July 11, 2020

“Nissan”​ — салкам бир асрлик тарихга эга бренд

Nissan​ – бош қароргоҳи Иокогама (Ёкоҳама)да жойлашган ва шу ном остида машина ишлаб чиқариладиган Япония автомобиль маркаси. “Nissan Motor Co., Ltd.” “Toyota” va “Honda” ​ билан биргаликда кунчиқар мамлакатнинг энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилари учлигига кирган.

Компания автомобиллар, тижорат транспортлари ва юк машиналари, эҳтиёт қисмлари, шунингдек, алоқа йўлдошларини, спорт кемалари ва бошқа техникаларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Компаниянинг «туғилиши»

Nissan​ 1925 йилда “Dat”​ автомашиналарини ишлаб чиқарувчи “Kwaishinsha Co” ​ ва “Jitsuo Jidosha Co”​нинг қўшилишидан кейин пайдо бўлди. Лекин автомобиль ишлаб чиқарувчисининг фаолияти расман 1933 йилнинг 26 декабридан, “Jidosha Seizo Co., Ltd”​ ташкил этилганидан бошланган. 1934 йилнинг 1 июнига келиб компания “Nissan Motor Co., Ltd” ​ номини олади.

Тез орада компаниянинг Иокогамадаги биринчи автомобиль заводи қурилади. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 15 минг дона автомобиль чиқариш эди. Бироқ “Nissan Motor Co., Ltd.” ​на тажриба, на ходимлар ва на ўзининг машина ишлаб чиқариш технологиясига эга эди. Ўша пайтда америкаликлар энг илғор тажрибага эга бўлгани учун компания президенти Ёсисукэ Аюкава​ қўшма корхона яратиш учун шерик излай бошлади.

Танлов “General Motors” ​ концернида тўхтайди, аммо битимнинг имзоланиши арафасида Япония ҳукумати унга тақиқ қўяди. Лекин аввал “Dat”​, кейинчалик “Nissan”​нинг бош дизайнери бўладиган америкалик Уильям Рейган Горҳам вазиятни ўзгартиради. У АҚШга бориб, банкрот бўлган “Graham-Paige” ​ заводидан автомобиллар ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олади. Бундан ташқари Горҳам ўша заводнинг энг истиқболли ходимларига ҳам иш таклиф қилиб, «бир ўқ билан иккита қуённи уради».

Америка автомобиль компаниясининг ускуналари ва юқори малакали мутахассислари Иокогама шаҳрига келгач, Nissan​ ўз автомобилларини конструкция қилиш ва ишлаб чиқаришга эътибор қаратди. Узоқ вақт давомида компания ўз моделларини “Datsun” ​бренди остида йиғди. Уларнинг баъзилари, яъни фақатгина ноёб бўлган моделлари Nissan​ префикси билан сотилган.

1934 йилда Nissanocar​ чиқарила бошланди, у кичик синфдаги «энг тежамкор ва ишончли» автомобиль деб тан олинди. Автомобиль 748см 3 ҳажмли двигатель билан жиҳозланган бўлиб, 75 км/соат тезликка чиқа оларди. Шунингдек, автомобиль ўша йиллардаги ўзига хос куч ва дизайннинг уйғунлигини акс эттирган.

1935 йилдан бошлаб Nissan ўзининг автомобиль ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириб борди. Металл листларни қайта ишлаш учун махсус пресслардан фойдаланиш жорий этилиб, ушбу операцияни бажариш учун қўл меҳнатидан воз кечилди. Бундан ташқари, компания фақатгина Японияда тайёрланган таркибий қисмлардан фойдалана бошлаган.

Логотипнинг яратилиши

Бундай жиддий технологик ўзгаришлардан сўнг брендни тарғиб қилиш керак бўлган. Шу мақсадда 1935 йилнинг май ойида компаниянинг янги маркетинг сиёсати ишлаб чиқилди ва корпоратив рамзларни татбиқ этишга қарор қилинди.

Корпорациянинг эмблемаси кўтарилаётган қуёшни билдирувчи қизил доира ва осмон тимсолидаги кўк чизиқнинг комбинациясидан ташкил топганди. «Самимийлик муваффақият келтиради» шиори танланди. Ўша вақтнинг ўзида компания савдо географиясини кенгайтириш устида ишлаб, ўз моделларини Австралияда сотишни бошлаган.

Nissanʼ​нинг биринчи автомобили

Nissanʼ​нинг биринчи автомобили “Graham-Paige”​ автомобилларининг дизайни асосида яратилган “Type-70”​ эди. Конвейердан стандарт ва ҳашаматли версиядаги седанлар чиқарилиб, мос равишда 4000 ва 4500 иенга сотилган. Автомобиль жозибали дизайн ва кенг ўриндиқли қулай интерьерга эга бўлган. Моделнинг корпуси эса бутунлай пўлатдан ясалган эди.

Автомобилга 3,67 литр ҳажмга эга 6 цилиндрли двигатель ўрнатилганди. 85 от кучига эга двигателнинг минутига айланишлари сони 3400 га етган. Двигателни ҳаракатга келтиришда эса уч босқичли узатмалар қутисидан фойдаланилган.

Ҳарбий ҳаракатларнинг бошланиши билан оддий фуқаролар учун автомобиль ишлаб чиқариш бутунлай тўхтатилди. 1940 йилда Nissan “Tobata Kasting”​ ва “Xitachi”​ларни ўз ичига олган йирик дзайбацу​(пул клани ёки конгломерат) га айланди. Таркибига 74 та фирма кирган компания Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Япониянинг тўртинчи энг йирик бирлашмаси эди.

Уруш даврида

Иккинчи Жаҳон уруши даврида бренд армия эҳтиёжлари учун мўлжалланган техника ишлаб чиқаришга эътибор қаратган. Бундан ташқари у ҳарбий самолётлар ва моторли кемалар учун двигателлар ҳам ишлаб чиқаришга киришган.

1943 йилда қурилиши тугаган Ёсивара заводи ҳарбий ҳаракатлар туфайли узоқ вақт ишлай олмади. 1944 йилнинг сентябрида компания бош офисини Токиога кўчирди ва 1949 йилгача “Nissan Heavy Industries Ltd.”​ номи билан фаолият юритди.

1945 йилда компания юк машиналарини ишлаб чиқара бошлади, аммо урушдан кейинги тикланиш жараёни секин кечди. Иокогама заводи портлашлар оқибатида зарар кўрмаган бўлса ҳам, оккупация туфайли яна 10 йил давомида ишга туша олмаган. Бундан ташқари кўплаб автодилерлар ҳам “Toyota Motors”​га ўтиб кетган эдилар.

Қийинчиликларга қарамай, компания урушгача бўлган позицияларни тиклашга киришди ва 1947 йилдан яна “Datsun”​ савдо белгиси остида автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Урушдан кейинги йиллар

1950 йилларда Nissan​ автомобиль ва двигатель йиғишнинг илғор технологияларига ўтиш имкониятларини қидирди. Компания ҳамкор сифатида Буюк Британиянинг “Ostin” (ing. Austin)​ини танлади. Уларнинг келишувига биноан Nissanʼ​да импорт жиҳозлардан фойдаланган ҳолда 2000 га яқин Остин автомобили йиғилди ва шу ном остида Японияда сотилди.

Nissan ​ етти йил давомида Остин автомобилларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган. 1953-1959 йиллар оралиғида заводда 20 855 та машина йиғилган. Шунингдек, шартнома Nissanʼ​га британиялик патентларидан фойдаланиш ҳуқуқини берди. Шу сабабли японияликлар қўлга киритилган технологияларни ўз двигателларини ишлаб чиқаришда муваффақиятли қўллашди.

Nissan Patrol

1951 йилда ҳарбий транспорт воситаларини ишлаб чиқариш тажрибасидан фойдаланган ҳолда компания “Nissan Patrol” ​ 4х4 (барча ғилдираклари двигателга уланган) йўлтанламас ишлаб чиқаради. У кучли олти цилиндрли двигатель, мустаҳкамланган рама ва яхлит ўқ билан жиҳозланган эди. Модель конструкциясидаги ушбу принцип ҳозирги кунда ҳам қўлланилади.

1953 йилда Nissan заводларида раҳбарият ва ишчилар ўртасидаги келишмовчиликлар натижасида 100 кунлик иш ташлаш содир бўлди. Ўша пайтдаги касаба уюшма раҳбарлари билан олиб борилган музокаралар якунига етганидан сўнг, бир неча юз нафар ишчилар ишдан бўшатилган. Ундан кейин эса АҚШ оккупациясининг маъмурлари касаба уюшма раҳбарларини ҳибсга олган.

Ўтган асрнинг 60-йиллари

1958 йилда компания ўз автомобилларини АҚШга экспорт қила бошлади. 1960 йили Калифорнияда Америка бозоридаги биринчи расмий филиали – “Nissan Motor Corporation USA”​ очилди. 1962 йилдан эса автомобиллар Европага ҳам етказиб берила бошланди.

1960 йилда “Nissan Cedric”​ ишлаб чиқарилди, у ўша даврдаги энг катта япон автомобили эди. Модель юқори қулайлик ва кенг интерер билан ажралиб турарди. Автомобиль салони олти ва саккиз кишига мўлжалланган версиялар билан таъминланди, шунингдек, моделга 70 ёки 87 от кучига эга двигателлар ўрнатилиши мумкин бўлган. Бундан ташқари модель дизель двигателлари билан ҳам жиҳозланган.

1961 йилда Nissan​ АҚШдаги автоулов экспорт қилувчилар орасида етакчиликни қўлга киритди ва “Nissan Mexicana”​бўлинмасини ташкил этди.

1965 йилда, биринчи навбатда, юқори даражадаги корпоратив раҳбарлар ва ҳукумат амалдорлари учун мўлжалланган ҳашаматли “Nissan Prezident” ​ лимузини пайдо бўлди. Дастлаб у фақат Япония бозорида сотилган, кейин чекланган миқдорда Сингапур ва Гонконгга кириб борган. Кейинчалик машинанинг Шимолий Америка учун мўлжалланган версияси пайдо бўлди.

1966 йилда Nissan “Prince motor”​ компаниясини ўзига қўшиб олади. Ушбу қўшилиш автомобиль ишлаб чиқарувчиларга катта фойда келтирди: компания ишчи штати юқори малакали мутахассислар билан тўлдирилди. Автомашиналар сифати сезиларли даражада ошди ва “Skyline”​ ҳамда “Gloria”​ номли илғор моделларнинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

1969 йилда Шимолий Америка бозорида 240З моделининг сотувлари бошланади. Унинг 2,4 литрли двигатели 151 от кучига эга эди. Тез орада ушбу модель автоишқибозлари томонидан «афсонавий» деб тан олинди. Чунки 240З ўзининг асосий рақобатчиси ҳисобланган “Porsche” ​автомобилларидан яхшироқ ва бир вақтнинг ўзида арзонроқ эди.

Ҳозирги вақтда

1983 йилда компания “Datsun”​ брендидан воз кечишга қарор қилди. Гап шундаки, Япониядан ташқарида Ниссан брендини ҳеч ким танимасди. Корпорация раҳбарияти маркетинг стратегиясини қайта кўриб чиқди ва аста-секинлик билан “Datsun”​ бренди остида автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатди.

90 йилларнинг ўрталарида компания молиявий қийинчиликларга дуч келди. Бу 1999 йилда “Renault” ​ француз автомобиль ишлаб чиқарувчиси томонидан компания бошқарув пакетининг сотиб олинишига олиб келди. Янги раҳбар бўлмиш Карлос Гон Nissanʼ​ни тиклаш дастурини муваффақиятли амалга оширди ва у туфайли компания Япониядан ташқарида ҳам машҳурликка эришди.

2010 йилда компаниянинг электр автомобили – “Nissan Leaf”​ пайдо бўлди. 2014 йилга келиб автомобиль дунёнинг 35 мамлакатида сотила бошлади. Шу билан у энг кўп сотилган электр автомобили мақомини олди. Чунки 2014 йилнинг декабри ойи ҳолатига кўра, 158 минг дона модель сотилган эди.

“Nissan Leaf”​ кўплаб мукофотларга муносиб топилди, шу қаторда Европадаги «Йилнинг энг яхши автомобили» (2011), бутун дунёдаги «Йилнинг энг яхши автомобили» (2011) ва Япониядаги «Йил автомобили» (2011, 2012) бўлди.

Ҳозир “Nissan Motor Co., Ltd.”​ — дунёдаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилардан бири. 2019 йилда дунё бўйлаб компаниянинг 5 миллиондан ортиқ машиналари сотилган. Nissanʼ​нинг Японияда бир нечта заводларидан ташқари Хитой, Ҳиндистон, Вьетнам, Индонезия, Таиланд, Мексика, Испания, Буюк Британия ва Россия каби давлатларда ҳам ишлаб чиқариш қувватлари бор.