August 10, 2021

Ўзбекистонда тарвузнинг янги нави муваффақиятли синовдан ўтди

Ўзбекистонда етиштириладиган тарвузлар қаторига яна бир маҳаллий нав қўшилди. Тарвузнинг янги нави “Ширин” деб номланган бўлиб, у “Сабзавот ва полиз экинлари ва картошка илмий-тадқиқот институти” тажриба майдонида, шунингдек, минтақавий илмий-тажриба станциялари, полиз экинларини етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари далаларида муваффақиятли синовдан ўтказилди.

“Ширин” – ширин таъмга эга, пўсти юпқа, ҳосилдорлиги юқори (гектарига 80 тоннагача ҳосил олиш мумкин), бошқа навларга нисбатан данаги кам. Таъмидан келиб чиқиб, унга «Ширин» номи берилган. Янги нав полиз экинлари етиштирувчилар – фермер ва деҳқон хўжаликларини қизиқтирмоқда, хуллас, “Ширин” навли уруғга талаб катта.

Ҳозирда институт ходимлари йўқ бўлиш кетиш арафасида турган маҳаллий экин навлари, жумладан, маҳаллий “Мармар” навини қайта тиклаш устида иш олиб боришмоқда. Унинг касаллик ва зараркунандаларга қарши хусусиятини оширишга эришиш мақсад қилинган.