Ирландиялик тарихчилар бир пода қўйни расман ишга олишди
Ирландиялик тарихчилар ўзлари учун ғайритабиий ҳамкасбларни танлашди – бир пода қўй! Улардан фақат бир нарса талаб қилинади: Кроссхейвен қишлоғидаги қабристонни ўтлардан тозалаб бериш.
Бу ташаббусни маҳаллий депутат Одри Бакли илгари сурди. У Уэльсдаги черковлардан бирида эчкилар мозорни ободонлаштириш ишларига бош қўшганини кўрган экан.
Қизиғи шундаки, ирландиялик тарихчилар ҳам дастлаб эчкиларни ёллашган эди. Айнан уларнинг саъй-ҳаракатлари билан 1700-йилларга тааллуқли 400 та қабр аниқланди. Бироқ эчкилар фақат печакни еб, ўт-ўланларни қолдириб кетишаркан. Шу боис қўйлар вариантига тўхталишга тўғри келди.
Эски қабрларнинг кўпчилиги фақат ёзувли тошлар ёрдамида белги қилиб қўйилган. Тарихчиларнинг фикрича, одамлар ёдгорлик ўрнатишга имкониятлари етмай оддий тошдан қабр белгиси сифатида фойдаланишган.