August 13, 2021

Жамшид Ходжаев ШҲТга аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг 6-йиғилишида AKISга оид бир янгиликни очиқлади

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев 2021 йил 12 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аъзо давлатлари вазирларининг қишлоқ хўжалиги бўйича олтинчи йиғилишида иштирок этди. Тадбир натижаларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қўшма баёноти маъқулланди ва имзоланди, шунингдек Аграр технологияларни алмашиш ва таълим бўйича ШҲТнинг кўргазма базасини яратиш концепцияси тасдиқланди.

«Хитойнинг «Қишлоқ хўжалигига оид янги юқори технологиялар Янлин кўргазма зонаси» базасидаги Аграр технологияларни алмашиш ва таълим бўйича ШҲТ кўргазма базаси, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида 2010 йилда тузилган «Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги битим» ҳамда ҳамкорлик борасидаги соҳадаги бошқа ҳужжатларни амалга ошириш мақсадида яратилмоқда, – деди вазир Жамшид Ходжаев. – Янлин кўргазма зонасининг филиали Ўзбекистонда М.Мирзаев (Шредер) номидаги ИТИ ҳудудида, шунингдек Тошкент вилояти Билим ва инновациялар AKIS маркази базасида жойлашади. У агропарк шаклида бўлиб, Хитой хусусий компаниялари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришади, технологияларни жорий этишади ва намойиш қилишади ҳамда маҳаллий фермерлар учун амалий машғулотлар ўтказишади. Дастлаб Хитойнинг 20 га яқин компаниялари иштирок этиши кутилмоқда».

Вазир қишлоқ хўжалиги соҳаси ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг энг фаол жабҳаларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.