August 4, 2021

Ўзбекистонда ўсимликлар клиникалари қандай ишламоқда?

2020 йил октябридан бошлаб, Ўзбекистоннинг барча ҳудудини қамраб оладиган ўсимлик клиникалари ва биолабораторияларнинг кенг тармоғини яратиш дастури ишга туширилди. Ўша пайтда республика бўйлаб 203 та ўсимликлар клиникаси ва 178 та биологик лаборатория бор эди. 2020-2021 йилларда эса қўшимча 644 та ўсимликлар клиникаси ва 712 та биолаборатория ташкил этиш режалаштирилган.

Хўш, мамлакат бўйлаб ташкил этилган ўсимликлар клиникалари ҳозирда қандай ишламоқда? Уларнинг фаолияти яқинда «Ёшлар» телеканалининг видеосюжетида ёритилди.

https://www.facebook.com/ifodauz


Ўсимликлар клиникалари деҳқон ва фермер хўжаликларига биологик ва кимёвий воситалар ёрдамида ўсимликларни қайта ишлаш, экинларни зараркунандалардан ҳимоялаш билан боғлиқ хизматларни кўрсатади. Бошқача айтганда, клиника беморлари – бу очиқ усулда ёки иссиқхоналарда ўсаётган соғлом ёки касаллик юқтирган ўсимликлардир. Уларнинг эгалари, яъни сабзавот етиштирувчилар ва боғбонлар клиникага бу борада ёрдам сўраб мурожаат қилишади.

Экинларнинг зарарланиш ҳолатларида улар аввал биологик лабораторияда таҳлил ўтказилиб, текширилади, сўнгра ишлов бериш учун тегишли биологик ва кимёвий воситалар таклиф этилади.

“Клиникамизда 100 га яқин макро ва микроэлементлар, кимёвий ва минерал моддалар мавжуд. Ўсимлик – бу тирик организм, унинг иммунитетини мустаҳкамлаш орқали касалликлар, зараркунандаларга чидамлилигини ошириш мумкин. Яқинда биз феромонли тузоқларни сотувга чиқардик ва ушбу маҳсулотга жуда яхши талаб кузатиляпти. Aҳоли бу маҳсулотнинг фойдали жиҳатларини тобора кўпроқ англай бошлади, чунки, улар ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоялашда, турли касалликларнинг олдини олишда катта ёрдам беради”, – дейди Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги ўсимликлар клиникаси раҳбари Aзиз Ҳакимов.