April 21, 2021

Тошкент шаҳри нархлар бўйича дунёнинг қиммат шаҳарларини ортда қолдирди

Тошкент шаҳри қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари нархи бўйича дунёнинг энг қиммат қатор шаҳарларини ортда қолдирмоқда. Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти эълон қилган ўрганишларда бунга гувоҳ бўлиш мумкин.

Институт Тошкент шаҳри супермаркетларидаги нарх-наволарни МДҲ ҳамда Европа мамлакатлари пойтахтларидаги нархлар билан таққослади.

Қуйида энг қиммат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари келтириб ўтилган:

* Апельсин – Тошкент шаҳри супермаркетларида энг арзон апельсиннинг 1 килограми 2,8 АҚШ доллари туради ва бу таҳлил қилинаётган мамлакатлардаги ўртача нархдан 90,1 фоизга қиммат, энг паст нарх қайд қилинган Москвадаги қийматдан эса 4,3 марта юқори.

* Лимон – Тошкент супермаркетларида 1 кг лимоннинг энг арзони 2,8 АҚШ доллари туради. Бу эса, таққосланаётган шаҳарлардаги ўртача нархдан 69,4 фоизга, энг арзон нарх қайд қилинган Анқарадан 3,3 фоизга қиммат демак.

* Банан – 1 кг бананнинг энг арзони Тошкент супермаркетларида 2,1 АҚШ доллари бўлиб, бу ўртача нархдан 55,7 фоизга, Москва шаҳрида қайд этилган энг паст нархдан 2,7 бараварга баланд.

* Картошка – Тошкент супермаркетларида энг арзон картошканинг 1 килограми 0,46 АҚШ долларини ташкил этади. Бу Анқарадаги энг арзон картошкадан 2,3 марта қиммат.

* Мандарин – Тошкент супермаркетларида энг арзон мандариннинг 1 килограми 1,7 АҚШ доллари туради. Бу Москвада қайд этилган энг арзон мандариндан 87,9 фоизга қиммат демак.

Бозорларимизда сотилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари орасида қимматлашиш борасида олма етакчи бўлиб қолмоқда, унинг энг арзони охирги 2 ойда 2 бараварга қимматлаган.