Ўзбекистондан Россияга мева экспорти камайди. Бунга сабаб нима?
2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг Россия мева бозоридаги позициялари қисқара бошлади. 2021 йилнинг дастлабки олти ойи натижаларига кўра, мамлакат Россия Федерациясининг энг йирик мева етказиб берувчилари рейтингида 14-ўринга тушиб, етказиб бериш ҳажм бўйича 10 фоизга, қиймат бўйича 3 фоизга қисқартирди.
Бунга сабаб сифатида 2021 йилда Ўзбекистонга таъсир кўрсатган иқлим ўзгаришлари кўрсатилмоқда. 2021 йил февраль ойида ҳавонинг кескин исиши мевали дарахтлар жуда эрта уйғонишига сабаб бўлди, сўнгра совуқнинг икки тўлқини кузатилди. Баҳорги аёз етказган зарар натижасида Ўзбекистонда ўрик ҳосили энг кўп зарар кўрди ва унинг Россияга экспорти қарийб етти баробар камайди.
Шафтоли ва нектарин экспорти 41 фоиз (июнь охири ҳолатига кўра)га, майиз экспорти 16 фоизга, лимон экспорти 28 фоизга ҳамда олхўри экспорти деярли икки баравар камайди. Шунингдек, сархил олма 44%, хўраки узум 68%, ёнғоқ 66% ва қовун 9 баробар камайгани қайд этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон тарвуз ва гилос экспортини кескин оширишга муваффақ бўлди. Россияга гилос экспорти 2,6 баробар, тарвуз экспорти эса 4,2 баробар ошди! Тўғри, бу билан Ўзбекистон Россияга етказиб бериш учун гилоснинг ҳам, тарвузнинг ҳам нархини кескин пасайтиришига тўғри келди, шу боис, экспортдан тушган умумий даромад унинг ҳажми каби кўп бўлмади. Хусусан, тарвузнинг экспорт нархи 2020 йилга нисбатан бирданига 62 фоизга тушди.