ТОМОРҚАДА БИРГА ЭКИШ МУМКИН БЎЛГАН САБЗАВОТЛАР
Турли сабзавотларни томорқага бирга экиш ерингизни ҳақиқий жаннатга айлантириши мумкин. Агар бир-бирига мос тушадиган экин турларини танласангиз, уларга қараш сизга ортиқча қийинчилик туғдирмайди, мароқли машғулотга айланади. Келинг, қуйида қайси сабзавотларни бирга экиш мумкинлиги хусусида суҳбатлашамиз.
1. Сабзи-редиска-салат барги
Сабзи учун кенглиги 1 метр келадиган қаторларни тайёрлаб қўйинг. Дастлаб уч қатор сабзи ёки лавлаги экинг, улар орасидаги кичик қаторларга эса редиска, салат баргини жойлаштириш лозим. Тез орада экинларингиз дўстона ўсиб-унаётганини кўриб, кўзингиз қувнайди. Дастлабки ҳосилни август ойидаёқ йиғиштириб олиш мумкин. Фақат ора-орада суғориб туриш кифоя.
2. Бодринг-маккажўхори
Бодринг доим тепага интилиб ўсгани учун унга ҳимоя тарзида маккажўхори ёки кунгабоқар экиш яхши самара беради. Томорқага дастлаб кенглигини 60 см қилиб 2 қатор бодринг экамиз, улар орасига эса 1 қатор маккажўхори ёки кунгабоқар жойлашади. Уларнинг ўрнига паст бўйли дуккакли ўсимликлар экиш ҳам мумкин.
3. Сабзи-исмалоқ-пиёз/помидор
Сабзи эгати яқинига исмалоқ ёки пиёз экиб, мустаҳкамлаш мумкин. Пиёз ва исмалоқ йиғиб олингач, ўрнига помидор, қалампир ёки бақлажон ҳам экиш мумкин.
4. Брюссель карами-редиска-яшил нўхат
Брюссел карами экилган қаторлар орасига редиска ёки яшил нўхат экиш ҳам яхши самара беради. Энг муҳими, улар бир-бирига ҳалақит бермайди.