July 12, 2020

Келажак автомобиль компанияси — “Tesla Motors”нинг қисқача тарихи

Электр двигателли автомобилни яратиш ғояси ички ёнув двигателли биринчи машинадан анча олдин пайдо бўлган. Чунки Никола Тесланинг иш қоғозларида ҳам электр двигателда ҳаракатланадиган автомобиль чизмалари бор эди. Аммо у ўз замонасидан илгарилаб кетгани боис унинг ғоясини амалга ошириш учун технология ҳали у даражада ривожланмаган эди.

Узоқ йиллар давомида фақатгина экологлар электр автомобиллар тарафдори эди. Чунки гольф-карлар мисолидаги электромобиллар анъанавий бензинда ҳаракатланувчи автоларга кўп борада бас келолмас эди

“Tesla” компанияси муваффақиятининг асоси — бу икки муҳандис Марк Тарпенинг ва Мартин Эбергартддир. Лойиҳани амалга оширишга уларнинг шахсий ғоялари туртки бўлди. Марк экология учун курашувчилардан эди. Мартин эса ҳар доим 8 километр йўлга бир литр ёқилғи ишлатмайдиган спорт машинасини орзу қилар эди.

90 йилларда Калифорнияда уларнинг умумий дўсти бўлмиш Грег Ранд уюштирган учрашувда танишган Марк ва Мартин ситкомдаги икки қаҳрамонни эсга солишарди: суҳбатдош ва ғайратли Эбергартд ҳамда камтар Тарпенинг бир-бирининг камчилигини тўлдирган. Кўп ўтмай улар биргаликда иш бошлайдилар.

1997 йил баҳорида Эбергартд ва Тарпенинг “NuovoMedia”ни яратдилар ва ўзларининг “Rocket eBook” номли электрон китоб ўқиш мосламасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдилар. Улар муваффақият тўлқинини тезда қўлга киритиб, 187 миллион АҚШ доллари ишлаб топадилар.

Электр автомобиль томон

Уларнинг кейинги лойиҳаси Эбергартднинг автомобиль сотиб олмоқчи бўлганида юзага келган. Анъанавий спорт автомобиллар кўп ёқилғи сарфлагани учун, улар фақат электр токидан фойдаланувчи машина яратишга қарор қилишади. 2000 йилларнинг бошларида аллақачон электрон двигателли тезкор машиналарни церийасиз ишлаб чиқаришга уринишлар бўлган эди. Эбергартд Калифорниянинг “AC Propulsion” компаниясининг кичик “Tzero” русумли машинаси ҳақида маълумот олади. “Lamborghini” каби тезланишга эга бўлган ҳолда, у бутунлай электрон эди.

Тарпенинг ва Эбергартд ушбу соҳада қўлланилиб келинган қўрғошин асосли аккумуляторлар ўрнига оддий телефон ва ноутбуклардаги литий-ион батарейкалардан фойдаланишга қарор қилишади, чунки ўша пайтда бу нисбатан илғор технология эди.

Двигатель сифатида эса улар Индукцион моторни олдилар. Бундай моторнинг энг содда намоёндаси оддий уй вентиляторларини ҳаракатга келтиради. Бундай двигателнинг қувватлироғини ишлатиш анъанавий автомобиллар учун зарур бўлган катта двигатель, трансмиссия, бензин баки ва чиқинди газлар қувури каби бир қатор деталларга эҳтиёжни йўққа чиқарарди. Чунки автомобиль ҳаракатга келиши учун электр двигатель, қувват манбаси ва бошқарув тизимининг ўзи етар эди.

2003 йилда Мартин ва Марк томонидан яратилган компания индукцион мотор ихтирочиси Никола Тесла шарафига “Tesla Motors” деб номланди.

Эбергартд ҳам, Тарпенинг ҳам автомобилсозлик соҳасида етарли тажрибага эга эмас эди. Уларнинг иккаласи ҳам машинани яратиш электрон китобга қараганда бироз мураккаброқ деб тахмин қилишган эди, аммо амалда эса жуда кўп нарса устида иш олиб бориш керак бўлган.

Йирик автомобиль компаниялар учун деталлар турли заводларда ишлаб чиқарилади. Tesla ҳам шундай амалиётни қўллай бошлади ва Британиянинг “Lotus” компанияси билан кузовлар тайёрлаш юзасидан шартнома имзоланади. Унга кўра Тесланинг “The Roadster” модели Lotus Elise автомобилининг асосида ишлаб чиқарилар эди.

2004 йилга келиб, PayPalни сотиб миллионерга айланган Маск ўзининг “SpaceX” компаниясига асос солган эди. Эбергартд ва “Tesla Motors”нинг яна бир “отаси” Иан Райтлар Илон Маск билан Лос-Анжелесда, “SpaceX”бош офисида учрашадилар.

Бўлажак лойиҳа ҳақида бир қанча келишмовчиликлар юзага келди ва Маск дастлаб сармоя қилишга қаттиқ шубҳа қилди. Бироқ, баъзи нарсаларда Маск ва Tesla муҳандислари бирдам эдилар: электр автомобили кучли, чиройли, шунчаки яхши эмас, балки чинакам техника ютуғига айланиши ва ниҳоят бензинни “кўмиши” керак эди. Тарпенинг билан муросага келган Маск “Tesla Motors”га 7,5 млн доллар миқдорида биринчи инвестиция киритади. Кейинчалик Teslaʼга Google, eBay, Toyota ва Daimler компаниялари сармоя киритадилар. Аммо энг катта улуш Маскка тегишли бўлиб қолаверади ва у “Tesla Motors” бошқарувининг раисига айланади.

Йиғилган биринчи автомобиль Tesla Roadster деб номланган. Юқорида айтиб ўтилганидек, унинг асосий таркибий қисмлари Калифорнияда ишлаб чиқарилган, аммо охирги автомобиль Буюк Британиядаги фабрикаларда йиғилган.

Дастлаб, Tesla PR-компания орқали ўзини бозорда юқори даражада эълон қилишга муваффақ бўлди, шу жумладан Леонардо Ди Каприо, Жорж Клунива Арнольд Шварценеггер сингари Голливуд машҳурлари ва бошқа бадавлат кишилардан “Биринчи юзта имзо” рўйхати яратилди. Бундай натижанинг сабаби ишлаб чиқарилган биринчи 100 та автомобилга Мартин, Марк ва Илоннинг дастхати туширилиши эди.

Аммо якуний маҳсулотни яратиш чўзилиб кетди. Эбергартд биринчи намуналарни 2006 йилгача етказиб беришни режалаштирганди, аммо буни фақат 2008 йилда амалга оширди. Бунга сабаб Мартин ва Маскнинг рақобати эди. Чунки Tesla ҳақида гапирилганда барча эътибор Эбергартдга қаратилар эди ва бир вақтнинг ўзида Маск ҳам ўз ҳиссасини қўшиш тарафдори эди. Компания катталаша бошлади. Аммо Мартин унга юкланган масъулиятни бажара олмади. Компанияга янги бош директор тайинланди, Эбергартд эса техник директор лавозимига ўтди. Яна бир қанча ўзгаришлардан сўнг, 2008 йилга келиб компанияга 55 миллион АҚШ долларини киритишга улгурган Илон Маск бош директор вазифасини ўташга киришади.

Бу ёки бошқа йўл, яъни, бошқарувни ўзгартириш, ишдан бўшатиш ва якуний маҳсулотга эътиборни қаратиш Teslaʼга фойда келтирди. Дастлабки харидорларнинг шикоятларига қарамай, Tesla Roadster ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга муваффақ бўлди ва 2010 йилда компания IPOʻни (акцияларни бирламчи жойлаштиришга) амалга оширади. Шу тариқа, Икки муҳандиснинг шахсий ғоясидан келиб чиққан компания автомобиль гигантига айланади.

Ҳозирда “Tesla Motors” келажак автомобилсозлиги тимсоли. Компания томонидан ишлаб чиқилган люкс синфидаги “Model S”ни мисол учун оладиган бўлсак, унинг умумий 762 от кучига эга бўлган икки мотори автомобилни 100 км/соатга бор — йўғи 3 сонияда олиб чиқади. Бундан ташқари 100 кВт/соатлик батареялар ёрдамида “Model S” қўшимча қувватланишсиз 613 км йўлни босиб ўтади.

Tesla Model S

Қизиқ тарафи шундаки, бугунги кунда “Tesla Motors“ ҳақида озгина бўлса ҳам маълумоти бор одамларнинг кўпчилиги унинг асосчиси сифатида фақатгина Илон Маскни танишади. Бироқ ғоя ва компаниянинг биринчи асосчилари бўлган Марк Тарпенинг ва Мартин Эбергартд ҳақида ҳам унутмаслик керак.