August 23, 2021

Туркияда сабзавот ва мевалар учун махсус пакет яратилди

Сархил мева-сабзавотлар учун қадоқ ишлаб чиқарувчи Aypek компанияси намликни назорат қилиш орқали маҳсулот узоқ вақт сақланишини таъминловчи янги пластик пакет яратди.

Пакетни маҳсулотларга бўлган эҳтиёжга қараб, тўлиқ мослаштириш мумкин. Компаниянинг маҳсулот менежери Хорхе Лонгориянинг сўзларига кўра, янги Lifepack ҳар қандай турдаги сархил маҳсулотни сақлаш учун мослаштирилиши мумкин:
«Lifepack пакетлари ҳар қандай турдаги сархил мева-сабзавот учун мўлжалланган. Бизда ҳар бир маҳсулот учун турли хил пакетлар мавжуд. Мижозларимиз уларни совутиб сақлаш ёки экспортда ишлатишлари мумкин. Энг муҳими, пакет ўлчами мижознинг қутиси ҳажмига боғлиқ бўлади. Биз ҳар қандай маҳсулот учун керакли ўлчамдаги пакетни ишлаб чиқаришимиз мумкин».

Лонгориянинг айтишича, янги пакетлар тежамкор бўлиб, уларда сақланган сархил маҳсулотлар ранги, таъми ва сифатини йўқотмайди: «Маҳсулотимизнинг энг яхши тарафи – бу унинг сифатидир, чунки, технологиямиз сархил озиқ-овқатлар айниб қолиши, чиришининг олдини олади, узоқ вақт давомида уларнинг таъм, ранг ва сифатини бус-бутун сақлаб қолади. Бизнинг маҳсулот муқобиллари билан сифат ва нарх борасида солиштирилганда жуда натижадор, чидамли ва арзондир”.