July 11, 2020

Говард Шульц – “Starbucks” феномени

Ўрта ёш авлод вакилларига яхши маълумки, 1990 йилларда Америка Қўшма Штатларида айнан “Starbucks” (Starbaks) қаҳва истеъмолини миллий маданият даражасига олиб чиққан эди. Бироқ компания ривожининг сабабчиси, бош директори ва илҳомбахш бошқарувчиси бўлган Говард Шульц (инг. — Howard Schultz) ҳақида кўпчилик билмаса керак. У Италия «қаҳвахона маданияти»ни океанорти мамлакатига олиб кириб, уни оммавий истеъмолга мослаштирди. Даставвал тўртта дўкондан иборат бўлган тармоқни Шимолий Америкадаги қаҳва чакана савдоси билан шуғулланадиган етакчи тармоққа айлантирди.

Шульц 1953 йили Бруклинда туғилган. Унинг онаси қабулхонада котиба бўлиб ишларди, отаси эса турли оғир ишларда меҳнат қилган. Оиланинг ойлик маоши камлиги боис тиббий суғурта ёки шунга ўхшаш имтиёзларга эга бўлишмаган. Говард 7 ёшга кирганида, отаси тўпиғини синдириб олиб, ҳайдовчиликдан бўшатилади. Кейинчалик оилада иқтисодий аҳвол жуда ёмонлашади, айрим пайтлари ҳатто егулик учун ҳам пул топилмай қолади. Бундай танглик ёш Говардда руҳан кучли бўлиб, ўз келажаги учун курашишига туртки берди.

Яхши ҳаёт яратишга қарор қилган Говард бор диққат-эътиборини ўқишга йўналтиради. 1975 йилга келиб бизнес соҳасида бакалавр даражасини олган Шульц дарҳол “Xerox” корпорациясининг савдо ва маркетинг бўлимида ишлай бошлади. Кўп ўтмай у уй жиҳозлари билан савдо қилувчи “Hammerplast” компаниясига таклиф қилиниб, маркетинг ишлари бўйича етакчи мутахассисларидан бирига айланади.

“Hammerplast”да ишлаётган пайт Говард Сиетлдаги “Starbucks” номли кичик компания жуда кўп миқдорда Эспрессо машиналарини сотиб олаётганини пайқаб қолади. У бунга қизиқиб, текширув учун Сиетлга учиб келади ва тўртта “Starbucks” дўкони фаолияти билан танишади. Дастлаб 1971 йилда ташкил этилган “Starbucks” янги қовурилган қаҳва доначалари, чой, зираворлар ва қаҳва тайёрлаш аксессуарларини сотиш билан шуғулланар эди.

“Starbucks”нинг эгалари Жеральд Болдуин ва Гордон Боукер Шульцнинг ғайрати ва маркетинг кўникмаларидан таъсирланиб, уни компанияга таклиф қилишади. Чунки уларнинг ишбилармонлик бўйича билимлари нисбатан кам эди ва Говард орқали улар янги даражага чиқиш мумкинлигини англашган эди. Қисман эгалик қилиш ҳуқуқини ўз ичига олган таклифни Шульц 1982 йили “Starbucks”нинг маркетинг ва чакана операциялар бошлиғи сифатидаги фаолиятини бошлайди.

Бир йилдан сўнг Италиядаги таътили давомида, унинг ўзи таъкидлаганидек, «кўзлари очилади». У Миланнинг эспрессо-барларидан бирида ўтирган пайтида кўплаб италияликларнинг ижтимоий ҳаётида қаҳва муҳим роль ўйнашини тушуниб етади. Қаҳвахона танишлар билан куннинг ҳар қандай вақтида учрашиб, суҳбат қуриш ва вақтни чоғ ўтказиш учун маълум бир ҳудуднинг асосий нуқтаси эди. Буни кўрган Шульц ўзига “Сиэтлда ҳам шундай қаҳвахона очсак нима бўлади?” — дея савол беради.

Сиэтлга қайтган Говард “Starbucks” эгаларига ўз фикрларини айтади. Бироқ Болдуин ва Боукер ташаббускорни қўллаб-қувватлашмайди ва савдо дўконларидан бирини қаҳвахонага айлантиришдан бош тортишади.

Шульц қаршиликка рўбарў келганини сезиб “Starbucks”ни тарк этади ва 1986 йилда ўзининг “II Giornale” (итал. – кундалик) деб номланганэспрессо-барини очади. Тез орада унинг қаҳвахонаси шуҳрат қозонади. Тақдир тақозосини қарангки, бир неча йилдан кейин Болдуин ва Боукер ўз савдо нуқталарини сотишмоқчи эканлигини эшитган Говард тезда инвесторларни тўплаб, “Starbucks”ни 3,8 миллион АҚШ долларига сотиб олади ва ўзининг эспрессо-барини ҳам унинг таркибига қўшади.

Бош директор курсисига ўтиргач, Шульц хаёлидаги концепцияларни “Starbucks” компаниясига татбиқ эта бошлади. 1 доллар нархдаги асосий ичимликдан ташқари эспрессо, капучино, кафе-латте, музли қаҳва ва бошқа шу каби экзотик қаҳва ичимликлар билан ассортиментни кенгайтирди. Шунингдек, у ўз мижозлари ҳар бир финжон қаҳвадан баҳраманд бўлишлари учун тоза, қулай ва яхши ёритилган муҳитни яратишга интилди.

Бироқ Шульц томонидан киритилган энг радикал ўзгариш — бу компаниянинг ўз ходимларига нисбатан муносабатнинг яхшиланишидир. У дўстона ва самарали хизмат сотув ҳажмини ошириши мумкинлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда малакали ходимларни тайёрлаш учун махсус ўқув дастурини яратди. “Inc.” журналига берган интервьюсида Шульц «Яхши хизмат кўрсатиш – ўзига хос санъат. Ҳисоблагич ортидаги ишга ҳам профессионаллик билан ёндашиш керак», дейди. Кейинчалик тўлиқ ва ярим иш кунлик ходимларни қўллаб-қувватлаш учун тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, компания акцияларини қўлга киритиш каби имкониятларни ҳам бера бошлади.

Говард Шульц мисолида кўришимиз мумкинки, қўйилган ҳар бир кичик қадам катта ўзгаришлар томон чорлайди. Имкониятлардан ўз вақтида ва тез фойдаланиб қолиш ҳам бизнес юритишда стратегик аҳамиятга эга. Унинг амалга оширган ишлари натижасида “Starbucks” 1990 йиллар мобайнида мисли кўрилмаган ўсишга эришди. Бунда қаҳвахоналар сони 1994 йилда 425 тага, 1998 йилда 2200 тага етди. Пандемияга қадар эса дунёнинг 75 та мамлакатида фаолият юритган “Starbucks” нуқталари 24 мингдан зиёд эди.