Бу йил Ўзбекистондан шафтоли экспорти кескин камайиши кузатилмоқда
Шафтоли Ўзбекистон мева сегментида экспорт даромадларининг иккинчи муҳим манбаи бўлиб, сархил хўраки узумдан кейин иккинчи ўринда туради. Сўнгги 5 йил ичида июнь ойида Ўзбекистондан шафтоли экспорти ҳажми бир минг тоннадан бир неча минг тоннагача, 2020 йилда эса 12 минг тоннани ташкил қилди! Aммо бу йилги мавсумда июнь ойида шафтоли жуда кам партияларда ташқи бозорга жўнатилган.
Июль ойида Ўзбекистондан шафтоли экспорти фаол босқичга ўтади. Бироқ, бир неча кундан сўнг ойнинг биринчи ўн кунлиги тугашига қарамай, шафтоли экспорти бўйича фаоллик йилнинг шу даври учун жуда пастлигича қолмоқда.
Aсосий сабаб, ушбу мавсумда Ўзбекистонда шафтоли нархи юқори эканлигидир. 2021 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республика пойтахтининг улгуржи бозорларида сифатли шафтолининг улгуржи нархи кг учун 18 000 сўм ($1,7)ни ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу санасига нисбатан тахминан 3 баравар, 2019 йилга нисбатан эса 4 баравар юқоридир.
Ўз навбатида, Ўзбекистондаги шафтоли учун юқори нархлар 2021 йилги мавсумда ҳосил паст бўлганидан далолат бермоқда. Бунинг сабаблари жорий йил қиши ва эрта баҳорда Ўзбекистонда кузатилган об-ҳаво аномалияларидир.