“Zara”нинг муваффақиятли йўли
“Zara” биринчи кийим дўкони 1975 йилда Испаниянинг Ла-Корунья ( La Coruña) шаҳрида очилган. Дўконда подиумларда намойиш этилган либосларнинг нисбатан арзон нусхаларини сотиб олиш мумкин эди ва аксар ҳолларда уларнинг нархи 5 доллардан бошланарди. Дўконнинг асосчиси ва ҳозирда миллиардер Амансио Ортега (Amancio Ortega) илгари тикувчилик ательесида, кейинчалик эса галантерея дўконида ишлаган.
Албатта, Амансио Ортега бу даражага етиб келиш учун бошқа таниқли брендлар асосчилари каби жуда кўп ишлаган, “Zara” кийимларини ишлаб чиқарган ва сотган. Аммо “Zara” муваффақиятининг асл сири нимада? Шу савол ҳамма учун қизиқ эканига шубҳа йўқ. Ахир, бу бренд остида қисқа вақт ичида миллиард доллар миқдорда маҳсулотлар сотувга чиқди!
“Zara” муваффақиятини ахборот технологиялари мутахассиси Хосе Мария Кастеигнано билан боғлайдилар. У аввал “Aegon Espana”нинг ахборот технологиялари бўлимида ишлаган, кейин эса “ConAgrа” компаниясининг Испания бўлими молиявий директори бўлган. “Zara”га келганда у ишлаб чиқаришда бутунлай янги технологияни таклиф қилди.
Одатга кўра дўкон пештахталаридаги маҳсулотларни яратиш ва тарғиб қилиш учун тахминан олти ой керак бўлар эди. “Zara”да энди ҳаммаси ўзгара бошлади. “Zara”да бир эмас, балки бир вақтнинг ўзида 400 дизайнер ишлайди, янги моделни яратиш учун улардан 4 дан 6 ҳафтагача ва эскиларини 2 ҳафтагача яхшилаш талаб қилинади. Олти ой ва икки ҳафта, бу жуда катта фарқ! Бундан ташқари, арзон нархлар ва энг урфдаги кийимлар. “Zara” жаҳон подиумларида содир бўлаётган янгиликларни доимо кузатиб, ўз коллекцияларида уларни татбиқ этиб боради.
“Zara” дўконлари ҳар икки ҳафтада янгиланади, бу эса харидорларни қайта-қайта ташриф буюришга чорлайди. Шунга қарамасдан, “Zara” дўконларида янги коллекцияни қабул қилишдан олдин эски коллекциядан ҳеч бири қолмаган ва ҳаммаси сотилган пайтлар ҳам бўлади. “Day-Z” — бу “Zara” дўконларида товарлар етказиб бериш кунлари деб аталади.
“Zara”-“Inditex компаниялар гуруҳи етакчи савдо тармоғи бўлиб, “Massimo Dutti”, “Pull & Bear”, “Oysho”, “Zara Home”, “Uterqüe”, “Stradivarius” каби брендлар ҳам шу гуруҳга тегишли. Ҳозирги кунда “Zara” бош офиси биринчи дўкон очилган Ла-Корунья шаҳрида жойлашган. Бундан ташқари, йил давомида 10 000 дан ортиқ янги дизайнлар ишлаб чиқилмоқда. “Zara” енгил саноат у қадар ривожланмаган мамлакатларда ишлаб чиқариш нуқталарини жойлаштириш учун кийим-кечак ишлаб чиқариш соҳасида кенг тарқалган тенденцияга қарши туришга муваффақ бўлди. У энг ноодатий стратегияни танлади — реклама харажатларидан ташқари компания янги савдо нуқталарини очиш учун даромаднинг бир қисмини инвестицияга қаратишни афзал кўрди.
“Zara” CNN томонидан “ Испан муваффақияти тарихи” дея таърифланган.