November 11, 2021

Цитрус ўсимликларни қишга тайёрлаш агротадбирлари

Иссиқхоналарда цитрус ўсимликларини қишга тайёрлаш учун ташқаридаги ҳаво ҳарорати +10 даражадан пастлаганда кераксиз кучли ўсувчи ва ёпишга ҳалақит берадиган шохларини кесиш лозим. Зараркунандаларга қарши эса 10 литр сувга 10 гр Энтоспилан ва 10 гр Энтовант про ёки 15 гр Энтолуччо ва 10 гр Энтоспиланга 20 гр ВЛ 77 қўшиб баргидан ишлов бериш лозим. Касалликларга қарши эса 10 литр сувга 20 гр Энтохлорок 85 ва 5 гр Сильвер сирт фаол моддасини қўшиб, баргидан сепиш орқали профилактик ишлов ўтказилади. Барг ва меваларни ёмғирлатиб ювиш, дарахтлар остидаги хас-хашак ва тўкилган баргларни тозалаш, ёпқичларни ёпиш ишлари бажарилади. Шунингдек, иссиқхона дарчаларини кундузи очиб, кечалари беркитиб қўйиш лозим.

Ушбу даврда ичкаридаги ҳарорат ва ҳаводаги намлик кундузлари ташқи ҳарорат ва ҳаво намлигидан ошиб кетмаслигини, кечалари +10-+12 даража атрофида бўлишини дарчаларини очиб беркитиш орқали назорат қилиб бориш керак бўлади. Акс ҳолда иссиқхона ичидаги ҳарорат ва ҳаво намлиги (намлик меъёри 65-70%) фарқи жуда катта бўлиши, масалан кундузи +40 кечаси +5-+8, ёки намлик 90-100% бўлиб кетиши ўсимликни стресс ҳолатига туширади. Оқибатда улардаги иммунитет пасайиб кетиб, баҳорда уйғониши керак бўлган гул куртакларининг уйғониб кетиши ёки қишда нобуд бўлиши каби салбий оқибатларга олиб келади.