчалик улар Артежо шаҳридаги ички йиғилишларда намойиш этилади. Бу жуда чекланган миқёсда рўй беради, чунки дизайнерлар бошқа усулларни афзал кўришади.
- Иккинчи усул дўконларга ташриф буюрган харидорларнинг қизиқишлари тўғрисида маълумот тўплашга асосланган. Дизайнерлар замонавий пойтахт тенденцияларини билиш учун Нью-Йорк, Париж, Лондон, Милан ёки Токиога саёҳат қилишади. Улар доминант ранглар ва материалларга эътибор қаратишади.
- Учинчи усул мавжуд нарсалардан илҳомланиш — мода журналларидан олинган маълумотлар, телекўрсатувлар ёки «қизил гилам»дан ўтувчи юлдузлар либослари ва бошқалар.
Маълумот олишнинг расмий, аммо аҳамиятсиз усули ҳам мавжуд. У тўғридан-тўғри Zara дўконларидан келади ва менежерлар томонидан таъминланади. Дўконлар ва бош офис ўртасида кучли ахборот алоқаси мавжуд, шунингдек, мижозларнинг эҳтиёжларини аниқлашга ёрдам берадиган янада уюшган тизимлар томонидан қўллаб-қувватланади.
Мазкур маълумотлар ёрдамида дизайнерлар, рассомлар йилига 22 мингдан ортиқ чизмалар прототипларини яратадилар. Прототиплар ҳақиқий одамлар ва манекенларда синовдан ўтказилади. Яратилганидан сўнг моделлар, ҳамкасблар, етказиб берувчилар ва мижозларга намойиш этилади. Тўпламга ўз фикрларини билдирган ўнлаб ходимлар билан суҳбатлашиш одатий ҳолдир.
Синовдан ўтган чизмалар яна CAD дастуридан фойдаланиб нақш яратадиган модельерларнинг қўлларига топширилади. Улар керакли ва мос нақшларни танлашади. Кейин мато фабрикага юборилади, у ерда кўрсатмаларга мувофиқ кесилади.
Маркетинг бирон бир маҳсулотни ишлаб чиқаришга якуний розилик берганида, турли фабрикаларга нархлар ва маълум бир иш учун шартларни таклиф қиладиган сўровлар юборилади. Идеал вариантни таклиф қиладиган ҳар қандай киши иш билан таъминланади.
Етказиб берувчилар
Агар Zara ташкил топганидан бери Ортега ишида фақат битта энг муҳим муваффақиятли дақиқани ажратиб кўрсатишга тўғри келса, бу унинг Ла-Коруньяда хом ашё етказиб берувчи гуруҳлар билан алоқа ўрнатгани бўлади. Компания ривожланишининг бошида у акаси Антонио билан Барселонага бир неча бор ташриф буюрган ва у лойиҳанинг афзалликларига ишлаб чиқарувчиларни ишонтирган. Бугунги кунда ҳамма нарса ўзгарди ва “Inditex” идораси тўқимачилик гиганти билан ишлаш учун ҳар қандай ишни қилишга тайёр бўлган етказиб берувчилардан кунига ўнлаб таклифларни қабул қилмоқда. Кўпгина мамлакатлар мато ва коллекцияларни ишлаб чиқариш учун хом ашё етказиб беради.
“Inditex” гуруҳга тегишли бўлган Zara хомашёси буюртмаларининг 65 фоизини Барселонадаги тўқимачилик компанияси орқали амалга оширади. Улар ишнинг бошидаёқ муаммоларнинг олдини олиш учун кўпроқ ёки камроқ нима кераклигини белгилаб, бахмал ёки бахмалсимон чарм, ёки пахта ва бошқаларга олдиндан буюртма берилади. Қолган 35 фоиз хом ашё тўплам дизайни шакллантирилганда буюртма қилинади.
Ишлаб чиқариш айланиши матони бўяш билан тугайди. Бу гуруҳнинг бошқа заводлари томонидан амалга оширилади.
“Inditex”нинг муҳим устунлиги — бу нафақат дўконлар борасида, балки хом ашё ва тайёр маҳсулотлар тўғрисида ҳам музокара олиб бориш қобилиятидир. Бу шуни англатадики, етказиб берувчилар ўртасида товар айирбошлаш даражаси юқори, чунки улар нарх, сифат ва тезликка нисбатан қатъий талабларга эга.
Логистика ва тарқатиш
Одатда “Inditex” мавсум бошланишидан олдин коллекциянинг 25 фоизини ишлаб чиқаради. Бу компанияга анъанавий тўқимачилик тизимларига устунлик беради, чунки бу омбор нархларини пасайтиради ва мижозлар талабларига жавоб бермаслик хавфининг олдини олади. Аммо бу маълум қийинчиликлар билан ҳам боғлиқ, чунки тарқатиш мукаммал ишлаши жуда муҳимдир. Логистика товарлар оқимини ўзи тартибга соладиган хизмат кўрсатиш дўконларида ишлайди ва улар доимий равишда тарқатиш марказларидан етказиб берилади.
Логистика Галисия гуруҳидаги вертикал интеграция циклининг асосий қисмидир. Дунё бўйлаб дўконлардаги акцияларни бошқариш, дизайнни ва маҳсулотни тезда яратиш каби муҳимдир. Шу сабабли “Inditex” Ла-Корунья, Сарагоса ва Мадридда энг янги технологиялар билан жиҳозланган логистика марказларини яратишга вақт, куч ва катта маблағ сарфлади.
“Inditex”, шунингдек, Леонда қайтариб бериш марказига эга, у ерда бошқа дўконларга жўнатиладиган товарлар ёки буюмлар келади. Zaraʼдан бироз бошқача тарзда ишлайдиган бошқа тармоқлар ўз логистика марказларига эга. Деярли барча нарсалар юк машиналарида ташилади, АҚШ ва Лотин Америкасидаги буюртмалар бундан мустасно, у ерга ҳаво транспорти орқали етказилади. Осиё дўконларига эса етказиб бериш денгиз орқали амалга оширилади, бу эса анча вақтни олади.
Дўконлар
Дўконлар вертикал интеграциялашган тизимнинг биринчи ва охирги нуқтасидир. Дўкон менежери 10 дан 120 кишигача бўлган катта ёки кичик жамоани тўлиқ назорат қилади.
Кўпгина менежерлар бош директор сифатида ишлайди ва уларнинг маошлари йилига 240 минг еврогача етади.
Дўконлар ўзларининг хоҳишларига кўра буюртма беришади ва товарлар уларга имкон қадар тезроқ етиб боради. Маҳсулотлар бир ой давомида ёки мавсумда 2 ҳафта стокда сақланади. Дўконга келган 10 кишидан 3 таси уларни харид қилган бўлиши кераклиги инобатга олинади. “Inditex” мижозлар орасида бугун кўрган нарсалари эртага сотилиб кетиши мумкин, деган ҳадикни уйғотишга ҳаракат қилади.
“Inditex” рақобатчиларига ҳеч қандай имконият қолдирмайди. Мусиқа ҳам, қулай ўриндиқлару ширинликлар харидорларни бу ерга яна қайтиб келишига кичик бўлсада туртки беради.
Тизим хатарлари ва фойдалари
Ҳозирги кунда компания дуч келаётган асосий қийинчилик — бу тез ўсиш даврида мослашувчанликни сақлаш. Дунёнинг исталган бурчагида очилган ҳар қандай савдо маркази, қайси мамлакатда бўлишидан қатъий назар, “Inditex” дўконлари учун энг яхши ижаравий шартларни таклиф этади, чунки уларнинг сотилиши анча юқори. Компания дўконлари энг яхши биноларни.
Географик жиҳатдан ўсиб бориши ва харажатлар оптималлаштирилиши билан “Inditex” миқёсли иқтисодлардан фойда кўради. Асосий рақобатчилари бўлган GAP ва H&M билан таққослаганда, уларнинг бизнес модели юқори даражадаги вертикал интеграцияни таклиф қилади.
Истеъмолчининг хоҳиш-иродасини аниқлаб, унга мослашиш “Inditex”, жумладан, Zaraʼнинг муваффақият калитидир. Бунда инновация ютуқларидан фойдаланиш ва маҳсулотни ўз вақтида ишлаб чиқариш қобилиятини сақлаб қолиш энг асосий вазифа ҳисобланади.