Туркиялик мутахассис Седат Колжуоғлу Ўзбекистондаги университетнинг фахрий профессори бўлди!
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги “AKIS” марказига маслаҳатчи этиб тайинланган Муҳаммад Седат Колжуоғлу Тошкент давлат аграр университети томонидан фахрий профессорлик унвони билан тақдирланди.
Ўтган ҳафта Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошида фермерларни ўқитиш мақсадида ташкил этилган "AKIS" маркази бош менежери этиб тайинланган, “Agromedia-Uz” компаниясининг директор ёрдамчиси Муҳаммад Седат Колжуоғлуга фахрий профессор унвонини бериш маросими бўлиб ўтди.
Университет илмий кенгаши аъзолари, хусусан, маросимда сўзга чиққан ректор Ботир Сулаймонов университет сўнгги йилларда кўплаб халқаро ташкилотлар, хорижий университетлар ва экспертлар билан ҳамкорлик қила бошлаганини таъкидлаб, бу ҳамкорлик жуда қисқа вақт ичида самара бера бошлаганини таъкидлади.
Сулаймоновнинг қайд этишича, туркиялик мутахассис Колжуоғлу билан яқин ҳамкорлик эндигина бошланган бўлса-да, бу инсон вазирлик доирасида "AKIS" номли фермерлар учун ўқув марказини ташкил этиш ва ишга туширишда жуда муҳим вазифаларни ўз зиммасига олган. Шу ойнинг бошида “AKIS”марказини очган президент Шавкат Мирзиёевнинг Колжуоғлу фаолиятини муносиб баҳолаганини ҳисобга оладиган бўлсак, фермерлик таълими соҳасида катта тажрибага эга Колжуоғлу билан ишлаш мамлакатимиз учун жуда фойдали бўлишини сезиш қийин эмас.
Ботир Сулаймонов Туркиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасида катта салоҳият, тажрибага эга эканлигини ва шу нуқтаи назардан Колжуоғлу икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида кўприк бўлишини айтиб ўтди. Сулаймоновнинг айтишича, барча ишлари туфайли Колжуоғлуга фахрий профессор унвонини бериш учун университет илмий кенгаши томонидан қарор қабул қилинган.
Колжуоғлу ҳам ўз навбатида Ўзбекистон томонидан бундай лавозим ҳамда унвон берилгани жуда қувонарли ва ҳиссиётли эканини таъкидлади.
– Тошкент давлат аграр университети яқин орада Туркиянинг кўплаб университетлари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолашни бошлайди. Бу борадаги музокаралар ҳозирда давом этаётир. Университет ректори ва илмий кенгаш аъзоларига фахрий профессор унвони учун миннатдорчилик билдираман, – деди Муҳаммад Седат Колжуоғлу.
Кейинчалик Сулаймонов томонидан Колжуоғлуга махсус либос кийдирилиб, фахрий профессорлик дипломи тақдим этилди.