Ўзбекистонда йилига тўрт марта пилла етиштириш йўлга қўйилди
Пилла етиштириш ҳажмини ошириш, касаначиларни соҳада йил давомида кўпроқ иш билан банд қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида бир йилда 4 маротаба пилла етиштириш жараёни йўлга қўйилди.
2017 йилга қадар Ўзбекистонда бир йилда бир маротаба пилла етиштирилар ва бу жараёнда аҳоли бор-йўғи 35-40 кун давомида банд бўлар эди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси берган маълумотларга қараганда бугунги кунда пилла етиштирувчи касаначилар соҳада 7 ой давомида узлуксиз иш билан бўлмоқдалар. Шу кунларда касаначилар жорий йил пилла етиштиришнинг учинчи мавсумига киришдилар. Умумий миқдорда 41 810 қути ипак қурти уруғлари жонлантириш учун инкубаторияларга қўйилиб, шартнома асосида касаначиларга тарқатиб берилди.
Айни пайтда Андижон вилоятида 7 минг қути, Самарқанд вилоятида 5 190 қути, Бухоро вилоятида 4 200 қути ипак қурти уруғлари парвариш қилинмоқда.
Сентябрь ва октябрь ойларида ҳам ипак қурти парвариши республикамиз бўйлаб давом эттирилади ва тўртинчи мавсум учун яна 40 минг қутидан зиёд ипак қурти уруғлари жонлантирилади.
Мавсумлар якунида пиллачилик кластерлари томонидан етиштирилган 1 кг пилла ҳосили учун 22 400 сўмдан 30 минг сўмгача иш ҳақи тўлаб берилиши келишиб олинган.
Бугунги кунда мамлакатимизда фақатгина ипак толаси эмас, жаҳон бозорида харидоргир бўлган ипак момиғи ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ипак момиғи ишлаб чиқаришда пилланинг сифат кўрсаткичи асосий рол ўйнамайди. Шу сабабдан учинчи ва тўртинчи мавсумларда етиштирилган пилла хомашёсининг асосий қисми ипак момиғи ишлаб чиқаришга йўналтирилади.