Шавкат Мирзиёев: «200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига узоқ муддатли ижарага берилади»
9 сентябрь куни бўлиб ўтган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси қурултойида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсиш суръатларини камида 5 фоизга, бир гектардан ўртача даромадни 5 минг долларга, қишлоқ хўжалигининг экспорт ҳажмини 7 миллиард долларга етказиш вазифаси олдинга ташланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилган.
– Қишлоқ хўжалигида давлат аралашувига тўлиқ барҳам бериб, маҳсулот ишлаб чиқаришни саноат босқичига олиб чиқиш лозим. Бунда туманлар аниқ маҳсулотлар етиштиришга ихтисослаштирилиб, давлат томонидан деҳқонларни қўллаб-қувватлаш учун субсидиялар ажратилади.
Аграр тармоқдаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари фаолиятини барқарор, қулай шарт ва муддатларда молиялаштириш ва суғурталашнинг мутлақо янги механизмлари амалга оширилади. Шу билан бирга, давлат идоралари томонидан нарх белгилаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мажбурий сотиб олиш тизими ҳам тўлиқ бекор қилиниб, эркин бозор муносабатлари жорий қилинади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли ва самарали фойдаланиш мақсадида, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига очиқ танлов асосида, 10 сотихдан 1 гектаргача узоқ муддатли ижарага берилади.
Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ҳамда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш мақсадида, янги ўзлаштириладиган 400 минг гектар ер майдонлари кластер корхоналарига очиқ танлов асосида ажратилади.
Келгуси беш йилда интенсив боғлар 3 баробар (150 минг гектар) ва иссиқхоналар 2 баробар (11 минг гектар) кўпайтирилади. Бу орқали мамлакатимиз экспорт салоҳиятини яна 1 миллиард долларга ошириш имконияти яратилади. Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш бўйича алоҳида қонун ишлаб чиқилади”, дея сўзларини якунлади давлат раҳбари.