July 11, 2020

“Volkswagen”​ — юқори сифат, ишончлилик ва қулайликни акс эттирувчи бренд тарихи

Бугунги кунда “Volkswagen”​ дунёга машҳур немис автомобиль маркаси ва йилига 5 миллиондан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарувчи энг йирик концернлардан бири. “Volkswagen”​ тарихи немислар учун оммавий автомобиль яратиш ғоясидан бошланган.

Топшириқ

1933 йилнинг кузида, Адольф Гитлер​ муҳандис Фердинанд Порше (нем. Porsche)​ ва “Daimler-Benz”​ вакили Жейкоб Верлин билан учрашувида немис халқи учун нархи 1000 рейхсмаркадан ошмайдиган, мустаҳкам ва ишончли автомобилни яратиш талабини қўяди. Бундан ташқари ишлаб чиқариш бутунлай янги, замонавий заводда бошланиши керак эди. Унинг шахсан ўзи автомобиль эскизларини қоғозга тушириб беради ва ҳукумат талабининг ижросини Верлиннинг таклифига биноан Фердинанд Поршенинг зиммасига юклайди. Номланиш эса ўз-ўзидан келиб чиқади, чунки “Volks-Wagen” ​ немис тилида «халқ автомобили» деган маънони англатар эди.

1934 йилнинг 17 январида Фердинанд Порше илгари ишлаб чиқилган “Porsche Typ60”​ асосида яратилган «халқ автомобили»га тегишли прототипнинг чизмаларини Германиянинг Рейх канцлерлигига юборади.

1934 йилнинг июнь ойида RDA​ (нем. Reichsverband der Automobilindustrie) ​ «Германия Автомобиль уюшмаси» ва Фердинанд Поршенинг компанияси —“Dr. Ing. h.c. F. Porsche GmbH”​ ўртасида «халқ автомобили»нинг учта прототипини ишлаб чиқиш учун шартнома имзоланади. Барча ишланмалар учун 10 ой муддат берилади, ойлик бюджет эса 20000 рейхсмаркани ташкил этади. Асосий характеристикалар сифатида қуйидаги маълумотларни ҳисобга олиш керак бўлган: 5 ўриндиқ, ғилдираклар орасидаги кенглик — 1200 мм, икки ўқ орасидаги масофа — 2500 мм, максимал қувват — 26 от кучи, максимал айланишлар сони — 3500, юксиз оғирлиги — 650 кг, нархи — 1550 рейхсмарка, максимал тезлик — 100 км/соат, ёқилғининг ўртача сарфи — 100 км учун 8 литр.

Дастлабки прототиплар

Мавжуд конструкция ва тажрибага қарамай, белгиланган характеристикалар туфайли иш икки йил давом этди. Прототиплар фақат 1936 йилнинг сентябрь ойида келиб тайёр бўлди: икки эшикли “V1”​, кабриолет кузовли “V2”​ (Гитлернинг махсус топшириғи) ва тўрт эшикли “V3”.​ 50,000 километрлик синов тажрибалари машиналарда жиддий камчиликларни аниқламади ва “Porshe Daimler-Benz”​ заводида ишлаб чиқариладиган кейинги 30 прототипга буюртма беради. Янги прототипларни синовдан ўтказиш DAF​ (нем. Deutsche Arbeitsfront​) — нацистлар касаба уюшмаси ташкилоти зиммасига юклатилган эди. Синовларни назорат қилиш ва унинг натижалари бўйича якуний қарорни тўғридан-тўғри SS ​ходимлари(Schutzstaffel) ​ амалга оширишар эди.

Урушгача бўлган давр

1937 йилнинг 28 майида Германия халқ автомобилларини тайёрлаш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги компания ташкил этилди ва бу 1938 йилнинг 16 сентябрида “Volkswagenwerk GmbH” ​ деб қайта номланди.

1938 йилнинг 26 майида Фаллерслебен шаҳри яқинидаги “Volkswagen”​заводи қурилишининг биринчи тамал тоши қўйилган. Ўзининг тантанали нутқида Гитлер ушбу завод қурилишига 50 миллион рейхсмаркани инвестиция қилган KdF(Kraft durch Freude)​ нацистларнинг жамоат ташкилотини “KdF-Vagen”​ деб номлайди. Худди шу йили “Volkswagen”​заводи ишчилари учун турар жой - “Stadt des KdF-Wagens”​нинг қурилиши бошланади. Кейинчалик шаҳар «Вольфсбург» деб қайта номланади, бу сиёсий қарашларга ҳам мос келган эди.

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин

Уруш тугаганидан сўнг корхона Волфсбургни оккупация қилган инглизларнинг назорати остига ўтди. 1945 йилнинг кузида Англия ҳукумати заводга 20 мингта машина ишлаб чиқаришга буюртма берди. Аммо деярли ўн йилдан сўнг автомобиль дастлабки модификациясида оммавий равишда ишлаб чиқарила бошланди. 1947 йилда “Volkswagen”​ Ганновер экспорт ярмаркасида намойиш этилиб, кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Завод Голландиядан мингта машина ишлаб чиқариш учун биринчи хорижий буюртмасини олди ва 1948 йилдан буюртмалар Швейцария, Бельгия, Швеция ва бошқа мамлакатлардан ҳам кела бошлади.

1948 йилнинг январида “Volkswagen”​ раҳбарияти ўзгартирилди, немис технократларининг янги авлодининг вакили Генрих Нордхофф заводнинг бош директори бўлди. Янгиланган раҳбарият халқаро автомобиль заводларида тажриба орттирган ва чегарадан ташқарида фикрлай оладиган олий маълумотли муҳандислардан иборат эди.

Уларнинг ишга киришиши билан автомобиль яхшиланди ва модернизация қилинди.

1949 йилнинг 30 июнида Германиянинг ички бозорида автомобиль сотишни кўпайтириш учун “Volkswagen-Finanzierungs-Gesellschaft GmbH” ​ ташкил қилинди. 1949 йилда моделлар мавжуд кузовлар билан бир қаторда кабриолет ва лимузинлар ҳам ишлаб чиқарила бошланди. Оммавий ишлаб чиқариш туфайли моделларнинг ички салон жиҳозлари қулайроқ вариантларига алмаштирилди, бундан ташқари автомобилларга янги двигатель ўрнатила бошланди.

Автосервис ва автоуловларга техник хизмат кўрсатадиган техник станцияларнинг тармоғи ташкил этилди. Асосий урғу Ғарб давлатларига қаратилди ва “Volkswagen” ​ автомобилларини сотиш учун катта тармоқ яратилди. 1948 йилнинг охирига келиб, дунёга машҳур машинанинг экспорт миқдори қарийб 50 минг автомобилга етди, ички бозорнинг ўзида эса 15 мингга яқин машина сотилди. Бу вақтга келиб, завод инглизларнинг бошқарувидан озод қилинди ва 1949 йилнинг 6 сентябрида “Volkswagen” ​бутунлай Германия Федератив Республикасига топширилди. Завод ривожланишининг янги босқичи бошланди, бу, аввало, ишлаб чиқариш ва автомобиль сотувларининг ўсиши билан боғлиқ бўлди.

Иккинчи Жаҳон уруши тугаганидан 27 йил ўтгач, “Volkswagen Beetle”​ энг кўп сотилган автомобиль мақомига эришди ва машҳур “Ford Model T”​нингрекордини янгилади.

“Volkswagen”​нинг голландиялик импортчиси “Ponʼs Automobielhandel” ​компаниясидан бўлган Бен Поннинг ишланмаларига кўра, 1949 йилнинг ноябрь ойида “VW Bulli”​ деб номланган ва замонавий “VW Transporter” ​моделининг дастлабки прототипи ишлаб чиқилган. У «ғилдиракли қути» га ўхшар эди, унинг олд қисмидаги ҳайдовчи кабинаси ва орқа қисмидаги мотори ўртасида юк ташиш учун мўлжалланган жойи бор эди. Ушбу оддий конструкция бозорда ўз вақтида пайдо бўлди ва ўзининг ишончлилиги ва қулайлиги туфайли мижозлар эътиборини қозонди.

ХХ асрнинг 50-йиллари

1950 йилда заводда 100 мингга яқин, 1951 йилда эса 500 мингта автомобиль ишлаб чиқарилди. 1955 йилнинг 5 августида миллионинчи “VW 2”​нинг конвейердан чиқарилишини нишонлаш маросими бўлиб ўтди. Бу вақтга келиб немислар орасида “Volkswagen”​ билан боғлиқ бўлган машҳур — “У менинг оила аъзоим” деган ибора юрар эди.

Биринчи кенгайиш

1965 йилда “Volkswagen AG” Daimler-Benz​ компаниясидан “Audi”​ни сотиб олди ва “VAG”​ қисқартмаси билан танилган “Volkswagen-Audi Group”​ни тузди. Кейинчалик унинг таркибига Испаниянинг “SEAT”​ (1990 йилда) компанияси ва Чехиянинг “Skoda​” (1991 йилда) заводи киритилган. “Audi AG” ҳозир ҳам тўлиқ мустақилликка эга бўлган “Volkswagen AG”​ нинг шўъба корхонаси ҳисобланади.

Янги авлод автомобиллари

“Volkswagen”​ автомобиллари янги авлодининг биринчи намоёндаси 1973 йилда чиқарилган олд приводли “VW Passat”​ бўлди. У 1297 дан 1588 см кубгача двигателлари бўлган кўп версияларда таклиф қилинган. Кейинги йили 1093 дан 1588 см кубгача бўлган моторли ва уч эшикли “VW Scirocco”​ купеси, шунингдек, 3 ва 5 эшикли “VW Golf”​ ихчам хэтчбеки пайдо бўлди. Ишлаб чиқаришнинг дастлабки 30 ойида йиғиш линиясидан 1 миллион “VW Golf”​ автомашиналари чиқади, бу “Volkswagen AG”​ни Европадаги энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчилардан бирига айлантиради. 1979 йилда эса жуда юқори талабга эга бўлган “VW Golf”​ кабриолети пайдо бўлади.

1974 йилдан бошлаб чиқарилган “VW Golf” ​замонавий, тежамкор, ишончли дея ҳисобланган энг муваффақиятли модель бўлди, айнан шундай модель халқаро бозорни ўзига жалб қилиши мумкин эди. “VW Golf”​ деярли расмий равишда «гольф синфи» деб номланган ихчам автомобиллар синфидаги рақобатнинг янги босқичини бошлади.

Агар 1973-1974 йилларда янги моделларни ишлаб чиқиш сабабли концерн 800 миллион немис маркасини йўқотган бўлсада, уларга 1975 йилдаги катта талаб туфайли компания барча харажатларни қоплаш имкониятига эга бўлди.

1975 йилнинг бошида “VW Golf”​нинг «укаси» — уч эшикли, олд приводли ва 895–1272 см куб ҳажмли двигателлар билан жиҳозланган “VW Polo”​чиқарилди. Арзон ва қулай бўлган “VW Polo”​ ҳам катта машҳурликка эришиб, “Volkswagen AG”​нинг молиявий ҳолатини мустаҳкамлади.

“VW Golf ”​ конвейерга қўйилганидан атиги 3 йил ўтгач, ушбу моделнинг миллионинчи автомобили ишлаб чиқарилди. 1983 йилда “VW Golf II”​чиқарилди ва саккиз йил ўтгач, 1991 йилда “VW Golf III” ​ моделининг дебюти бўлиб ўтди, бу ҳам олдинги моделлар сингари “VW Golf”​нинг шуҳратини сақлаб қолди.

Ишлаб чиқариш йўлга қўйилган вақтдан эътиборан йигирма уч йил ичида 17 миллион (уччала авлодни ҳисобга олганда) “VW Golf”​ чиқарилди. 1995-1996 йилларда “VW Golf III” ​ Европада энг кўп сотилган автомобиллардан бўлди. 1997 йилда янги “VW Golf IV”​ ишлаб чиқарила бошлади ва савдоларнинг биринчи кунидаёқ завод 60 мингдан ортиқ буюртмаларни қабул қилди.

2002 йилдан бошлаб “Volkswagen Touareg”​ ўрта ўлчамларга эга оилавий кроссоверини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу автомобиль баварияликларнинг “BMW” ​компанияси ёки «Х5» модели билан рақобатни кучайтириши керак бўлган.

Бугунги кунда “VW AG”​ гуруҳи қуйидаги брендлардан ташкил топган:

  • Audi​ (1964);
  • NSU Motorenwerke​ (1969);
  • SEAT​ (1990);
  • Škoda​ (1991);
  • Bugatti​ (1998);
  • Lamborghini​ (1998);
  • Porsche​ (2009);
  • Scania AB​ (2009);
  • MAN AG​ (2012) ва бошқалар.