July 22, 2021

Хитойлик олимлар самода экилган гуручнинг илк ҳосилини олишди

Хитой қишлоқ хўжалиги университети олимлари ўтган йили космосга юборилган маҳаллий гуручнинг биринчи ҳосилини олишди.

Ўтган йилнинг ноябр ойи охирида тадқиқотчилар "Чанғэ-5" космик кемасини 40 грамм экин уруғи билан Ойга юборишди. 1 декабрда самога қўнган аппарат уруғларни икки кун давомида Ой сатҳидаги оғирлиги 1,73 килограммдан ортиқ бўлган тупроққа сочиб чиқди. Кейинги 23 кун ичида экилган уруғлар космик нурланишдан омон қолган ва сўнгра Ерга қайтарилиб, университетнинг ўқув ва тадқиқот майдончасида оддий тупроққа экилган.

Тадқиқотчилар радиация ва вазнсизликнинг таъсири доннинг мутациясига олиб келади ва мўл ҳосил беради, деб тахмин қилишганди. Уларнинг назарияси нафақат тасдиқланди, балки ортиғи билан ўз исботини топди. Ҳосил бир неча юз граммни ташкил этди.
Олимлар шу усулда этиштирилган уруғлардан янги сифатли ва серҳосил навларни яратиш ва глобал озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиш учун фойдаланиш мумкин, деб ҳисобламоқдалар. Улар келгуси бир неча йил ичида ўз тажрибаларини яна кўп бор такрорлашни ният қилишган.

Эслатиб ўтамиз, Хитой 30 йилдан ортиқ вақт давомида самода ҳам шоли, ҳам бошқа экинларни экспериментал етиштириш билан шуғулланиб келмоқда. Шу вақт ичида бундай космик плантацияларнинг умумий майдони 2,4 миллион гектардан ошди. Ҳаммаси бўлиб 200 дан ортиқ ўсимлик навлари экиш учун тасдиқланган.