February 27, 2020

Шафтоли

Раъногулдошлар оиласига мансуб шафтолининг хили ва нави кўп. Айниқса,ширин,фарҳод,отёғи,анжир шафтоли,қизил луччак, оқ шафтоли ва кеч кузда пишадиган турлари кўп экилади. Мевасининг таркибида қанд, эфир мойи, пектин, каротионидлар, органик кислоталар, калий, магний тузлари ва бошқа фойдали моддалар бўлганидан, фақат озуқа сифатида эмас, табобатда ҳам турли хасталикларга муолажа воситаси сифатида тавсия билинади. Бошқа мевалардан фарқи шундаки, шафтолининг факат эти ширин, мазали бўлиб, гули, барги, елими ва данаги аччиқ. Лекин ўз ўрнида мана шу аччиқ ва тахир нарсалар ҳам инсон саломатлигига хизмат қилади.

Абу Али Ибн Синонинг таъкидлашича, баргидан олинган сув қулоққа томизилса, қуртларни ўлдиради, ёғи бошнинг ярми оғришига, иссиқдан совуқдан пайдо бўлган қулоқ оғриқларига шифо бағишлайди.

Мижози иккинчи даражада совуқ ва ҳўл.

Унинг шифобахшлик хусусиятлари: шафтолининг пишганини еса, ични юмшатади, иссиқ, совуқ боғланишлари ва чанқоқлик азиятларига таскин беради, қон босимининг юқорилиги ва сафро моддасининг хуружларини пасайтиради, мийя ҳароратини совутади, бадан мижози савдо кафтидан қуриган бўлса ҳўлга айлантиради ва сафронинг кўпайишидан ёки қон кўринишидан ҳарорат кўтарилиши юз берган бўлса, шифо бағишлайди, оғиздан қўланса ҳидни даф этади, иссиқмизож кишиларга жинсий қувват бағишлайди, иштахасини очади.

Пишган шафтолининг сувини олиб, кечаси билан қўйиб қўйилса, қуйқалари чўкиб, суви мусаффо бўлади. Нахорга оч қоринга ана шу сувидан 150 граммни шакар ёки янтоқ шакари билан ичилса, сафро моддасини ичкетар билан танадан хайдайди, шунингдек, куйган ахлатни ҳам бадандан чиқариб юборади.