Онлайн банклар туфайли муваффақиятга эришган миллиардер — Олег Тинковнинг бизнес йўли
Жамиятда бошқалардан ажралиб турадиган одамлар доимо қолганларда катта қизиқиш уйғотади. Ушбу фарқ айнан нимада кўриниши муҳим эмас — асосийси, у мавжуд.
Биз, айниқса, «ҳаётдан ҳамма нарсани олишга» муваффақ бўлган ва энди ўзларининг шахсий самолётларида узоқ саёҳатга чиқадиган, ресторанларда кечки овқатни тамадди қиладиган, июлнинг иссиқ кунларида ҳам исталган дам олиш жойларида тоғ чанғисида сайр этадиган одамлар аслида қандай эканлигига қизиқамиз…
Ана ўшандайлардан бири Олег Тиньков бўлиб, унинг исми "Forbes" рўйхатига киритилган. У ҳам биз кабидир, айни пайтда ўзгачалиги бор, чунки у шунчаки хаёлий бўлиб туюладиган тушунчаларни енгиб ўта олган.
Олегнинг ўзи бу ҳақида нима дейди? Қандай қилиб у бош айланадиган баландликкача кўтарилишга муваффақ бўлди? Бунинг учун алоҳида қобилият керакми ёки ҳамма ҳам бунга қодирми? Бугун Олег Тиньков мисолида ушбу саволларга жавоб топамиз.
Аслида Олег Тиньков ким?
Тиньков номи у асос солган "Тинькофф Банк"и туфайли бугунги кунда барчага таниш, у россиялик тадбиркорлар ичида ўз обрўсига эга.
Олег 1967 йилда Кемерово вилоятида, ишчи оиласида дунёга келган. Унинг болалиги оддий ўтган: оила ҳеч қандай бойликка эга бўлмаган, ота-онаси барча совет одамлари каби яшаган ва ишлаган. Олег кўплаб совет болалари сингари ўқиди, улғайди. У спортни яхши кўрарди.
Айниқса, болада велосипед ҳайдашга иштиёқ кучли бўлиб, унинг «велосипедга бўлган муҳаббати» азалий ва жиддий эди: Олег шаҳар ва вилоят мусобақаларида қатнашди, ҳатто спорт усталигига номзод бўлди. Албатта, бу феъл-атворини шакллантиришга ёрдам берди, у ҳар доим ғалаба кайфиятида юрарди.
Мактабда ўқиш пайтида боланинг «совет мафкурасига хос бўлмаган» истеъдоди ўзини намоён қилди: у саёҳатда жинси шимлар, кроссовкалар ёки бошқа нарсаларни сотиб олишга муваффақ бўлди ва кейин уларни яхши нархда пуллади.
Икки йиллик армия хизматидан сўнг, Олег Ленинград кончилик институтига ўқишга кирди. Ана шунда унинг тадбиркорлик фаолияти бошланади. Тўғри, у институтни тугатмади, учинчи курсдан тарк этди. Аммо кейинчалик ўқишни Калифорния университети (маркетинг бўйича)да давом эттирди.
Албатта, унинг шахсиятида атроф-муҳит ҳам муҳим роль ўйнаган: Ленинградда ўқиш пайтида Олег Андрей Рогачев, Олег Леонов билан учрашган (улар бугунги кунда ҳамма биладиган «Ленты», ”Пятерочки", «Дикси» компанияларининг асосчилари ва эгалари).
"Tinkoff Bank"нинг бўлғуси эгаси Сингапурга саёҳат қилади, у ерда электроника сотиб олади ва уларни Россия шаҳарларида сотади. У «Петросиб» масъулияти чекланган жамиятини, кейин эса «Петросиб-Новосибирск», «Петросиб-Кемерово»ни яратади.
Бундан ташқари, Олег ёзувлар ва компакт-дискларни сотадиган “Music Shock” чакана савдо тармоғини очади.
Бўлажак миллиардернинг карьераси шу тарзда бошланди…
Олег Тиньков қандай қилиб пул ишлайди?
Тиньковнинг ўзига хос фазилати бор – у ҳаммасини «нолдан» бошлаган, ўсган ва ўзини ўзи тарбиялаган.
Тиньков мусиқа ихлосманди ва бу соҳада ҳам фойдали ишга бош қўшди. У бугунги кунда фахрланиб гапирадиган «Ленинград» ва «Кирпичи» гуруҳларини яратди.
Компаниялар 90-йилларда яратилган ва сотилган. Кейин Тиньков пиво-барни очди, аввал Санкт-Петербургда, кейин бошқа шаҳарларда ўзининг кичик барлари пайдо бўлди. Бироз вақт ўтгач, бизнесмен ушбу тармоқдан ҳам чиқиб кетади.
"Тинькофф Банк"
2018 йилга келиб, Олег "Тинькофф Банк" ва "Tinkoff Insurance" суғурта компаниялари директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллайди.
Банк офислардан бутунлай воз кечган Россиянинг энг яхши Интернет-лойиҳаси ҳисобланади. Тиньковнинг ўзи ушбу молия институти ҳақида гапирар экан, нима учун одамлар ҳали ҳам офисларга боришини тушунмаслигини айтади. "Мобиль иловани юклаб олиш анча осон ва сизнинг банкингиз дунёнинг исталган нуқтасида доимо сиз билан бўлади", дейди тадбиркор.
Банк мижозлари қандай савол билан мурожаат қилишмасин, ҳар бирига жавоб олишади, ҳаттоки улар 1 январь куни эрталаб ҳам бундай вазиятда қийналмайдилар. "Global Finance« ойлик нашрининг маълумотларига кўра, "Тинькофф Банк" 2017 йилда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг сўровлари натижаларига кўра энг яхши деб топилган.
Банкнинг истиқболи порлоқ, дея қаралади. Банк 2017 йилнинг 9 ойида 12,6 миллиард рубль соф фойда олишга эришган. Тадбиркор дунёдаги энг йирик онлайн-банкни яратишни режалаштирмоқда.
Тадбиркор нафақага чиқишни истамайди ва шунчаки ҳаётдан завқланишни хоҳлайди. У ҳали ҳам иш ва дам олиш ўртасида қандай қилиб мувозанатни топишни билади. Йилига камида 4 ой чанғи ва велосипедда учади. Мароқли ҳордиқ чиқара олади.
Тиньковнинг молиявий муваффақияти
2017 йил августда унинг бойлиги 1,6 миллиард долларни ташкил этди. Шундан атиги бир ой ўтиб, 2 миллиард жамғарди.
Тиньковнинг таъкидлашича, "Тинькофф Банк" даромадларидан олинадиган фойда молиявий ҳолатининг ўсиш суръатида катта роль ўйнайди.
У тез-тез Ғарбга иш юзасидан ёки одатий таътилда ҳам ташриф буюриб туради. “Чет элликлар бой одамни «миллиардер» деб гапирмайдилар, гўё уни бу билан аҳолининг қолган қисмидан ажратиб қўйиш мумкин”, дейди тадбиркор
Россияда «миллиардер» махсус белги бўлиб қолган. Бу нарса Олег Тиньковга ёқмайди. У ўзини жуда бой одам эмас, ўрта синф вакили деб билади.