Ўзбекистонда янги уюшма ташкил этилди
Жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги 5209-сонли Қарорига мувофиқ “Гул етиштирувчилар уюшмаси” ташкил этилди. Уюшмани тузиш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари жамғармасидан 20 млрд сўм ажратилди.
Гул етиштирувчилар Уюшмаси мамлакатимизда гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини ривожлантириш, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларини йўлга қўйиш, соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни жорий этиш борасида тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.
Президент Қарорига мувофиқ қуйидагилар уюшманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
• тадбиркорлик субъектларини гулчилик ва кўчатчилик билан шуғулланишга қизиқтириш, улар билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўзимизда ва хорижий давлатларда ўқитиш, шунингдек, хорижий мамлакатлардан малакали мутахассисларни жалб қилиш;
• гулчилик соҳасига оид семинар, анжуман, ярмарка ва кўргазмалар ташкил қилиш, шунингдек, хорижий ярмарка ва кўргазмалардаги иштирокини таъминлаш;
• хориждан экспортбоп гул навларини парваришлаш учун олиб келиш, уларни маҳаллийлаштириш, парваришланган гулларни экспорт қилиш ишларини ташкил этиш;
• маҳаллий табиий-иқлим шароитларига мослаштирилган гулларнинг замонавий иссиқхоналарини яратиш;
• гулчиликка ихтисослаштирилган ҳудудларда гулчилик ўқув полигонларини ташкил қилиш;
• гулчилик соҳасининг агротехник тадбирлари, маркетинг ахборотлари ва бошқа зарур маълумотларни ўз ичига олган онлайн консультацион платформасини ишга тушириш;
• гул ва манзарали кўчатлар учун электрон савдо майдончасини ташкил этиш;
• инновацион технологияларни гул ва кўчат етиштириш жараёнига жорий қилиш, гулларнинг янги навларини етиштириш учун илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишини йўлга қўйиш;
• Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали ҳар йили республикада бўлиб ўтадиган “Халқаро гуллар фестивали”га хорижий сайёҳларни жалб қилиш.
Гул етиштирувчилар Уюшмаси Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар маркази AKIS билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозим, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат Аграр университетида Туркия Республикасининг Испарта амалий фанлар университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида манзарали боғдорчилик ва гулчилик соҳасида кадрлар тайёрлашни режалаштирмоқда.
#уюшма #боғдорчилик #гулчилик #кўчатчилик #жамғарма