Uber-замонавий такси хизмати муваффақиятининг 12 асоси
Uber атиги икки йил ичида юздан ортиқ шаҳарларда хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Савол туғилади, хўш, компания бундай натижага қандай эришди? «Биз юз минглаб ҳайдовчиларни ёлладик. Мендан кўпинча буни қандай қилганимизни сўрашади», дейди Uber мобил алоқа операциялари собиқ раҳбари Скотт Горлик. У бу саволга жавобан илгари ҳеч ким аҳамият қилмаган такси хизматининг жуда тез суръатда ривожланишига туртки берган, соҳани тубдан ўзгартирган 12 факт ҳақида айтиб ўтди.
1. «Совуқ қўнғироқлар»дан фойдаланиш
Биз янги шаҳарда иш бошлаганда Yelp (Yelp — бу хизматларнинг рейтинглари ва шарҳларини қўшиш ва кўриш имкониятига эга бўлган, ресторан ёки сартарошхона каби маҳаллий хизмат нуқталарини топадиган веб-сайт)дан фойдаландик ва тегишли ҳудуддаги барча шахсий автомашиналарнинг рўйхатини олдик. Биз ҳайдовчиларни чақирдик, учрашдик ва ишга ёлладик. Ишонаманки, дейлик, Атлантадаги ҳар бир такси ҳайдовчиси бугун менинг телефон рақамимни билади (улар менга қўнғироқ қилишади).
(Маълумот учун, «Совуқ қўнғироқлар» ёки телефон спамлари менежерларнинг илгари улар билан алоқа қилмаган потенциал мижозларга қўнғироқ қилиш фаолият бўлиб, асосий мақсад мижозлар доирасини кенгайтириш ҳисобланади. Бу телемаркетнинг бир шаклидир.)
2. Ҳайдовчиларга кўпроқ имконият бериш
Ҳафтанинг маълум кунлари банд бўлсангизда, Uber бўш вақтингизни тўлдириш ва қўшимча пул ишлашнинг ажойиб усули ҳисобланади.
3. Барча тафовутларни ҳал қилиш
Uberʼда иш бошлашни иложи борича осонлаштирдик ва биз билан ишлашда барча тўсиқларни олиб ташладик. Дастлабки йилларда (2010-2014 йиллар) биз драйверларга iPhone ва аксессуарларни тўлиқ этказиб бердик. Кейинчалик биз масофавий ишни ташкил қилдик ва ҳайдовчиларга “Get started” тўпламларини юбордик.
4. Кафолатланган даромад
Дастлаб мижозларимиз бўлмаганлиги сабабли биз ҳайдовчиларга соатлик ставкани таклиф қилдик. Бу эса Uber автоуловлари ҳафта давомида ва сутканинг ҳар қандай вақтида одамлар кўз ўнгида бўлишига имкон берди. Uber оммалашиб боргани сари ҳайдовчилар кўпроқ пул ишлашди ва биз соатлик иш ҳақини олиб ташладик.
5. Ҳайдовчиларга яқин бўлиш
Такси ҳайдовчилари одатда аэропорт ҳудудидаги тўхташ жойларида кўп вақт бўлишади. Шундай қилиб биз ҳам аэропортда кўп вақт ўтказдик. Ҳайдовчилар учун йўловчиларни кутиб оладиган, қаҳва ичадиган, рўйхатдан ўтадиган ва ишга киришадиган конференция хоналарини ижарага олдик.
6. Бонуслар тақдим этиш
Биз ёлланган ҳайдовчилардан бизда ишлашни хоҳлайдиган дўстлари, танишларим бор ёки йўқлигини сўрадик. Улар ўз дўстларини олиб келишганида бонуслар тақдим этдик.
7. Ўйин қоидаларини ўзгартириш
Баъзи маълумотларга кўра, Uber ҳайдовчилар учун одатий ўйин қоидаларини ўзгартирди. Илгари такси ҳайдовчилари даромаднинг атиги 30 фоизини олиб қолардилар ёки ҳафтасига 500 долларга машина ижарага олишга мажбур бўлардилар. Uber эса бу амалиётга барҳам берди. Оқибатда кўплаб ҳайдовчилар шахсий автомобиль сотиб олиб, Uber билан кўпроқ пул ишлай бошладилар.
8. Ҳайдовчиларни қўллаб-қувватлаш
Uber Blackʼда лимузин ҳайдаш учун рухсатнома ва тижорат суғуртаси талаб қилинган. Биз ҳайдовчиларга барча керакли ҳужжатларни олишга ёрдам бердик. UberX ишга туширилганда биз миллионлаб одамларга ўз автомобилларини ҳайдаши ва пул ишлаши учун кенг имкониятлар эшигини очдик.
9. “Craigslist” хизматларидан фойдаланиш
Craigslist – Қўшма Штатлардаги машҳур сайт бўлиб, унда сиз юзлаб рекламани бепул ёки жуда оз пулга (ҳар бир реклама учун 5 доллар) жойлаштириб, жавоб олишингиз мумкин эди. Бу, айниқса, 2013 йилда UberX'ни ишга туширганимизда жуда асқотди.
10. Бошқа пуллик каналларга маблағ тикиш
Craigslist ўсиши билан бошқа пуллик каналларга маблағ тикишга киришдик. Uber энди драйверларнинг янада кенг доирасига чиққач, кейинги ўсиш босқичида Facebook, Google тармоқлари, радио ва телевидение катта роль ўйнади.
11. Талабдан олдинда юриш
Янги йил каби муҳим байрамларда, йирик тадбирлар ва оммавий концерт бўлиб ўтадиган кунларда кўпроқ ҳайдовчиларни жалб қилдик ва автомобиллар сонини кўпайтириш учун имтиёзлар яратдик.
12. Янгилик қилишдан тўхтамаслик
Дастлаб конверсияни 20-30 фоизга оширишда ўзгаришлар юз бериши одатий ҳол эди. Биргина миқёсга кўра ҳайдовчиларни рўйхатга олиш жараёнидаги ўзгариш ақлбовар қилмас натижага олиб келди. Кичик нарсаларда ҳам катта фарқни кўриш мумкин. Умуман, янгилик қилишдан тўхташ — бу компаниянинг қулашига шароит яратиб бериш билан баробар.