August 29, 2020

Оддий фаррош қай тариқа миллиардерга айланди? WhatsApp асосчиси ҳикояси

2020 йилда WhatsApp​ фойдаланувчилари сони 2 миллиарддан ошди. Мессенжер яратувчиси Ян Борисович Кум (Jan Koum​)нинг бойлиги 10,4 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Бугун бу инсон Америкадаги жамоат фондларига миллионлаб доллар хайр-эҳсон қилмоқда. Бироқ у ўқувчилик пайтларида озиқ-овқат сотиб олиш учун дўконларни тозалашга, фаррошлик қилишига тўғри келган. ЯнКумнинг ҳикояси “ Золушка”нинг ҳаёти эмас, балки мақсадли инсоннинг қўлга киритган катта имкониятлари ҳақида сўзлайди.

Қашшоқликда ўтган болалик ва ёшлик

“Forbes”​ ҳисоб-китобларига кўра, WhatsApp​'нинг 45 фоиз улушига, 6,8 миллиард долларлик акциясига эга бўлган Ян Кум 1976 йилда камбағал яҳудий оиласида туғилган. Киев яқинидаги қишлоқда ўсган. Отаси қурувчи бўлиб ишлаган, онаси уй-рўзғор ишлари билан шуғулланган. Уларнинг уйида иссиқ сув йўқ, қарзлар туфайли электр тез-тез ўчиб турар эди.

Ян 16 ёшида, собиқ СССР парчаланиб кетганидан кейин Украинада сиёсий беқарорлик ва антисемитизм кайфиятларининг кучайишидан қўрқиб, онаси билан АҚШнинг Калифорния штатидаги Маунтин-Вьюга кўчиб ўтди. Отаси эса бетоблиги сабабли уйда қолди.

Муҳожирларга кичкина квартира ва нафақа берилди, аммо озиқ-овқат учун деярли пул йўқ эди. Бўлажак миллиардернинг онаси энагалик қила бошлади. Ян ўқиш билан бир қаторда озиқ-овқат дўконида фаррош бўлиб ишлади.

18 ёшида у компьютерларга қизиқиб қолди. “Мен ўзим дастурлашни бошладим, “w00w00” хакерлари билан учрашдим ва уларнинг ҳамжамиятига қўшилдим”, дея эслайди WhatsApp​ асосчиси. Олган билим ва кўникмалари Янга университетда ўқишга ва "Ernst & Young”​да ишлашга имкон берди.

Дўстлар орттириш ва WhatsApp'ни яратиш

1997 йилда Кум “Yahoo” ​хизматчиси Браян Эктон билан учрашди. Бу одам Яннинг ҳалоллигини ёқтирди. У бўлажак миллиардерга “Yahoo” ​да ишлашга ёрдам берди.

Ян компанияда тахминан 7 йил ишлади, аммо унга бу иш ёқмас эди. 2007- йилда у Эктон билан “Yahoo” ​дан чиқиб кетди. Кум “Yahoo” ​да ишлаганида 400 минг доллар топган ва 2009 йил январида iPhone ​ сотиб олмагунча келажак ҳақида кўп ўйламаган эди. У дарҳол қурилманинг ажойиб салоҳиятини, аниқроғи, етти ойлик App Store​ дўкони, мобил иловалар саноати ғалабасини ҳис қилди.

Мессенжер асосчиси мобил телефон учун ўз иловасини ишлаб чиқишга қарор қилди. У қуйидагиларга имкон берадиган мессенжер яратмоқчи эди:

  • дунёнинг исталган бурчагидаги одамлар билан бепул суҳбатлашиш;
  • дўстлар, ҳамкасблар ва шерикларни маълум бир вақтда бандлиги тўғрисида хабардор қилиш.

Туғилган кунидан бир ҳафта ўтгач, 2009 йил 24 февралда WhatsApp Inc.​га асос солди. Юридик рўйхатдан ўтказиш пайтида аризанинг ўзи тайёр эмас эди, Кум WhatsApp​ орқали дунёнинг исталган телефон рақами билан синхронлашни ўрганиш учун бир неча кун сарфлади. Компания асосчиси минтақавий ньюансларни ҳисобга олиш учун бир неча ой давомида иш олиб борди.

Дастурчилар Алекс Фишман, Игор Соломенников ва Браян Эктон Янга ёрдам беришди. Аммо Кум асосий ишни ўз зиммасига олди. Дастлаб мессенжер секин ишлади ва фойдаланувчилар деярли қизиқиш билдиришмади. Ян ўз фикридан воз кечишга қарор қилди, лекин Фишман уни бўлажак муваффақиятга ишонтирди.

WhatsAppʼ​ни ишлаб чиқиш ва сотиш

2009 йил июнь ойидаApple iPhone​ эгаси фойдаланмаётган бўлса ҳам, иловалар ўзларини эслатиши учун билдиришнома опциясини ишга туширди. Бундан таъсирланган Ян тезда WhatsAppʼ​ни янгилади — энди ҳар сафар фойдаланувчи ўз ҳолатини ўзгартирганда (масалан, «Мен гаплаша олмайман, мажлисдаман»), хизмат унинг контактларининг тўлиқ рўйхатини пайдо қиларди.

Энди мессенжердан кўпроқ одамлар фойдалана бошладилар. «WhatsApp алоқа воситасига айланди», дейди Фишман. “Биз «Ҳей, қалайсиз?» деб сўраш учун ундан фойдаланишни бошладик. Ва дарҳол кимдир жавоб берарди. «Ҳар доим ёнингизда олиб юрадиган қурилмадан фойдаланиб, минглаб километр наридаги одам билан доимий алоқада бўлиш ғояси мени ҳайратга солди», дейди Кум. Харажатларни қоплаш учун Ян ва унинг шериги Эктон WhatsApp​ учун йиллик 1 доллар тўловни белгилашди.

Шунга қарамай, 2011 йилга келиб ушбу хабар алмашиш тизими мобил иловалар орасида энг машҳурларидан бирига айланди. Икки йилдан сўнг, 2013 йил февраль ойида WhatsApp​ аудиторияси деярли 200 миллион фаол фойдаланувчиларга ва компания ходимлари сони 50 кишига етганида, Кум ва Эктон янги сармояларни жалб қилиш кераклигини тушунишди. “Sequoia” ​мессенжерни 1,5 миллиард долларга баҳолаб, хизматга 50 миллион доллар сармоя киритди. 2014 йил ёзида жамоа 100 кишилик ходимлардан иборат кенг янги штабга кўчиб ўтди. Худди шу йили дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ даромади 19 миллиард долларни ташкил қилди. Ян Кум компаниянинг директорлар кенгашига қўшилди. Болалигида нон ейишга пул топа олмай, дўконларда фаррош бўлиб ишлаган Ян эндиликда ўз штаб квартирасида битимларни имзоламоқда. «Буларнинг бари меҳнат, ўқиб-ўрганиш ва изланишлар самарасидир», дейди миллиардер.