April 2, 2021

Бу йил об-ҳаво таъсирида ўрик, олхўри, гилос ҳамда бодом нархлари юқори бўлади

EastFruit мутахассислари Ўзбекистондаги данакли мевали дарахтлар (гилос, ўрик, шафтоли ҳамда олхўри) ҳолатини ўрганиб, кузатилган совуқлар натижасида данаклилар катта зарар кўрганини аниқлашди.

Шу йилнинг февраль ойида кузатилган совуқ об-ҳаво эрта гуллаган айрим ўрик дарахтларига катта зиён келтирган эди. Март ойидаги қор-ёмғир эса нафақат ўрик, балки эрта гуллаб улгурган жуда кўп данакли дарахтларни мева тугишдан маҳрум қилди.

Ҳозирда Ўзбекистондаги мавжуд ўрик ҳамда бодом дарахтлари ҳосилининг фақат ярми қолганлиги тахмин қилинмоқда. Айрим вилоятларда эса гилос дарахтлари жиддий зарарланди. Шафтоли ҳамда олхўри дарахтлари эса кеч гуллагани туфайли нисбатан камроқ зиён кўрган. Энг ёмони ҳали олдинда. Кутилмаган совуқ мевалар сифатига ҳам путур етказган бўлиши мумкин.

Қуйидаги жадвалда вилоятлар миқёсида мевали дарахтлар қай даражада талофат кўргани акс этган.

Таъкидлаш лозимки, мазкур йўқотишлар бир тарафдан ички бозорда мевалар нархининг ошишига олиб келса, иккинчи томондан шарбат, мева бўтқалари, концентрат ҳамда қуритилган мевалар нархининг ҳам кескин кўтарилишига олиб келади.