July 31, 2021

Grow Fide компаниясининг дунёдаги энг йирик лабораториясига ташриф

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вакилларидан иборат делегация Туркияга уюштирилган амалий ташриф доирасида бир нечта учрашувларда иштирок этди. Бу ҳақда ТДАУ ректори, академик Ботир Сулаймонов ўз расмий телеграм каналида хабар бериб ўтган (https://t.me/b_sulaymonov/74).

Жумладан, делегация аъзолари ташриф режасига мувофиқ “Grow Fide” компаниясида бўлиб, дунёнинг энг йирик лабораторияларидан бири, 15 гектар майдонда жойлашган, 500 дан ортиқ ишчи-ходимлар иш олиб борувчи In vitro лабораторияси фаолияти билан танишишди.

Лабораторияда банан, киви, узум, доривор ўсимиликлар, гилос, ўрик каби мевали кўчатларни етиштириш йўлга қўйилган. Танишув асносида мазкур йирик илмий лабораторияга амалиёт ўташ учун ўзбекистонлик талабаларни юбориш, биргаликда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, доимий илмий ҳамкорликка келишилди.